Ёқтирмаган аёли билан яшаш ҳақида

0

Савол:

Аёлимга кўнглим йўқ. Ажрашайлик десам, аёлим рози бўлмаяпти. Бир йилдан бери сабр қилиб яшаяпман, бир қизимиз ҳам бор. Аёлим етим ўсгани учун уни қийин аҳволга солгим йўқ. Лекин кўнглим бўлмагани учун унга зулм қилиб қўйишдан ҳам қўрқаман. Нима маслаҳат берасиз?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Бундай ҳолатда у аёл билан яшашга сизни ҳеч ким мажбур қила олмайди. Хоҳлаган вақтингизда аёлингизни талоқ қилиб юборишингиз мумкин ва бу ишингиз учун гуноҳкор бўлмайсиз.

Бироқ бугунги кунимизда эрдан чиққан аёллар қаровсиз қолиб кетишлари, шунингдек, бу ажрашиш оқибатида ўртадаги фарзанд тарбиясиз қолишини эътиборга олган ҳолда сабр қилиб яшашни ва ажрашмасликни тавсия қиламиз. Чунки аёлига кўнгли бўлмаса-да, бунга сабр қилиб яшаганлар ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган: “Агар уларни ёқтирмасангизлар (ҳам бирга яшасангизлар), шояд Аллоҳ бу яшашнинг ортидан кўп яхшиликлар ато этар” (Нисо: 19). Бу Аллоҳнинг ваъдаси, агар шу аёл билан сабр қилиб яшасангиз, Аллоҳ сизга бу никоҳ сабабли кўп яхшиликлар ато этади.

Қолаверса, эркак киши бошқа хотин олиши ҳам шариат рухсат берган амаллардан бири. Кўнглингиз тусаган бошқа аёлга уйланиш орқали нафсингизни қондиришингиз ҳам мумкин. Лекин бу билан биринчи аёлингизга зулм қилмаслигингиз, ўртада адолат қилишингиз шарт. Акс ҳолда, қаттиқ гуноҳкор бўласиз, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг