Рамазон ва қурбон ҳайити кунлари рўза тутмаслик

0

Иккинчидан: рўза тутишдан қайтарилган кунлар

  1. Икки ҳайит: рамазон ва қурбон ҳайити кунлари рўза тутиш

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам икки кун: қурбон ва рамазон ҳайити кунлари рўза тутишдан қайтардилар»[1].

Ойша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам икки рўза: қурбон ва рамазон ҳайити кунлари рўза тутишдан қайтардилар»[2].

Нававий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Уламолар ҳар қандай ҳолатда: назр, нафл, каффорат ёки бошқа тур рўза бўлишидан қатъи назар, бу икки кунда рўза тутиш ҳаром эканига ижмо қилганлар. Агар қасддан айнан шу икки кунда рўза тутишни назр қилса, у ҳолда жумҳур ва жумладан, Шофеийнинг фикрича, қилган назри назр деб инобатга олинмайди ва унга бу икки кунлик рўза қазосини тутиш ҳам фарз бўлмайди. Абу Ҳанифанинг айтишича, бу ҳолатда қилган назри инобатга олинади ва унга мазкур икки кунлик рўза қазосини тутиб бериш фарз бўлади»[3].

Яъни, имом Абу Ҳанифанинг фикрича, кишининг ҳайит куни рўза тутиш тўғрисидаги назри инобатга олинади ва шунинг учун қазосини бошқа куни тутиб беради. Аммо бу кунда тутган рўзаси дуруст бўлмайди[4]. Шунингдек, инсон йилда бир кун рўза тутишни назр қилса-ю, иттифоқо бу кун ҳайит кунига тўғри келиб қолса ҳам тутган рўзаси дуруст бўлмаслигига уламолар ижмо қилишган.

[1] Бухорий (1993), Муслим (1138) ривояти.
[2] Муслим ривояти, 1140.
[3] «Шарҳун Нававий ала Саҳиҳи Муслим», 3/153).
[4] Афтидан муаллиф ҳанафий мазҳабининг ушбу масаладаги фикрини нақл қилишда хатоликка йўл қўйган. Негаки, ҳанафий мазҳабига кўра, ҳайит куни рўза тутишни назр қилган кишининг бу кунда тутган рўзаси дуруст бўлиб, шу билан назр мажбурияти бўйнидан соқит бўлади. Бироқ ҳайит куни рўза тутгани учун гуноҳкор бўлади.

Изоҳ қолдиринг