Сабр ва унинг ақидадаги мавқеи

0

Сабр ва унинг ақидадаги мавқеи

Собиқ мақоламизда инсон бошига мусибат тушганида “эҳ, бундоқ қилганимда ёки қилмаганимда шу иш бўлмас эди”, демаслиги, балки мусибатга сабр қилиб, Аллоҳдан ажр-савоб умид қилиши лозимлиги тўғрисида сўз юритган эдик. Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳ таоло Китобининг тўқсон жойида сабрни зикр қилди».

Саҳиҳ ҳадисда шундай дейилади: «Сабр зиёдир» [Аҳмад ва Муслим ривояти].

Умар розияллоҳу анҳу айтади: «Ҳаётимизнинг энг яхшисини сабрда деб билдик» [Бухорий муаллақ ҳолда, Аҳмад «Аз-зуҳд»да саҳиҳ санад билан ривоят қилган].

Али розияллоҳу анҳу айтади: «Сабрнинг иймондаги мавқеи худди бошнинг танадаги мавқеига ўхшайди. Билиб қўйингки, бошсиз тана бўлмаганидек, сабрсиз иймон ҳам бўлмайди!»

Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ҳеч бир кимсага сабрдан кўра яхшироқ ва каттароқ инъом берилмаган».

Сабр сўзи луғавий жиҳатдан “тийиш” ва “ман қилиш” маъноларини англатади.

Шариатда эса сабр деганда нафсни жазавадан, тилни шикоят ва ҳасратдан, аъзоларни эса юзга тарсаки уриб, ёқа йиртиш каби ишлардан тийиш назарда тутилади.

Сабр уч турдан иборат:

  1. Аллоҳнинг буйруқларини бажаришга сабр қилиш;

  2. Аллоҳ қайтарган ишлардан тийилишга сабр қилиш;

  3. Аллоҳ тақдир қилган мусибатларга сабр қилиш.

Аллоҳ таоло айтади: «(Бирон кимсага) бирон мусибат етса, фақат Аллоҳнинг изни билангина (етур). Ким Аллоҳга иймон келтирса, У зот унинг қалбини (тўғри йўлга) ҳидоят қилур» [Тағобун: 11]. Оятдаги Аллоҳнинг изни»дан мақсад Аллоҳнинг тақдири ва хоҳишидир. «Ким Аллоҳга иймон келтирса, У зот унинг қалбини (тўғри йўлга) ҳидоят қилур» оятининг тафсирида Алқама шундай дейди: «Улар шундай инсонларки, уларга бирон мусибат етса, унинг Аллоҳ томонидан эканини билишади ва тақдирга рози бўлиб, таслим бўлишади».

Баъзилар мазкур оят тафсирида шундай дейишган: «Ким бирон мусибат етганида унинг Аллоҳнинг тақдири билан содир бўлганини билиб, сабр қилса, Аллоҳдан ажр-савоб умид қилса, тақдирга тан берса, Аллоҳ унинг қалбини ҳидоят қилади, жудо бўлган дунёсининг ўрнига қалбида ҳидоят ва комил ишонч пайдо қилади. Баъзан Аллоҳ таоло бундай бандага ундан олинган нарсанинг бадалини беради».

Саид ибн Жубайр айтади: ««Ким Аллоҳга иймон келтирса, У зот унинг қалбини (тўғри йўлга) ҳидоят қилур», яъни бундай банда Аллоҳни эслаб, «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожеун» (Албатта биз Аллоҳникимиз ва албатта Унинг ўзига қайтувчидирмиз), дейди».

Мазкур ояти каримада амаллар иймондан экани, сабр қалбларнинг ҳидоят топишига сабабчи эканига далил бор. Зеро, мўмин киши ҳар қандай вазиятда сабрга муҳтож. У нафсини Аллоҳнинг буйруқлари ва қайтариқлари олдида тиз чўктириш, Аллоҳнинг динига даъват қилиш соҳасида етадиган машаққат ва азиятлар қаршисида собит туриш учун сабрга муҳтождир. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад), Парвардигорингизнинг йўли — динига донолик,  ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! Улар (яъни сиз билан талашиб-тортишадиган кимсалар) билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!  Албатта, Парвардигорингизнинг Ўзи Унинг йўлидан озган кимсаларни жуда яхши билур ва У зот ҳидоят топгувчи кишиларни ҳам жуда яхши билур» [Наҳл: 125]. Навбатдаги оятларда Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад, бу даъват йўлида сизга етган азиятларга) сабр қилинг. Ёлғиз Аллоҳ ёрдами билангина сабр қилишга қодир бўлурсиз» [Наҳл: 127]. Мўмин киши амри маъруф ва наҳий мункар қилиш мақомида одамлар томонидан унга етган азиятларга сабр қилишга муҳтож бўлади. Аллоҳ таоло Луқмон алайҳиссалом тилидан шундай дейди: «Эй ўғлим, намозни тўла-тўкис адо эт, яхшиликка буюр, ёмонликдан қайтар, етган мусибатларга сабр қил. Албатта, мазкур ишлар Аллоҳ бандаларига қатъий фарз қиган ишлардандир» [Луқмон: 17]. Мўмин киши бошига тушган мусибатлар қаршисида сабр қилиши лозим. У бу мусибатларнинг Аллоҳ томонидан эканини билиб, унга рози бўлиши, тақдирга тан бериши, баъзан тилида ёки хатти-ҳаракатларида зоҳир бўладиган сабрсизлик, тақдирдан нолиш ва норозиликлардан ўзини тийиши лозим. Бу ақиданинг асл моҳиятидир. Негаки, тақдирга иймон келтириш иймоннинг олти рукнидан бири бўлиб, унинг самараси  мусибатларга сабр қилишда кўринади. Бинобарин, инсоннинг мусибатларга сабр қилмаслиги ундаги бу рукнга бўлган иймоннинг йўқлиги ёки заифлигидан нишонадир. Шунинг учун у мусибатларни изтироб, жазавага тушиш ва дод-фарёд билан қарши олади. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни ислом эътиқодига путур етказувчи куфр эканини маълум қилганлар. «Саҳиҳи Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Одамларда икки хислат борки, улар иккиси куфр хислатидир: (бировни) насабини ерга уриш (ёки тан олмаслик) ва маййитга овоз чиқариб йиғлаш». Бу икки хислат куфр хислатларидан саналади. Чунки бу икки хислат жоҳилият амалларидандир. Бироқ куфр хислатларидан бири бўлган ҳар қандай инсон ҳам мутлақ кофир бўлиб қолмайди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Банда билан куфр ёки ширк ўртасида намозни тарк қилиш бор, холос», деган сўзларидаги аниқлик артикли воситасида зикр қилинган «куфр» билан юқоридаги ҳадисдаги ноаниқ артикл билан зикр қилинган куфр ўртасида фарқ бор. “Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Юзига урган, ёқасини йиртган ва жоҳилиятга оид ғояларга даъват қилган кимса биздан эмас». Ҳадисдаги «жоҳилиятга оид ғояларга даъват қилган кимса» деган иборанинг шарҳида Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ айтади: «Жоҳилиятга оид ғояларга даъват қилиш деганда қабилачилик ва миллатчиликка даъват қилиш, шунингдек, муайян мазҳаб, тоифа ёки шайхларга ён босиш, улардан бирини бошқалардан устун қўйиш, одамларни унга даъват қилиш ва шунинг устида дўсту душманлик қилиш назарда тутилган. Мазкур ишларнинг барчаси жоҳилиятга оид ғоялардир».

Аллоҳ таоло улуғ ҳикматларни кўзлаб бандаларининг бошига мусибат солади. Жумладан, Аллоҳ таоло бу мусибатлар туфайли одамларнинг хатоларини каффорат қилади. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Агар Аллоҳ таоло бандасига яхшиликни раво кўрса, унга дунёнинг ўзидаёқ азоб-уқубат беради. Агар бандасига ёмонликни раво кўрса, гуноҳлари сабабли (жазоланиши лозим бўлган азоб-уқубатни) қиёматга қолдиради» [Термизий ривояти. Ҳоким ҳасан деган].

Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: «Мусибатлар неъматдир. Чунки мусибатлар гуноҳларни каффорат қилади, инсонни сабрга чақиради ва мусибатларга сабр қилиш туфайли инсон ажр-савобга эришади. Шунингдек, мусибатлар Аллоҳга қайтиш, Унга хокисор бўлиш ва бандалардан юз ўгиришни тақозо қилади. Мусибатларни тақдир қилишда ундан бошқа ҳам улкан манфаатлар бор. Мусибатларни ўзи билан Аллоҳ таоло гуноҳ ва хатоларни каффорат қилади. Шунинг ўзи энг катта неъматлардан биридир. Бинобарин, мусибатлар умум халойиқнинг ҳаққида раҳмат ва неъматдир. Бироқ мусибат сабабли инсон олдингидан ҳам каттароқ гуноҳга кириб кетиши бундан мустасно. Бу ҳолатда мусибат банданинг динига етган зарар жиҳатидан ёмонлик саналади. Зеро, баъзи инсонлар фақирлик, касаллик ёхуд турли оғриқлар билан синалсалар, нифоқ, тақдирдан нолиш, қалб қорайиши, очиқдан-очиқ куфр сўз ёки хатти-ҳаракатлар содир бўлиши, баъзи фарзларни тарк қилиш, баъзи ҳаром ишларга қўл уриш каби уларнинг динига путур етказадиган ҳолатлар пайдо бўлади. Мусибатнинг ўзига эмас, балки унинг ортидан келиб чиққан натижаларга қаралса, бундай бандага мусибатдан кўра офият ва хотиржамлик яхши бўлиб қолади. Агар мусибат келганида банда сабр қилса ва мусибат сабабли янада кўпроқ Аллоҳга боғланса, тоат-ибодат қилса, у ҳолда мусибат унга диний неъматга айланади. Аслида мусибат Аллоҳ таолонинг иши  бўлгани жиҳатидан бандалар учун неъмат бўлиб, бунинг учун Аллоҳ мақтовга сазовордир. Агар бандага мусибат билан қўшиб сабр ҳам берилса, сабр унинг динига берилган неъмат бўлади. Бундай банда хатолари каффорат қилинишига қўшимча Аллоҳ тарафидан раҳмат ва мақтовга эришади. Аллоҳ таоло айтади: «Ана ўшаларга Раббилари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир» [Бақара: 157]. Шунингдек, бундай бандага гуноҳларининг мағфират қилиниши ва даражаларининг юксалиши ҳам ҳосил бўлади. Демак, кимда ким вожиб бўлган сабрни бажарса, мазкур ишларнинг барчасини қўлга киртган бўлади».

Бандалар бошига мусибатлар солишдаги илоҳий ҳикматлардан яна бири мусибат келганда ким сабр қилиб, рози бўлади-ю, ким нолиб, жазавага тушишини синашдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Мукофотнинг катталиги мусибатнинг катталигига яраша бўлади. Аллоҳ таоло бирор қавмни яхши кўрса, уларни мусибатлар билан синайди. Ким мусибатга рози бўлса, унга (Аллоҳдан) розилик бўлади, ким (мусибатни) ёмон кўриб, тақдирдан норози бўлса, Аллоҳ ҳам уни ёмон кўради ва ундан норози бўлади» [Термизий ривоят қилиб, ҳасан деган].

Мусибатга рози бўлишдан мақсад банда Аллоҳ тақдир қилган ишга тан бериши, Аллоҳга яхши гумонда бўлиши ва савобидан умидвор бўлишидир. Мусибатдан норози бўлиш эса унинг акси ўлароқ, мусибатдан нолиш ва тақдирга рози бўлмасликдир. Бинобарин, Аллоҳ тузган ишларга норози бўлганга Аллоҳдан ҳам норозилик бўлгай.

Ҳадисдан «қилмиш қидирмиш» эканини тушуниш мумкин. Шунингдек, ҳадисдан Аллоҳнинг «розилик» сифати борлиги маълум бўлади. Бироқ бу сифат худди Аллоҳнинг бошқа сифатлари каби Унинг ўзига лойиқ бир сифатдир.

Қолаверса, ҳадисда бандалар бошига мусибатлар солиш ҳикмати, барча ишларнинг олдиндан тақдир қилиб қўйилгани, мусибатлар Аллоҳнинг тақдирига мувофиқ равишда келиши, бандалар мусибатларга сабр қилиши вожиблиги, шунингдек, бирор мусибат тушган чоғда ёхуд бирор балони даф қилиш учун Аллоҳга юзланиш ва ёлғиз Унинг ўзига суяниш лозимлиги баён қилинган.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло инсонларни бу дунё ҳаётида учрайдиган қийинчилик ва машаққатларга қарши сабр ва намоздан ёрдам олишга буюрди. Чунки бунинг ортидан албатта яхшилик ва мақтовли оқибат келади. Шунингдек, Аллоҳ таоло сабр қилувчилар билан бирга экани, уларни қўллаб-қувватлаши ва уларга ёрдам беришини маълум қилди. Аллоҳ таоло айтади: «Эй иймон келтирганлар, сабр ва намоздан ёрдам олинглар. Зеро, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир» [Бақара: 153]. Албатта, бу сабрнинг нечоғлик муҳим экани, мўмин киши сабрга муҳтож экани ва унинг ақида асосларидан бир эканини англатади.

Аллоҳ таолодан бизларга сабр ва ўзидан ажр-савоб умид қилишни насиб қилишини, тавфиқ ва ҳидоят ато этишини сўраймиз!

Изоҳ қолдиринг