Али розияллоҳу анҳу: Аҳзоб ғазотидан Пайғамбар вафотларигача бўлган даврдаги фаолияти (8)

0

Али розияллоҳу анҳу Ҳажжатул вадоъда

Ҳажжатул вадоъда Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Ямандан келиб қўшилди. Ушбу ҳажларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юзта туя қурбонлик қилдилар. Бундан олтмиш учтасини ўз қўллари билан сўйдилар, кейин пичоқни Али розияллоҳу анҳуга бердилар, қолганини у сўйди. Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳажларида қилган баъзи ибодатлари ҳақида бизга шундай ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафотда туяларига Усома ибн Зайдни мингаштириб олган ҳолда вуқуф қилдилар (турдилар) ва: “Вуқуф ўрни шу, Арафотнинг ҳаммаси вуқуф ўрнидир”, дедилар. Сўнгра ўртача тезликда юриб, Арафотдан чиқдилар, атрофда одамлар ғала-ғовур қилиб боришаётган эди, уларга қараб: “Сокин бўлинглар эй одамлар, сокин бўлинглар!”, дедилар. Кейин Муздалифага етиб келгач, икки намозни жамлаб ўқидилар. Сўнг Муздалифада Қузаҳ тепалигида турдилар. Фазл ибн Аббосни туяларига мингаштириб олгандилар. “Вуқуф ўрни шу, Муздалифанинг барча жойи вуқуф ўрнидир”, дедилар. Сўнгра ўртача тезликда юриб, Муздалифадан чиқдилар, атрофда ғала-ғовур қилиб бораёган одамларга қараб: “Сокин бўлинглар эй одамлар, сокин бўлинглар!”, дедилар. Муҳассарга келганларида бир оз тезладилар… Сўнг Жамрага етиб келиб, тош отдилар. Кейин қурбонлик бўғизлаш жойига келдилар ва: “Қурбонлик қилиш жойи шу, Минонинг ҳаммаси қурбонлик қилиш жойидир”, дедилар. Хасъамлик бир ёш аёл келиб: “Менинг отам қариб мункайиб қолган мўйсафид, ҳаж қилишга қуввати етмайди. Мен унинг номидан ҳаж қилсам бўладими?”, деб сўради. “Ҳа”, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Фазл ибн Аббос у аёлга қараб турганини кўриб, унинг юзини бошқа тарафга буриб қўйдилар. Кейин бир киши у зот ёнларига келиб: “Мен тош отдим, ифоза (тавофи) қилдим, лекин соч олдирмай туриб одатий кийимимни кийиб олибман”, деган эди, унга: “Зарари йўқ, сочингни олдиравер”, дедилар. Кейин бошқа бир киши келиб: “Мен тош отдим, сочимни олдирдим, лекин қурбонлик қилмай туриб одатий кийимларимни кийиб олибман”, деган эди, “Зарари йўқ, қурбонлик қилавер”, дедилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ифоза тавофи қилдилар, сўнг бир челак замзам суви чорлатиб, ундан ичдилар ва таҳорат қилдилар. Сўнг Замзам қудуғидан сув тортаётган қавмга қараб: “Тортинглар, Бану Абдул Мутталиб! Одамлар сизларнинг сувчилигингизга ғолиб бўлиб кетишидан қўрқмаганимда мен ҳам сизлар билан бирга сув тортган бўлардим”, дедилар. Аббос: “Ё Расулуллоҳ, жиянингизнинг юзини буриб қўйганингизни кўрдим”, деган эди: “Ёш йигит ва ёш қизни кўрдим-да, икковларига шайтон ғолиб келишидан қўрқдим”, деб жавоб бердилар[1].

Али розияллоҳу анҳу ушбу ҳаж мобайнида одамларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амру фармонларини етказиб турди. Амр ибн Сулайм онасидан ривоят қилади: Биз Минода эканимизда Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу кунлар еб-ичиш кунларидир, ҳеч ким рўза тутмасин”, дедилар”, деб жар солаётганини эшитдик[2].

Али розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни ювиш ва дафн этишда бевосита иштирок этгани

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида у зотни ювишда Али розияллоҳу анҳу Фазл ибн Аббос ва Усома ибн Зайд билан бирга бевосита иштирок этдилар[3].

Али розияллоҳу анҳу айтади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ювар эканман, у зотнинг баданларига боқиб, майитда бўладиган бирон ҳолатни топмадим. У зот ҳаётлик пайтларида ҳам, вафотларидан кейин ҳам бир хилда пок ва хушбўй эдилар[4]. “Ота-онам сизга фидо бўлсин, тириклик пайтингизда қандай пок бўлсангиз, вафотингиздан кейин ҳам шундай поксиз”, дедим[5].

Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни дафн қилишда ҳам бевосита қатнашди, у Фазл ибн Аббос, Қусам ибн Аббос ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг озод қилган қуллари Шуқрон ёрдамида муборак жасадни қабрга қўйди[6].

 

[1] Муснад Аҳмад (2/9). “Ал-мавсуатул ҳадисия” (564), санади ҳасан.
[2] “Ал-мавсуатул ҳадисия” (564), санади ҳасан.
[3] Абу Довуд (3/213).
[4] Сунан Ибн Можа (1/362).
[5] Ибн Ҳишом, “Сийра набавия” (4/321).
[6] Аввалги манба.

Изоҳ қолдиринг