Умар розияллоҳу анҳу: Халифа Форуқнинг илк хутбаси

0

Ровийлар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик мансабига ўтирганидан кейинги биринчи хутбасида нималарни гапиргани ҳақида ихтилоф қилганлар. Баъзилари айтишларича, у минбарга кўтарилиб: “Эй Аллоҳ, мен қаттиққўлман, Ўзинг мени мулойим қилгин, заифман, Ўзинг менга куч-қувват бергин, бахилман, Ўзинг мени саховатли қилгин”, деди[1].

Бир ривоятда айтилишича, у ўзининг илк хутбасида шундай деди: “Икки соҳибимдан сўнг Аллоҳ сизларни мен билан, мени эса сизлар билан имтиҳонга солди. Аллоҳга қасамки, сизларнинг қай бир муаммоли ишингиз менга етиб келса, унинг ечимига албатта ўзим бош-қош бўламан. Агар имконим бўлмаса, уни албатта шу ишга қодир бўлган ва шунинг эгаси бўлган кишиларга топшираман. Чиройли ҳал қилсалар, уларни мукофотлайман, ўз вазифаларининг уддасидан чиқмасалар, албатта жазолайман”. Унинг шу хутбасида ҳозир бўлган киши айтади: “Аллоҳга қасамки, у то дунёдан ўтиб кетганича ҳам шу айтганида турди”.[2]

Ривоят қилишларича, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифа бўлганидан кейин илк бор минбарга кўтарилиб, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ўрнига ўтирмоқчи бўлди, сўнг: “Мен Аллоҳга ўзимни Абу Бакрнинг ўрнига лойиқ деб кўрсатишни истамайман”, деди ва бир поғона пастга тушиб ўтирди. Сўнг Аллоҳга ҳамду сано айтгач, шундай деди: “Қуръон ўқинглар, илм-маърифатли бўласизлар, Қуръонга амал қилинглар, унинг аҳлидан бўласизлар! Амалларингиз тарозига қўйилмасдан туриб ўз нафсингизни тарозига қўйинглар! Аллоҳга рўбарў бўладиган ва ҳеч бир ишингиз махфий қолмайдиган кунингиз учун – қиёмат куни учун зийнатланинглар! Ҳақ эгасининг ҳаққи ҳар қанча улуғ бўлмасин, гуноҳ ишларда унга итоат қилинишга етказмайди. Огоҳ бўлинглар, Аллоҳнинг молига нисбатан мен ўзимни етимнинг валийси ўрнига қўйдим. Яъни, эҳтиёжманд бўлмасам, ўзимни пок тутаман, муҳтож бўлсам маъруф-яхшилик билан ейман”[3].

Ушбу ривоятлар ўртасини шундай жамлаш мумкинки, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўшанда кўпчилик жамоат ҳузурида хутба қилганди. Шунда баъзи кишилар унинг сўзларидан баъзисини ёдлаб олган ва бошқалари бошқа сўзларини ёдида сақлаб қолиб, кейин шуни айтиб берган бўлиши мумкин.

Умар Форуқ ўзининг биринчи хутбасида сиёсий ва идорий бошқарув ҳақидаги сўзлар билан диний мавзудаги сўзларни аралаштиргани ғаройиб эмас, аввалги имомларимизнинг йўллари шу эди, аслида. Улар Аллоҳдан тақво қилиш ва унга буюриш билан одамларни Унинг манҳажи ва шариати асосида бошқариш ўртасида фарқ бор деб кўрмасдилар.

Шу билан бирга Умардек зотга ўз буюк салафи Абу Бакрнинг ҳаққини риоя қилгани ва унинг ўтирадиган ўрнига ўтирмагани, шу билан одамлар кўзида ўзини унга тенг эмаслигини кўрсатиши ҳам ғаройиб иш саналмайди. Зотан Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўз ўрнини билди ва минбарнинг Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўтирадиган поғонасидан бир поғона пастга тушиб ўтирди.

Бир ривоятда айтилишича, Умар розияллоҳу анҳу халифаликка тайин бўлганидан икки кун ўтгач, одамлар унинг қаттиққўллигидан қўрқишлари ҳақидаги гапларга жавоб бериш ва бу мавзуга ойдинлик киритиш мақсадида минбарга кўтарилиб, уларга хутба қилди. Хутбасида ўзининг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг халифаси билан бўлган ҳолатларини зикр қилди ва уларнинг ундан рози ҳолатда вафот этганларини айтиб ўтгач, шундай деди: “Эй одамлар, кейин мен сизларга бош қилиндим. Билингларки, у қаттиққўлликлар энди юмшади. Лекин мен бировни бировга зулм қилдириб қўймайман. Менинг қаттиққўллигим зулму тажовуз эгаларига нисбатан асло юмшамайди, мен унинг юзини ерга қилиб, иккинчи юзига оёғимни қўяман ва уни ҳаққа бўйсунишга мажбур қиламан. Шу билан бирга мен шунча қаттиққўллигимга қарамай, покдомон ва солиҳ кишилар учун бошимни ерга қўйишга тайёрман. Эй одамлар, менинг устимда бир неча ҳақларингиз бор: сизларнинг хирожларингиздан бирон нарсани танлаб, сархилини олмаслигим ва Аллоҳ сизларга берган ўлжаларни ноҳақ тортиб олиб қўймаслигим, менинг қўлимга келган мол-мулклар фақат ҳақли ўринларга ишлаши, иншааллоҳ сизларга нафақа ва маошларингизни кўпайтиришим ва кам-кўстларингизни тўлдириб беришим, сизларни ҳалокатли ўринларга ташламаслигим ва узоқ муддат жиҳод майдонларида аҳли оилангиздан узоқда қолдирмаслигим, мана шулар сизларнинг менинг зиммамдаги ҳақларингиздир, уларни мендан талаб қилиб олинглар! Жиҳодга кетганларингизда то қайтиб келгунларингизгача мен оилангизга ота ўрнида оталик қиламан. Эй Аллоҳнинг бандалари, Аллоҳдан қўрқинглар ва ўз нафсингизга қарши менга ёрдамчи бўлинглар, менинг нафсимга қарши менга насиҳат қилиш ва амри маъруф ва наҳий мункар қилиш билан ёрдам беринглар! Ушбу сўзларни айтарканман, ўзим ва сизлар учун Аллоҳга истиғфор айтаман”[4].

Бир ривоятда у шундай деди: “Арабларнинг мисоли ўз етакловчисига эргашган ювош туя мисолидир. Бас, етакчи уларни қаёққа етаклаётганига қарасинлар! Мен, Каъбанинг Раббига қасамки, уларни албатта йўлга соламан!”[5].

[1] Ибн Жавзий, “Маноқиб амирулмўъминин” (170-бет).
[2] “Табақот” (3/275).
[3] “Канзул уммол” (44214).
[4] “Идора аскария фий аҳдил форуқ” (106-бет).
[5] Исмоил Бадвий, “Ас-сиёсатуш шаръийя” (160-бет), Табарийдан нақл.

Изоҳ қолдиринг