Эр-хотин биргаликда беҳаё филм кўриши мумкинми?

0

Савол:

Эр-хотин биргаликда беҳаё филмларни кўриши мумкинми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Дарҳақиқат, бу савол беҳаё филмларни кўриш жуда авж олгани, ҳатто эр-хотин бирга томоша қилиш даражасига етиб борганига далолат қилади. Бировнинг зино қилишини томоша қилиш шу ишга рози бўлиш, ич-ичидан шу ишни исташ демакдир. Инсоннинг қалбида зинога нисбатан муҳаббат пайдо бўлиб, бу иш одамлар ўртасида кенг тарқалишини истайдиган даражада тубанлашиб кетган бўлса, “Мўминлар ўртасида фаҳш ишлар тарқалишини хоҳлайдиганларни дунёда ҳам, охиратда ҳам уларга аламли азоб бўлишини айтиб “хурсанд” қилиб қўйинг” оятини эсласин (Нур: 19).

Фаҳш филмларни кўриш ҳаром бўлса, бу қабиҳ ишни эр-хотин биргалашиб қилиши унданда катта гуноҳдир. Қандай қилиб эркак киши хотини бошқа эркакнинг авратларига қараб роҳатланишига чидай олади?! Инсон шу даражада даюс бўлиши ҳам мумкинми?! Наҳот инсон шу даражада тубанлашиб кетса?! Аллоҳул мустаон!

Ба қабиҳ иш ҳаром бўлиши билан бирга бир неча ачинарли оқибатларга сабаб бўлади, жумладан:

  • Инсон қалбида зинога нисбатан муҳаббат пайдо қилади;

  • Жинсий алоқа асносида одоб-ахлоққа зид турли ишларни қилишга одатлантиради. Шунинг учун бугунги кунда “аёлнинг орқасига яқинлик қилиш жоизми”, “эр-хотин бир-бирининг жинсий аъзосини ўпиши жоизми” ва шунга ўхшаш саволлар авж олмоқда;

  • Инсон Аллоҳ ҳалол қилиб берган хотинига қониқмай қолади;

  • Аёлда бегона эркакларга нисбатан рағбат пайдо қилади;

  • Асабийлик, барвақт бўшаниш каби турли касалликларга сабаб бўлади;

  • Шаҳватни ўлдиради;

  • Энг асосийси ва ачинарлиси эркак кишини даюс бўлишига сабаб бўлади. Даюслик эса жаннатдан маҳрум бўлиш демакдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жаннатга даюс киши кирмайди” – деганлар (Табароний “Авсат”да (2443) ва “Кабир”да (13180) ривоят қилган ҳадиснинг бир қисми), валлоҳу аълам.

Шу ва шунга ўхшаш ҳаром ишлар кенг тус олгани учун бугунги кунимизда келинлар бегоналар билан зино қилгани етмаганидек, ўз қайнотаси билан ҳам юриб қўйгани, хотинини бошқа эркак билан зино қилишини кузатиб роҳатланадиган инсон кўринишидаги ҳайвонлар пайдо бўлгани ҳақидаги хабарлар тез-тез қулоққа чалинадиган бўлиб қолди. Аллоҳ таоло мусулмонларнинг ҳолини Ўзи ўнгласин!

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг