Усмонийлар давлати: Урхон ибн Усмон (давоми)

0

Урхонғозийнинг ички ва ташқи сиёсати

Урхонғозийнинг асосий жанглари Рим империясига қаратилган эди. Ҳижрий 736, милодий 1336 йилда Кареси амирлигининг бошлиғи вафот этди. Кареси Рим салжуқийлар давлатининг бир бўлаги эди. Амир вафотидан сўнг унинг ўғиллари тахт талашишди. Урхон бу фурсатдан унумли фойдаланди: ўртадаги тортишувга чек қўйиш мақсадида амирликни ўз давлатига қўшиб олди. Зеро, Кичик Осиёдаги салжуқийлар давлатидан қолган барча амирликларни бирлаштириш янги пайдо бўлиб келаётган усмонийлар давлатининг асосий мақсадларидан бири эди. Усмонийларнинг бу мақсад сари ҳаракатлари Фотиҳнинг давригача давом этди. Султон Фотиҳ даврига келиб, бутун Анатолия усмонийлар давлатига бўйсунди.

Урхонғозий давлатини мустаҳкамлаш мақсадида идоравий ишларни тартибга солди, қўшинини мустаҳкамлади, ислоҳотчилик ва ободончилик ишларига қаттиқ эътибор қаратиб, масжидлар ва илмий даргоҳлар барпо этди[1]. Ҳар бир шаҳар ва қишлоқнинг ўз илмий даргоҳи бор эди. Бу илмий даргоҳлар энг зўр олим ва муаллимлар томонидан юритилар, у ерда Қуръон ва ҳадис илмлари, фиқҳ, ақида каби диний илмлар ва уларни ўрганиш учун керакли бўлган наҳв, луғат, мантиқ, балоғат каби фанлар билан бир қаторда метафизика, геометрия, астрономия каби дунёвий илмлар ҳам ўқитиларди. Уламолар халқ ичида бениҳоят ҳурматга эга эдилар.

Урхонғозий Каресини эгаллаганидан сўнг йигирма йил мобайнида давлатини кенгайтириш мақсадида уруш ҳаракатлари олиб бормади. Балки маданий ва ҳарбий қонунларни йўлга қўйиб, ички хавфсизликни мустаҳкамлади, қўшиб олиши мумкин бўлган ерларни қўл остига киритиб, у ерларда ободонлаштириш ишларига эътибор қаратди. Шу сабабли бу жойлар усмонийлар давлатининг ажралмас бўлагига айланди.

Бу унинг қанчалар ақл-фаросатли, узоқни кўра биладиган лидер эканини, Аллоҳ таолонинг давлат қуриш ва тарқоқ халқни бирлаштиришга оид қонун-қоидаларини чуқур ўрганганини исботлайди.

Урхон ички хавфсизликни мустаҳкамлаб олган бир пайтда Византияда тахт талашиш бошланди. Император VI Иоаннис Кантакузинос (Иоанн VI Кантакузин) ундан ўз рақибига қарши ёрдам сўраб мурожаат қилди. Урхонғозий Европада усмонийларнинг нуфузи ортишини кўзлаб, унга ёрдам бериш учун қўшин юборди. Милодий 1358 йил Тракия (Фракия)да содир бўлган зилзила оқибатида Гелиболу (Галлиполи) деворлари қулаб, аҳолиси шаҳарни ташлаб кетишга мажбур бўлди. Бу эса усмонийлар у ерни осонгина эгаллашига имкон яратди. Шу тариқа Гелиболу усмонийларнинг Европадаги биринчи базасига айланди. Усмонийларнинг Болқон Ярим Оролини эгаллаш билан бошланган, Европага қаратилган илк юришлари мана шу базадан йўл олганди. Византиядаги беқарорлик Иоаннис V Палеологос (Иоанн V Палеолог) тахтга ўтириши билан ниҳоясига етди. Бироқ Палеологос Урхонғозий Константинополга озиқ-овқат етиб бориши учун йўл бериши эвазига унинг Европадаги фатҳларига кўз юмишга рози бўлди. Европаликларни исломга даъват қилиш ҳамда христианлар усмонийларни у ердан қувиб чиқаришига имкон бермаслик учун Урхонғозий Европага кўплаб мусулмон қабилаларни юборди.

Урхонғозийга ўз мақсадини амалга оширишда кўмак бўлган омиллар

  • Отаси Усмонғозий қилган саъй-ҳаракатларининг самараси ўлароқ моддий ва маънавий имкониятлар борлиги: айнан мана шу имкониятлар усмонийлар Анатолиядаги Византия ерларини фатҳ қилишларида муҳим рол ўйнаган. Урхон мана шу омиллардан фойдаланган ҳолда эҳтиёткорона ва айни дамда кескин қадамлар отиб, ўз давлатини кенгайтирди. Усмонийлар Гелиболуни эгаллаганларидан сўнггина христианлар уларнинг ўзлари учун хатарли бир давлат эканини ҳис қилдилар;

  • Усмонийлар ва болқонлар ўртасида бўлиб ўтган жангларда усмонийлар ғолиб келишининг асосий сабабларидан бири усмонийларнинг асосий мақсадлари ҳам, диний мазҳаблари ҳам бир экани эди. Усмонийларнинг асосий мақсади ислом динини тарқатиш, диний мазҳаблари эса суннийлик эди;

  • Византия давлати сиёсий, диний ва ижтимоий келишмовчиликлар сабабли жуда ҳам заиф бўлиб қолган ва шу сабабли усмонийлар бу давлатга тегишли ҳудудларни бирма-бир фатҳ қилиши осон кечган;

  • Византия, Болгария, Сербия ва Можаристон (Венгрия) давлатлари ўртасида иттифоқ бўлмагани сабабли усмонийларга қарши урушларда сиёсий ва ҳарбий режалар тартибланмаган. Бу эса салбчиларнинг заифлашишига сабаб бўлган;

  • Рим ва Константинопол ўртасида, яъни католиклар ва проваславлар ўртасида диний келишмовчиликлар бўлган;

  • Усмонийларнинг армияси диний ғоя остида бирлашган ва уларнинг асосий мақсадлари Аллоҳнинг динини тарқатиш бўлган.

Келгуси мақоламизда Султон Мурод ҳақида сўз юритамиз, иншааллоҳ.

[1] “Муҳаммад Фотиҳ” китоби, 25-бет.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг