Аллоҳнинг исм ва сифатлари: Басир исмининг маъноси

0

Аллоҳ таолонинг Басир (басийр) исми кўриш маъносидаги “басар” сўзидан олинган. Шунга кўра, “басир” сўзи кўрнинг зидди ўлароқ, кўрувчи маъносини ифодалайди.

Аллоҳ таолонинг Басир (басийр) исми Қуръони Каримда 42 марта келган. Мисол учун:

1) “Аллоҳдан тақво қилинглар ва билингларки, Аллоҳ сизлар қилаётган ишларни кўрувчи зотдир” (Бақара: 233);
2) “Аллоҳ бандаларни кўрувчи зотдир” (Оли Имрон: 15, 20);
3) “Қаерда бўлсангиз ҳам У сизлар билан биргадир. Аллоҳ сизлар қилаётган ишларни кўриб турувчи зотдир” (Ҳадид: 4).

Табарий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳ таоло “Аллоҳ бандаларни кўрувчи зотдир” (Оли Имрон: 15, 20) оятидан шуни назарда тутмоқдаки, У бандалари қилаётган ишларни кўриб туради, уларнинг ишларидан ҳеч нарса Аллоҳга махфий бўлиб қолмайди. У барча ишларни тўлиқ кўриб туради, бу амалларни сақлаб қўяди ва асло унутмайди. Қиёматда шу амалларнинг жазосини беради”[1].

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: ““Аллоҳ бандаларни кўрувчи зотдир” оятининг маъноси шуки, У ким ҳидоятга ва ким залолатга лойиқ эканини Ўзи билади. У қилган иши учун жавоб бермайди, балки бандалар қилган ишларига жавоб берадилар. Бунинг сабаби У ҳикматли ва марҳаматлидир”[2].

Алусий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: ““Аллоҳ бандаларни кўрувчи зотдир” оятининг маъноси шуки, Аллоҳ уларнинг ҳолатларидан ҳам, қилаётган ишларидан ҳам бохабар зотдир”[3].

Саъдий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Басир – ҳар қанча нозик ва кичик бўлишидан қатъий назар, ҳамма нарсани кўриб турадиган зот дегани. У зим-зиё кечада силлиқ тош устида кетаётган қора чумолини ҳам кўриб туради. Етти қат осмоннинг устини кўрганидек, етти қават ернинг остини ҳам кўради”[4].

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Аллоҳ таоло кўриш сифатига эга ва У зот мана шу сифати билан барча нарсаларни кўради. Шунингдек, У бўлаётган барча ишларнинг асл моҳиятини билиб, ҳамма нарсадан бохабар бўлиб туради. Аллоҳ таоло кўриш сифатига эга дейишимиз уни бандаларга ўхшатишни тақозо қилмайди. Зеро, Аллоҳ таолонинг кўриши билан банданинг кўриши орасида ер билан осмонча фарқ бор. Шунингдек, Аллоҳ таоло Ўзини кўрувчи деб сифатлаган экан, биз бу сифатни инкор этишимиз асло мумкин эмас. Зеро, Аллоҳ таоло қандай сифатга эга эканини Унинг Ўзи билади. Қолаверса, Аллоҳ таолода кўриш сифати йўқ, дейиш У зотга нисбатан камситиш ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Иброҳим алайҳиссалом отасини: “Отажон, нимага ҳеч нарсани эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сизга бирон фойда келтира олмайдиган бутларга ибодат қиляпсиз?!” – деб маломат қилган. Бундан чиқадики, ибодатга лойиқ бўлиш учун эшитиш ва кўриш сифатига эга бўлиши керак экан.

Абулқосим Асбаҳоний роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Басир сўзи бандалар билан Аллоҳ таоло ўртасида муштарак ишлатиладиган сўз. Бироқ ҳеч нарса Аллоҳга ўхшамайди. Инсон кўради, дейилади. Лекин у гўдаклигида кўрмайди. Кўришни бошлаганида бир-бирига ўхшаш нарсалар ўртасини ажрата олмайди. Ақли кирганидан сўнг яхши-ёмон ва чиройли-хунукнинг ўртасини ажрата бошлайди. Аллоҳ таоло бандасига бу неъматни маълум вақтгача беради, сўнг ундан бу неъматни қайтариб олади. Баъзилардан тириклик чоғида, баъзилардан эса жони узилиши билан қайтариб олади.

Аллоҳ таоло эса азалдан кўради ва абадий кўради. Банда икки қўлига қараса унинг ортини кўрмайди. Шунингдек, маълум масофадан узоғини ҳам кўрмайди. Аллоҳ таолонинг кўришидан эса ер қаъридаги заррачалик нарсалар ҳам четда қолмайди”[5].

Аллоҳ таборака ва таоло бандаларининг барча ҳолатларини кўриб, билиб туради. Шунинг учун У ким ҳидоятга лойиғу ким нолойиқ эканини Ўзи билади. Ким бойлик ва молу дунёга лойиқ, ким эса бу неъматлар берилганида фисқу фасодга қўл уришини яхши билади. Бу ҳақда: “Агар Аллоҳ бандаларига ризқни мўл-кўл қилиб қўйганида улар ерда бузғунчилик қилишарди. Лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаганини маълум ўлчов билан туширади. Албатта Аллоҳ бандаларидан хабардор ва уларни кўриб турувчи зотдир” – деган. Аллоҳ таоло бандалари қилаётган ишларни, яъни ким солиҳу ким фосиқ эканини ҳам кўриб туради ва қиёматда шунга кўра солиҳларга савоб, фосиқларга эса азоб беради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “У сизларни яратган зотдир. Сизлардан кофирлар бор, сизлардан мўминлар бор. Аллоҳ сизлар қилаётган барча ишларни кўриб турувчи зотдир” (Шўро: 27).

Агар банда Аллоҳ таоло унинг барча амаллари ва ҳолатларини кўриб турганига иймон келтирса, гуноҳ иш қилиб турганини Аллоҳ кўришидан уялади. Аллоҳ таоло барча нарсани кўриб турганига иймон келтирган инсон ибодатларини холис Аллоҳ таоло учун қилади. Шунинг учун Жаброил алайҳиссалом эҳсон нима экани ҳақида сўраганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилишингдир. Зеро, сен Уни кўриб турмасанг-да, У сени кўриб туради” – деб жавоб берганлар. Аллоҳ таоло барчамизга мана шундай ихлосни насиб айласин!

[1] “Жомеул баён” (1\341).
[2] “Тафсири Ибн Касир” (1\354).
[3] “Руҳул маоний (3\101).
[4] “Тайсийрул Карийм” (5\299).
[5] “Ал-ҳужжату фил маҳажжа” (А нусхасининг 15-саҳифаси).

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг