Оғизда қолган овқат қолдиғи ҳақида

0

Савол:

Ёшлигимизда тиш орасига кириб қолган овқат қолдиғини қўл билан олгандан кейин ташлаш керак, еб юборган киши жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди, деб уқтиришган. Шу гап тўғрими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Тиш орасига кириб қолган овқат қолдиғи қўл ёхуд бирон восита ёрдамида чиқарилган тақдирда чиқариб ташлангани афзаллиги, тил билан чиқарилган тақдирда эса ютиб юбориш кераклиги тўғрисида қуйидаги ҳадис ривоят қилинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким овқат еса-ю, оғиздаги қолдиқларни (бирон восита орқали) чиқарса, уни туфлаб ташласин. Тил билан чиқарганини эса ютиб юборсин. Ким шу ҳукмга амал қилса яхши иш қилган бўлади, қилмаса ҳам зарари йўқ” – деганлар (Абу Довуд (35) ривояти).

Мазкур ҳадисни уламолар заиф дейишган бўлса-да, қўл ёки бирон восита билан чиқарилган оғиздаги овқат қолдиғи жирканч бўлганини эътиборга олган ҳолда ота-боболаримиз одоб-ахлоқ юзасидан бу нарсани қайтариб ютмасликка тарғиб қилишган. Бироқ юқоридаги ҳадис заиф бўлиши билан бирга унда ютиб юборган кишига гуноҳ бўлмаслиги таъкидланган.

Хулоса шуки, бирон нарса ёрдамида оғиздан чиқарилган овқат қолдиғини ютиб юбориш одоб-ахлоққа зид. Лекин бу ишни қилган кишига гуноҳ бўлмайди. Ютиб юборган кишини жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламаслиги билан таҳдид қилишга ҳеч қандай асос йўқ, валлоҳу аълам.

Илова: шу ўринда бир нарсани унутмайлик, фарзандларимизга одоб-ахлоқ ўргатар эканмиз, уларни шариатда айтилмаган таҳдидлар билан қўрқитиш асло дуруст эмас. Чунки бу услубда тарбиялаш болани ёлғонга ўргатиш билан бир қаторда динда асли бўлмаган ёлғон ва асоссиз гапларни тарқатишга ҳисса қўшиш демакдир. Аллоҳ таоло барчамизга фарзандларимизни рисоладагидек тарбиялашни насиб этсин!

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг