Ҳожатхона одоблари

0

Ҳожатхона одоблари

Исломда ҳожатхонага киришнинг ўзига хос одоблари бор. Қуйида уларни бирма-бир айтиб ўтамиз:

(1) Ҳожатга киришдан олдин махсус дуони айтиш

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳожатга кирсалар: “Аллоҳумма инни аъуузу бика минал хубуси вал хобааис” (яъни “Эй Аллоҳ, мен Сендан эркак ва аёл жинлар(нинг ёмонлиги)дан паноҳ сўрайман”), дер эдилар[1].

Мазкур дуони “Аллоҳумма инни аъуузу бика минал хубъси вал хобааис (яъни “Эй Аллоҳ, мен Сендан ёмонлик ва ёмон мавжудотлардан паноҳ сўрайман”), деб ўқиш ҳам мумкин.

Шунингдек, ҳожатхонага киришдан олдин “бисмиллаҳ”, дейиш ҳам мустаҳаб. Аллома Ибн Ҳажар Анас розияллоҳу анҳудан шундай бир ривоят зикр қилади: “Агар ҳожатга кирсангиз: “Бисмиллаҳи, аъуузи биллаҳи минал хубуси вал хобааис” (яъни “Аллоҳнинг исми билан бошлайман. Аллоҳдан эркак ва аёл жинлар(нинг ёмонлиги)дан паноҳ сўрайман”), деб айтинг”.

Ушбу ҳадис тўғрисида Ибн Ҳажар шундай дейди: “Ҳадис санади Муслим шартига мос[2].

Ҳожатга киришдан олдин “бисмиллоҳ”ни айтиш мустаҳаблигини ифода этувчи мазкур ҳадис мазмунини қўллаб-қувватловчи бошқа ҳадис ҳам бор. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Одам боласи ҳожатга кирганида “бисмиллоҳ” дейиши билан унинг аврати жинлар кўзидан тўсилади[3].

Ҳадислардаги “ҳожатга кирса”, деган сўздан мақсад “ҳожатга кирмоқчи бўлса”, демакдир. Дарҳақиқат, Бухорийнинг “Ал-адабул муфрад”даги ривоятида бу маъно очиқчасига баён қилинган. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳожатга кирмоқчи бўлсалар…”, дейилади мазкур ривоятда.

Албатта, бу ҳукм ҳожатхоналарга нисбатан шундай. Ҳожатхоналардан бошқа жойларда эса инсон мазкур дуони ҳожатга ҳозирланиб, кийимини шимара бошлаганда айтади. Бу жумҳур уламоларнинг фикридир.

(2) Ҳожатхонадан чиққанда махсус дуони айтиш

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳожатдан чиқсалар: “Ғуфронака” (яъни “Эй Аллоҳ, гуноҳларимни мағфират қил”), дер эдилар[4].

(3) Ҳожатга Аллоҳнинг исми бор нарсаларни олиб кирмаслик

Аллоҳнинг исми ёзилган нарсаларни ҳожатхонага олиб кириш жоиз эмас. Чунки бу иш Аллоҳнинг номини улуғламаслик, уни таҳқирлашга ўхшаб қолади. Аллоҳ таоло айтади: «Ким Аллоҳ риоя қилишга буюрган ишларни улуғла(б, унга амал қил)са, бу (охиратда) Парвардигори ҳузурида ўзи учун яхшидир» [Ҳаж: 30].

(4) Ҳожат асносида саломга алик олмаслик

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳожатда эканлар бир киши у зотнинг яқинидан ўтиб салом берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Агар мени бу ҳолатда кўрсанг, менга салом берма. Чунки сен шундай қилсанг, мен саломингга алик олмайман»[5].

Ҳадисдан маълум бўладики, ҳожатдаги инсон саломга алик олмас экан. Шунингдек, ҳожат асносида азонни қайтариш ва шунга ўхшаш Аллоҳнинг номи зикр қилинган ҳар қандай гаплар ҳам жоиз эмас. Бироқ ҳадисдан ҳожатда мутлақ  гапириш жоиз эмас деган хулоса чиқмайди. Бу хусусда келган бошқа бир ҳадис ҳам бор. Унда шундай дейилади: «Икки киши ҳожат асносида бир-бирининг авратига қараб гаплашиб ўтирмасин. Албатта, Аллоҳ бу ишни ёмон кўради»[6]. Бироқ ушбу ҳадис заифдир. Борди-ю, ҳадисни саҳиҳ деб фараз қилганимизда ҳам ҳожатда мутлақ гапириш ҳаром эканига далолат қилмайди. Балки ҳадис ўзгаларнинг авратига қараш ва икки киши бир-бирининг авратига қараб гаплашиб ўтириши ҳаромлигига далолат қилади.

(5) Ҳожат ўташ учун одамлар кўзидан тўсилиш

Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳожат ўташ учун тўсиқ сифатида фойдаланган энг суюкли нарсалари баланд кўтарилган бирон бино, тепалик ёки тоғ (орти) ва қуюқ хурмозор эди»[7].

Жобир розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сафарга чиқдик. У зот одамлар кўзидан ғойиб бўлиб, кўринмай кетмагунларича катта ҳожатга чиқмас эдилар»[8].

Биринчи ҳадис катта ёки кичик ҳожат бўлишидан қатъий назар ҳожат пайтида тўсилиш лозимлигига далолат қилса, иккинчи ҳадис катта ҳожат учун одамлар кўзидан узоқлашиш лозимлигига далолат қилади. Кичик ҳожатда эса одамлар кўзидан узоқлашмаса-да, тўсилиш лозим. Бунга Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис ҳам далолат қилади. Ҳадисда шундай дейилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга кетаётган эдим. Шунда у зот бир қавмнинг ахлатхонасига бориб тўхтадилар ва худди бошқалар сингари (Бухорий ривоятида: «тик туриб») ёзилдилар. Шунда мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан узоқлаша бошладим. У зот бўлсалар: «Бери кел», дедилар. Мен у зотга яқинлашиб, то ёзилиб бўлгунларича орқа томонларида турдим»[9].

(6) Ерга яқинлашмагунча кийимини ечмаслик

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳожатга чиқсалар то ерга яқинлашмагунларича кийимларини ечмас эдилар»[10].

(7) Ҳожатда қиблага олд ёки орқаси билан юзланмаслик

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Агар биронтангиз ҳожат ўташ учун ўтирса, қиблага олд ёки орқасини қаратмасин»[11].

Уламолар мазкур қайтариқ бинолар ичидаги махсус ҳожатхоналар ва ундан бошқа жойларда ҳожат ўташга тегишли экани ёки фақат бинолардаги махсус ҳожатхоналардан бошқа жойларда ҳожат ўташга тегишли эканида ихтилоф қилганлар.

Албатта мазкур қайтариқ ҳар икки ҳолатда ҳожат чиқаришга тегишли бўлиши афзал. Бундан бинолар ичидаги махсус ҳожатхоналарда ҳожат чиқариш асносида қиблага олд ёки орқани қаратиб ўтиришга мажбур бўлиш ҳолатлари мустаснодир. Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Агар ҳожатга чиқсангизлар, қиблага олд ёки орқангизни қаратиб ўтирмангиз. Балки (ҳожатда ўтирар экансиз) шарқ ёки ғарб томонга қараб ўтирингиз». Абу Айюб розияллоҳу анҳу айтади: «Биз Шомга бордик. У ерда ҳожатхоналар Каъбага қаратиб қурилган экан. Биз (ҳожатда ўтирар эканмиз) Каъбадан (ўнг ёки чап томонга) бурилар ва Аллоҳдан истиғфор сўрар эдик»[12].

Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ айтади: «Мазкур масалага оид фикрлар ичидаги энг тўғриси бу борада бинолар ичидаги ҳожатхоналар билан ундан бошқа жойларда ҳожатга чиқиш ўртасида фарқ йўқ. Бунга далолат қилувчи ўндан ортиқ далиллар мавжуд бўлиб, уларни бошқа жойларда зикр қилганмиз. Мазкур масалада бинолардаги ҳожатхоналарда ҳожатга чиқиш билан ундан бошқа жойларда ҳожатга чиқиш ўртасида фарқ бор деганларда бу далилларга бас келадиган бирон ҳужжати йўқ. Устига-устак улар очиқ жойлар билан бинолар ўртасидаги фарқни баён қилишда бир-бирига зид фикрларни билдиришган»[13].

(8) Пешобдан покланиш

Ҳожат чиқариш учун пешоб сачрамайдиган юмшоқ ерни танлаш лозим. Чунки қаттиқ ва силлиқ ерга пешоб қилинса, кийимга ёки баданга сачраши мумкин.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина боғларидан бирининг яқинидан ўтар эканлар, қабрларида азобланаётган икки кишининг овозини эшитдилар ва шундай дедилар: “Улар иккиси азобланаяптилар. Улар (сақланиш қийин ва машаққатли бўлган) катта ишни деб азобланаётганлари йўқ. Улардан бири сийдигидан (яъни унинг бадан ёки кийимига тегишидан) сақланмас (Муслимдаги бир ривоятда: “сийдигидан покланмас”), бошқа бири эса (одамлар ўртасида) чақимчилик қилиб юрар эди[14].

(9) Йўл устида ёки одамлар ўтирадиган соя-салқин жойларда ҳожат чиқармаслик

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кишининг лаънатга қолишига сабаб бўладиган икки хислатдан сақланинглар». (Саҳобалар) айтишди: «Кишининг лаънатга қолишига сабаб бўладиган икки хислат нима, эй Расулуллоҳ?». У зот айтдилар: «Одамлар ўтадиган йўлда ёки улар ўтирадиган соя-салқин жойда ҳожат чиқармоқ»[15].

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Кишининг лаънатга қолишига сабаб бўладиган уч хислатдан: (қудуқ, ариқ ёки ҳовуз лаби каби) одамлар сув ичадиган жойларда, йўл устида ва соя-салқин жойларда катта ҳожат чиқаришдан сақланинглар»[16].

Бинобарин, йўл усти, соя-салқин жойлар ва сув ҳавзалари каби одамлар фойдаланадиган жойларда ҳожат чиқариш жоиз эмас. Шунингдек, одамлар қиш кунларида совуқдан қочиб исинадиган жойларда ҳам ҳожат чиқариш мумкин эмас.

(10) Турғун сувга ёзилмаслик

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам турғун сувга ёзилишдан қайтардилар»[17], дейилади.

(11) Ювинадиган жойда пешоб қилиб, сўнг шу жойда таҳорат олмаслик

Чунки бу нарса васвасага сабаб бўлиши мумкин.

Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Бирингиз ювинадиган жойида пешоб қилиб, сўнг шу жойнинг ўзида таҳорат олмасин. Зеро, аксар васвасалар шундан келиб чиқади»[18].

(12) Сийдик сачрамайдиган бўлса, тик туриб ҳам, ўтириб ҳам ёзилиш жоиз

Албатта инсон ўтириб ёзилиши афзалдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўпинча шундай йўл тутганлар. Ойша розияллоҳу анҳо айтади: «Кимда ким сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тик туриб ёзилганлар деса, ишонманглар. У зот фақат ўтириб ёзилар эдилар»[19].

Тик туриб пешоб қилиш жоизлигига келсак, “Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қавмнинг ахлатхонасига бордилар ва тик туриб ёзилдилар»[20].

Юқоридаги икки ҳадис ўртасида зиддият йўқ. Негаки, Ойша розияллоҳу анҳо ўз маълумоти доирасида гапирган бўлиб, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тик туриб ёзилганларини кўрмаган. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу эса Ойша розияллоҳу анҳо кўрмаган воқеага гувоҳ бўлган. Шу боис Ҳузайфа розияллоҳу анҳунинг сўзи эътиборга лойиқ бўлади. Чунки унинг сўзида Ойша розияллоҳу анҳунинг сўзида мавжуд бўлмаган қўшимча маълумот бор бўлиб, ундан тик туриб ёзилиш жоизлиги олинади.

(13) Ҳожатдан сўнг олд ва орқа авратни тозалаш

Ҳожатдан сўнг олд ва орқа авратни тозалаш учун сув, кесак, тош ёки ҳар қандай нажосатни кетказадиган ва истинжода ишлатиш ҳаром бўлмаган дағал нарсалардан фойдаланиш жоиз[21]. Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Биронтангиз ҳожатга чиқса, учта кесак билан истинжо қилсин. Шу унга кифоя қилади (яъни шу билан нажосат асорати кетса, сув билан тозалашга ҳожат қолмайди)»[22].

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳожатга кирар, мен ва мен тенгим бир бола теридан тикилган бир идишда сув ва қисқа бир найзани кўтариб борардик. (Ҳожат ўтаб бўлгач) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сув билан истинжо қилар эдилар»[23].

(14) Уч мартадан оз истинжо қилмаслик

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Агар биронтангиз истинжо қилса, уч марта истинжо қилсин»[24]. Айни мазмундаги ҳадис Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ҳам собит бўлган. Ҳадис лафзи шундай: «…Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учта кесак (билан истинжо қилиш)га буюрар, шунингдек, тезак ва чириган суяк (билан истинжо қилиш)дан қайтарар эдилар»[25].

(15) Тоқ сонда истинжо қилиш

Борди-ю, уч марта артиш билан жой тоза бўлмай, тўртинчи бор артишга эҳтиёж туғилса, у ҳолда унга қўшиб бешинчи бор артади. Нима бўлганда ҳам авратини тоқ сон билан истинжо қилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ким истинжо қилса, тоқ қилсин»[26].

(16) Тезак, суяк ёки егуликлар билан истинжо қилмаслик

Абдураҳмон ибн Язиддан ривоят қилинади: «Салмон розияллоҳу анҳуга айтилди: «Пайғамбарингиз сизларга барча нарсани, ҳаттоки ҳожатга чиқиш (одоби)ни ҳам ўргатди-я!». Салмон деди: «Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни катта ёки кичик ҳожат асносида қиблага юзланишдан, ўнг қўл билан истинжо қилишдан, уч кесакдан ками билан истинжо қилишдан ва тезак ёки суяк билан истинжо қилишдан қайтардилар»[27].

Тезак ёки суяк билан истинжо қилмаслик ҳикмати имом Муслим «Саҳиҳи»да Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда баён қилинган. Ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Ҳузуримга жинларнинг чопари келди. У билан бирга бориб, жинларга Қуръон ўқиб бердим». Ибн Масъуд айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизлар билан бориб, улардан қолган изларни, улар ёққан олов асоратларини кўрсатдилар». Шаъбий айтади: «Жинлар у зотдан озиқ-овқат сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳнинг номи зикр қилинган ҳар қандай суяк сизларникидир. У сизнинг қўлингизга тушиши билан энг гўштли ҳолатда бўлади. Ҳар қандай тезак сизларнинг ҳайвонларингизга емишдир». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Шундай экан, тезак ва суяк билан истинжо қилманглар. Зеро, улар иккиси (жин) биродарларингизнинг таомидир»[28].

(17) Ўнг қўл билан истинжо қилмаслик

Ўнг қўл билан истинжо қилмасликка юқорида ўтган Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис далолат қилади.

Шунингдек, “Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Ҳеч бирингиз ёзилаётиб, олатини ўнг қўли билан ушламасин»[29].

Шунингдек, олатга қўл теккизмасдан замонавий сув жўмраклари воситасида нажосатни кетказиш ҳам жоиз. Зеро, мақсад – авратни нажосатдан тозалаш.

(18) Истинжодан кейин қўлни ювиш

Истинжо қилиб бўлгач, қўлдан нажосат асоратини кетказиш учун уни ювиш мақсадга мувофиқдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳожатга чиқсалар, мен у зотга метал ёки теридан ясалган бир идишда сув олиб борар ва у киши истинжо қилар эдилар. Истинжодан сўнг қўлларини тупроққа ишқалар, сўнг бошқа бир идишда сув олиб борсам, ундаги сувдан таҳорат қилар эдилар»[30].

(19) Ҳожатхонага чап оёқ билан кириб, ўнг оёқ билан чиқиш

Негаки, шарофатли ва яхши ишларни ўнгдан, аксинча, шарофатсиз ишларни чапдан бошлаш мустаҳаб. Умуман олганда, ҳадисларда шунга далолат қиладиган кўрсатмалар бор[31].

Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳурмат ва зийнат қабилидан бўлган ҳар қандай ишларда ўнгдан бошлаш, шунингдек, унинг акси бўлган ишларда чапдан бошлаш мустаҳаблиги шариатнинг доимий қоидасидир»[32].

Дарҳақиқат, уламолар ҳожатхонага чап оёқ билан кириб, ўнг оёқ билан чиқиш мустаҳаблигига ижмо қилишган.

Мавзуга оид мулоҳазалар:

(1) Бадандан ел чиқиши сабабли истинжо қилиш жоиз эмас. Имом Нававий ел чиқишидан истинжо қилиш бидъат эканини очиқча айтган.

(2) Кўпчилик одамлар ҳожатдан кейин қўли билан олатини сиқиб-сидирадилар, бир-неча қадам юрадилар ёхуд сакрайдилар. Бу ишларнинг ҳеч бирига далил йўқ.

Шайхулислом роҳимаҳуллоҳ айтади: «Олатни сидириш бидъат. Инсон олатини сиқиб-сидирмаслиги лозим»[33].

(3) Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: «Уламоларнинг иккита фикридан тўғрироғига кўра, истинжода аёллар қиннинг ичини ювиш вожиб эмас»[34].

(4) Уламолар турли ковакларга ёки ҳайвонлар ва ҳашаротларнинг уяларига ёзилишни макруҳ санаганлар. Бу хусусда Абдуллоҳ ибн Саржис розияллоҳу анҳудан ҳадис ривоят қилинган. Ҳадисда айтилишича, «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уялар (ёхуд коваклар)га ёзилишдан қайтарганлар. Қатодадан сўралди: «Нега энди уялар?». Қатода айтди: «Айтишларича, уялар (ёхуд коваклар) жинлар маскани эмиш»[35].

Мазкур ҳадисни баъзи уламолар саҳиҳ дейишган бўлса, баъзилар заиф дейишган. Чунки Қатоданинг Абдуллоҳ ибн Саржис розияллоҳу анҳудан ҳадисни эшитган ёки эшитмаганлигида ихтилоф бор. Нима бўлганда ҳам, уя ва ковакларга ёзилмаган афзал. Негаки, одатда уларда инсонга зарар берадиган турли ҳашаротлар бўлиши мумкин.

(5) Ҳожат ўташ асносида қуёш ёки ойга юзланиш макруҳ деган сўзнинг далили йўқ. Тўғри фикрга кўра, ҳожат асносида уларга юзланиш макруҳ эмас.

[1] Бухорий (142), Муслим (375), Абу Довуд (4), Термизий (5), Ибн Можа (296), Насоий (1/20) ривояти.
[2] «Фатҳул Борий» (1/244).
[3] Саҳиҳ лиғайриҳи: Термизий (606), Ибн Можа (297) ривояти. Ҳадисни Шайх Албоний «Ал-ирво»да (50) ўзи келтириб ўтган ривоятлар йиғиндиси ила саҳиҳ деган.
[4] Саҳиҳ: Абу Довуд (30), Термизий (7), Ибн Можа (300), Аҳмад (1/155), Бухорий «Ал-адабул муфрад»да (693), Байҳақий (1/97) ривояти.
[5] Саҳиҳ: Ибн Можа (352) ривояти. Ҳадис мазмунини қўллаб-қувватлайдиган бошқа ҳадислар ҳам бор. Ҳадисни шайх Албоний «Ас-саҳиҳа»да (197) саҳиҳ деган.
[6] Заиф: Абу Довуд (15), Ибн Можа (342), Ҳоким (1/157) ривояти. Ҳадиснинг биринчи жумласи саҳиҳдир: «Икки киши авратини очиб олиб ҳожатда ўтирмасин». Ҳоким (1/158) ривояти.
[7] Муслим (342), Абу Довуд (2549), Ибн Можа (340) ривояти.
[8] Ҳасан лиғайриҳи: Абу Довуд (2), Ибн Можа (335) ривояти. Ҳадис мазмунини қўллаб-қувватловчи бошқа ҳадислар ҳам бор. Қаранг: «Найлул автор» (1/92).
[9] Бухорий (224), Муслим (273), Абу Довуд (23), Термизий (13), Ибн Можа (305), Насоий (1/25) ривояти.
[10] Саҳиҳ: Абу Довуд (14), Термизий (14) Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.
[11] Муслим (265), Абу Довуд (8), Насоий (1/38) ривояти.
[12] Бухорий (144, 394), Муслим (264), Абу Довуд (9), Термизий (8), Насоий (1/22), Ибн Можа (318) ривояти.
[13] «Зодул маод» (1/49).
[14] Бухорий (216, 217), Муслим (292), Абу Довуд (20), Термизий (70), Насоий (1\ 28, 30) ва Ибн Можа (347) ривоят қилганлар.
[15] Муслим (269), Абу Довуд (25) ривояти.
[16] Ҳадис мазмунини қўллаб-қувватловчи бошқа ҳадислар ёрдамида ҳасан даражасига кўтарилган. Абу Довуд (26), Ибн Можа (328), Ҳоким (1/167) ривояти. Ҳоким ҳадисни саҳиҳ деган. Ҳадис санадида узилиш бор. Бироқ ҳадис шу мазмундаги бошқа ҳадислар билан кучаяди. Қаранг: «Ат-талхисул ҳабийр» (1/105), «Ирвоул ғалил» (62).
[17] Муслим (281), Ибн Можа (343), Аҳмад (3/305) ривояти.
[18] Санади ҳасан: Абу Довуд (27), Термизий (21), Насоий (1/34), Ибн Можа (304) ривояти.
[19] Саҳиҳ: Термизий (12), Насоий (1/26), Ибн Можа (307) ривояти.
[20] Бухорий (224), Муслим (273) ривояти.
[21] Истинжо қилиш учун ишлатиладиган нарса дағал бўлиши лозим. Чунки юмшоқ нарса нажосатни яхши кетказмайди. Шунингдек, истинжо учун фақат пок нарсалар ишлатилиб, нажас нарсалар билан истинжо қилинмайди. Қолаверса, истинжо қилинадиган нарса нажосатни кетказадиган бўлиши керак. Шунга кўра, силлиқ нарсалар билан истинжо қилинмайди. Чунки силлиқ нарса нажосатни кетказмайди. Шунингдек, озиқ-овқатлар билан ҳам истинжо қилинмайди.
[22] Санади ҳасан: Абу Довуд (40), Насоий (1/41, 42) ривояти.
[23] Бухорий (150, 152), Муслим (271) ривояти.
[24] Муслим (239), Аҳмад (3/400), Ибн Хузайма (76) ривояти.
[25] Ҳасан: Абу Довуд (8), Насоий (1/38), Ибн Можа (313) ривояти.
[26] Бухорий (162) ривояти.
[27] Муслим (262), Абу Довуд (7), Термизий (16), Насоий (1/38), Ибн Можа (316) ривояти.
[28] Муслим (450), Термизий (18), Абу Довуд (39) ривояти.
[29] Бухорий (154), Муслим (267), Абу Довуд (31), Термизий (15), Насоий (1/25) ривояти.
[30] Абу Довуд (45) (ҳасан санад билан), Байҳақий (1/106) ривояти. Ҳадисни шайх Албоний «Мишкотул масобийҳ»да (360) ҳасан деган.
[31] Қаранг: «Ас-сайлул жаррор» (1/64).
[32] «Фатҳул Борий»дан (1/170) нақл қилинди.
[33] «Мажмуул фатово» (21/106). Қаранг: Ибн Қаййимнинг «Иғосатул лаҳфон» (1/143) асари.
[34] «Мухтасарул фатовол мисрийя» (41-бет).
[35] Абу Довуд (29), Насоий (1/33), Аҳмад (5/82) ривояти.

Изоҳ қолдиринг