Аббосийлар давлати: Ҳорун Рашид ибн Муҳаммад Маҳдий

0

Ҳорун Рашид ибн Муҳаммад Маҳдий

(Халифалик даври 170-193 ҳижрий)

Аббосийлар давлати Ҳорун Рашид даврига келиб, авжи гуллаб-яшнаш палласига етди. Ўзидан олдинги халифалар унга ишни анча осонлаштириб кетган, давлатда барқарорлик ҳукмрон эди. Унинг даврида давлатнинг куч-қудрати бениҳоя ортди, ташқи душманлардан деярли хотиржамликка эришилди. Тахт учун кураш ва жангу жадаллар ҳам тинчиб қолди.

Ҳорун Рашид бақувват ва шижоатли йигит эди. У отаси даврида бир неча бор ёзги ҳарбий юришларга қўмондонлик қилган, ўшанда ёши йигирмадан ўтмаган эди. Халифа бўлгач, қўшинга бош бўлиб Рум ўлкаларига ҳарбий юришлар қилди, румликлар таслим бўлиб, бош эгдилар, дилларига қўрқув тушиб, одамларни унинг номи билан қўрқитадиган бўлдилар.

Тақводор ва парҳезкор эди, Аллоҳдан қўрқиши барча ишларида намоён бўлиб турарди, бир кунда юз ракаат нафл намоз ўқирди, кўп ҳаж қиларди. У йигирма уч йил халифалик муддати мобайнида тўққиз марта – ҳижрий 170, 173, 174, 175, 177, 179, 181, 186 ва 188 йиллари ҳаж ибодатини амалга оширди. Ҳатто одамлар орасида у ҳақида, бир йил ғазот қилади, бир йил ҳаж қилади, деган гап ёйилганди.

Ўз молидан садақа қиларди.

Зиндиқларни таъқиб қилиб, улардан кўпларини қатл қилдирганди.

Воизларга, панду насиҳат қилувчиларга қулоқ соларди, Аллоҳдан қўрқиб йиғларди. Бир марта ҳажга кетаётганида йўлида Баҳлулни учратиб, Ҳорун унга: “Сўзла эй Баҳлул”, деди. Баҳлул деди: “Эй амирулмўъминин, билингки, бутун ер юзига подшоҳ бўлсангиз ҳам, барча халойиқлар сизга бўйин эгсалар ҳам, охири нима бўлади? Эртага борар жойингиз қоронғи гўр бағри бўлиб, ўз яқинларингиз устингизга тупроқ тортадилар”. “Тўғри айтдинг, эй Баҳлул, яна сўзла”, деди. Баҳлул деди: “Хўп, эй амирулмўъминин, билингки, Аллоҳ кимга мол ва жамол ато этган бўлса, у кимса жамолида иффатли, молида саховатли бўлса, Аллоҳнинг девонида аброрлардан деб ёзилади”. Баҳлулни бирор нарсадан умидвор шекилли деб ўйлаб, Ҳорун унга: “Биз сенинг қарзларингни ўташни ўз зиммамизга олдик”, деди. “Ундай қилманг, эй амирулмўъминин, қарз қарз билан ўталмайди, сиз ҳақни ўз эгаларига қайтаринг ва ўз қарзингизни ўтанг”, деди Баҳлул. Ҳорун унга: “Биз сенга ризқу рўзинг етказиб турилишига амр этамиз”, деди. “Ундай қилманг, эй амирулмўъминин, чунки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло сизга ризқ бериб, мени унутиб қўювчи зот эмас. Мана, шу ёшга киргунимча ҳам ризқимни сиз бермаган ҳолда яшаб юрибман. Бораверинг, сиз берадиган ризққа ҳожатим йўқ”, деди. “Унда манави минг динорни ол”, деди. “Уни ўз эгаларига қайтаринг, шу сиз учун яхшироқ, мен нима қиламан уни?! Боринг энди, мени ўз ҳолимга қўйинг”, деди. Шунда Ҳорун Рашид унинг олдидан дунё кўзига жуда арзимас нарсага айланган ҳолда кетди[1].

Бир куни Ибн Саммок унга насиҳат қилиб: “Ёлғиз ҳолда ўласиз, ёлғиз қабрга кирасиз, ёлғиз ҳолда қабрингиздан чиқасиз. Аллоҳ азза ва жалла ҳузурида туришингизни ўйланг, жаннат ва дўзах оралиғида тўхтатиб қўйиладиган, ҳар бир ишнинг жавоби бериладиган, қадамлар тойиладиган, ҳасрат-надоматлар қилинадиган, тавбалар қабул бўлмайдиган, хатолар кечирилмайдиган, мол-дунё тўлаб азобдан қутулиш имконсиз бўлган кундан қўрқинг”. Ҳорун Рашид унинг бу гапидан узоқ вақт ҳўнг-ҳўнг йиғлади. Яҳё ибн Холид: “Эй Ибн Саммок, бу кеча амирулмўъмининнинг дилини вайрон этдинг”, деди. Шундан сўнг уни йиғлаган ҳолида қўйиб, ҳузуридан туриб чиқиб кетди.

Фузайл ибн Иёз Маккада унга насиҳат қилган куни бошқа кўп гаплари ичида шундай деди: “Эй офтоб юзли, буларнинг ҳаммасидан сиз сўралгувчисиз. Аллоҳ таоло: “У кунда сабаблар узилади” [Бақара: 166] деган. Лайс Мужоҳиддан ривоят қилиб, бундан мурод дунёда улар ўртасини боғлаб турган алоқалардир, деган”. Ҳорун Рашид бу гаплардан таъсирланиб, ҳўнграб йиғлади.

Фузайл айтади: Бир куни мени Ҳорун Рашид ўз ҳузурига чорлади, кошонаси ўта дабдабали, дастурхони тўкин-сочин, емак-ичмак ва шароблар билан лиммо лим, лаззатларга тўла эди. Кейин у Абул Атоҳияни чорлаб, унга: “Бизнинг мана шу маишатимизни васф қилиб бирор нарса дегин”, деди. Абул Атоҳия қуйидаги мазмунда шеър ўқиди:

“Улкан қасрлар қўйнида истаганингча маишат қил, кўнглинг тилаган ҳар бир нарса эртаю кеч сенга муҳайё этилгай, бироқ жон бўғизга келган пайтда ўзингнинг алдамчи ҳаётда бўлганингни аниқ биласан”.

Шунда Рашид узоқ йиғлади. Фазл ибн Яҳё Абул Атоҳияга: “Амирулмўъминин сени кўнглини чоғ қилишинг учун чорласалар-у сен унинг дилини хуфтон қилдинг”, деди. Рашид унга: “Қўй, уни маломат қилма, у бизни кўрлик ҳаётида эканимизни кўрди ва кўрлигимизда давом этишимизни истамади”, деди.

Бошқа бир куни Ҳорун  Рашид Абул Атоҳияга: “Менга қисқа шеърий байтлар билан насиҳат қил”, деганида у қуйидаги мазмунда шеър ўқиди:

“Бир лаҳза ҳам ўлимдан хотиржам бўлма, гарчи эшикбонлару қўриқчилар хизматингда бўлса ҳам у албатта ҳузурингга кира олади. Билгинки, ўлимнинг ўқи зирҳу совутларни ҳам тешиб ўтади. Нажот йўлида юрмаган ҳолингда нажотни орзу қилмоқдасан, кема қуруқликда юрмайди-ку ахир”.

Бу сўзларни эшитган Рашид беҳуш бўлиб йиқилди[2].

 

[1] “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (10-жуз).
[2] Аввалги манба.

Изоҳ қолдиринг