Нафл намозларни ўтириб ўқиш ҳукми

0

Савол:

Пайғамбаримиз суннат намозларни зарурат бўлганда ўтириб ўқиганлари хусусида ҳадислар бор, деб эшитганмиз. Пайғамбаримизнинг ушбу суннатига эргашиш мақсадида зарурат бўлмаса-да, суннат намозларни ўтирган ҳолда ўқисак бўладими ёки фақат зарурат ҳолатларидагина ўтириб намоз ўқишга рухсат берилганми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам нафл намозларни ўтириб ўқиганлари саҳиҳ ҳадисларда келган. У зот бироз тўлишиб ҳамда ёшлари ўтиб қолганлари туфайли умрларининг охирги саналарида нафл намозларни ўтириб ўқиганлар. Шунингдек, сафарда нафл намозларни уловларининг устида ўтириб ўқиганлари ҳам саҳиҳ ҳадисларда келган.

Бинобарин, бирон эҳтиёж бўлмаса-да, нафл ва суннат намозларни ўтириб ўқиш жоиз. Лекин туришга қодир бўла туриб, ўтириб намоз ўқиган кишига (Пайғамбаримиз бундан мустасно) туриб намоз ўқиган кишига бериладиган ажр-савобнинг ярми берилади.

Энди, Пайғамбаримизнинг суннатига эргашиш мақсадида ўтириб намоз ўқиса бўладими, деган саволингизга келсак, кимда-ким суннатга эргашиш учун ўтириб намоз ўқиса, ўтириб намоз ўқигани учун унга ярим савоб берилса-да, суннатга эргашишни ният қилгани учун ҳам ажр-савоб берилади, иншааллоҳ.

Қуйида бу хусусда келган ҳадисларни ҳамда уламоларнинг билдирган фикрларини келтирамиз:

Абу Салама ибн Абдураҳмон Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан олдин кўпинча ўтирган ҳолларида намоз ўқир эдилар[Муслим: 732/ 116].

Урва ибн Зубайр Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилиб айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кексайиб, ўтириб-туришлари қийинлашиб қолгач, кўпроқ ўтириб намоз ўқир эдилар[Муслим: 732/ 117].

Бухорий роҳимаҳуллоҳ Ойшадан келтирган ҳадисда шундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўлишганларидан кейин (нафл) намозларни ўтириб ўқирдилар[Бухорий: 4837].

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (сафарда) нафл намозларни туялари устида кетаётган тарафларига қараб имо-ишора қилиб ўқир эдилар[Бухорий: 1105 ва Муслим: 700].

Бошқа бир ривоятда шундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам витр намозини туяларининг устида ўқир эдилар”.

Шавконий роҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадислар кетидан шундай дейди: “Ушбу ҳадислар туришга қодир бўлган одам ўтирган ҳолда нафл намоз ўқиши жоизлигига далолат қилади. Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Барча уламолар туришга қодир бўла туриб, ўтирган ҳолда нафл намоз ўқиш жоизлигига ижмо қилишган[“Найлул автор”, 3/581].

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: “Нафл (ва суннат) намозларни ўтириб ўқиш жоизлиги, лекин туриб ўқиш ундан афзал экани борасида уламолар ўртасида хилоф борлигини билмаймиз[“Муғний”, 2/564].

Бадриддин Айний роҳимаҳуллоҳ Ойша розияллоҳу анҳонинг ҳадисидан олинадиган фойдаларни зикр қилиб шундай дейди: “Туришга қодир бўла туриб, ўтирган ҳолда нафл намоз ўқиш жоиз. Бунга барча уламолар ижмо қилишган[“Умдатул қорий”, 6/167].

Қози Иёз роҳимаҳуллоҳ айтади: “Туриб намоз ўқишдан ман қиладиган бирон сабаб бўлмаса-да, ўтириб нафл намоз ўқиш жоиз[“Икмол”, 3/72].

Косоний роҳимаҳуллоҳ айтади: “Туришга қодир бўла туриб, ўтирган ҳолда нафл намоз ўқиш жоиз. Негаки, нафл намоз (мусулмон одам кўп бажарадиган) доимий ибодат саналади. Борди-ю, ҳар доим туриб намоз ўқиш лозим десак, ушбу ибодатни бардавом бажаришга тўсқинлик қилган бўларди[“Бадоеус саноеъ”, 1/297].

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: “Кўпчилик инсонлар қиёмда узоқ вақт туриб намоз ўқишга қийналишади. Агар нафл намозларда ҳам туриб намоз ўқиш фарз қилинганда, кўп нафл намозлар ўқилмасдан қолиб кетарди. Шу сабабли шариатимиз нафл намозларни кўпроқ ўқишга тарғиб қилиш учун унда қиёмни (яъни туриб намоз ўқишни) фарз қилмади. Шунингдек, шу мақсадда нафл намозларни сафарда улов устида ўтириб ўқишга ҳам рухсат берди[“Муғний”, 2/568].

Баҳутий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Инсонларни кўпроқ нафл намоз ўқишга тарғиб қилиш мақсадида унда қиём (яъни туриб намоз ўқиш) фарз қилинмади[“Кашшофул қаноъ”, 1/441].

Ҳафса розияллоҳу анҳо айтади: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни вафотларидан бир йил олдинга қадар ўтириб нафл намоз ўқиганларини кўрмадим[Муслим: 733].

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Менга айтишдики, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўтириб намоз ўқиган кишининг намозига ярим савоб берилади”, дебдилар. Шундан сўнг мен Пайғамбаримизнинг олдига бордим ва у зотни ўтирган ҳолда намоз ўқиётганларини кўрдим. Қўлимни у зотнинг бошига қўйдим. У зот: “Нима бўлди, эй Абдуллоҳ ибн Амр”, дедилар. Мен: “Менга айтишдики, сиз: Ўтириб намоз ўқиган кишининг намозига ярим савоб берилади”, дебсиз, лекин ўзингиз ўтириб намоз ўқияпсиз”, дедим. Шунда у зот: “Тўғри, шундай. Лекин мен сизлар каби эмасман”, дедилар” [Муслим: 735].

Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадис шарҳида айтади: “Ушбу ҳадиснинг маъноси шуки, ўтириб намоз ўқиган кишига туриб намоз ўқиган кишига бериладиган ажр-савобнинг ярми берилади. Шунингдек, намознинг ажр-савоби оз бўлса-да, лекин дуруст саналади.

Бу ҳадис туриб намоз ўқишга қодир бўла туриб, ўтирган ҳолда намоз ўқиган киши хусусида айтилган. Аммо туриб намоз ўқишдан ожиз бўлган киши ўтириб нафл намоз ўқиса, туриб намоз ўқиган кишига берилгани каби савоби камайтирилмаган ҳолда тўлиқ қилиб берилади[“Шарҳи Муслим”, 6/14].

Валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг