Чап қўлда еб-ичиш ҳукми нима?

0

Савол:

Чап қўлда таом ейиш макруҳми? Шу қанчалик тўғри? Бу ҳақда динимизда нима дейилган?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Чап қўл билан еб-ичмаслик тўғрисида бир неча саҳиҳ ҳадислар келган. Жумладан, имом Муслим Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Агар биронтангиз еса, ўнг қўли билан есин, ичса, ўнг қўли билан ичсин. Зеро, шайтон чап қўли билан еб, чап қўли билан ичади» [Муслим: 3764].

Шунингдек, Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, «бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида чап қўли билан таом ейди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Ўнг қўлинг билан е», дейдилар. «(Ўнг қўлим билан) еёлмайман», дейди у. «Еёлмасдан кет! Кибри ўнг қўл билан ейишга йўл қўймади», дейдилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуолари ижобат бўлиб), шундан сўнг ўнг қўлини оғзига олиб боролмайдиган бўлиб қолади» [Муслим: 3776].

Яна имом Аҳмад Ойша розияллоҳу анҳодан ҳасан санад билан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Ким чап қўли билан еса, шайтон унга қўшилиб таом ейди» [Аҳмад: 1721].

Юқоридаги ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чап қўл билан таом ейишдан қайтардилар. Чап қўли билан еб-ичган инсон шайтоннинг ишини қилган, ҳаттоки шайтон бундай инсон билан қўшилиб таом еган бўлар экан.

Уламолар мазкур ҳадислардан чап қўл билан еб-ичиш ҳаромлиги ёки макруҳлигини тушуниш борасида ихтилоф қилганлар. Аксар уламолар, шу жумладан, тўрт мазҳаб имомларининг фикрича, чап қўл билан еб-ичиш макруҳдир. Чунки бу қайтариқлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одоб-ахлоққа оид кўрсатмалари саналиб, одатда бундай кўрсатмалардан макруҳлик тушунилади. Чунки шариат иззат-икром саналган ишларда ўнг қўлни, ундан бошқа ишларда эса чап қўлни ишлатишга буюради. Ҳафса розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам еб-ичиш, кийим кийиш каби ишларда ўнг қўлларини, ундан бошқа ишларда эса чап қўлларини ишлатар эдилар» [Абу Довуд: 30].

Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу шариатда доимий амал қилинадиган қоидадир. Кийим, шалвар ёки маҳси кийиш, масжидга кириш, мисвок қилиш, сурма қўйиш, соч тараш, соч олиш, намоздан чиқиш учун салом бериш, таҳорат қилиш, ҳожатхонадан чиқиш, еб-ичиш, кўришиш, Ҳажари авсадни силаш ва шу каби шарофатли ишларни ўнгдан бошлаш, унда ўнг қўлни ишлатиш мустаҳаб бўлса, ҳожатхонага кириш, масжиддан чиқиш, бурун қоқиш, кийим, шалвар ёки маҳсини ечиш, истинжо қилиш каби ишларни чапдан бошлаш ёхуд унда чап қўлни ишлатиш мустаҳабдир. Бунга сабаб ўнг қўлнинг шарофатли ва хосиятли эканидир».

Бошқа бир гуруҳ уламоларнинг фикрича, чап қўл билан еб-ичиш ҳаром бўлиб, узрсиз бундай қилган инсон гуноҳкор бўлади. Ибн Абдулбар, Ибн Ҳазм, Ибн Ҳажар ана шундай уламолар жумласидан. Уларнинг фикрича, аслида шариатдаги қайтариқлар қайтарилган ишнинг ҳаромлигини ифода этади. Албатта, қайтарилган ишнинг ҳаромлигидан тўсадиган бирор далил бўлиши бундан мустасно. Қолаверса, чап қўл билан ейишнинг шайтон амалига ўхшатилиши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чап қўли билан еган кишига қўли шол бўлсин деб дуойибад қилишлари ҳам мазкур ишнинг ҳаромлигини қўллаб-қувватлайди.

 Бироқ бу масалада чап қўл билан еб-ичиш макруҳ деган жумҳур уламолар фикри рожиҳдир. Чунки чап қўл билан еб-ичишни шайтон амалига ўхшатилишидан мақсад унинг ҳаромлигини билдириш эмас, балки бу ишни одамларга хунук ва жирканч қилиб кўрсатишдир. Қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чап қўли билан еган кишининг мутакаббирлиги, у зотнинг буйруқларига итоат қилмаганлиги учун дуойибад қилдилар.

Чап қўл билан еб-ичиш макруҳ дегани қасддан чап қўл билан еб-ичаверса бўлади дегани эмас. Мусулмон киши ҳар бир соҳада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиши, у зотнинг кўрсатмаларига амал қилиши лозим.

Бироқ инсон бирор сабабга кўра ўнг қўлни ишлатишдан ожиз бўлса ёхуд ўнг қўлдаги касаллик, жароҳат туфайли у билан еб-ичиш қийинчилик туғдирса, у ҳолда бундай шахс узрли саналиб, унга нисбатан чап қўл билан еб-ичиш макруҳ бўлмайди, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг