Муздалифага бориш

0

(16) Муздалифага бориш

Арафа куни қуёш ботиши билан ҳожилар Муздалифага йўл олишади. Муздалифага виқор ва оҳисталик билан, одамларга озор бермасдан бориш мустаҳабдир. Борди-ю, йўл очиқ бўлса, тезроқ юришнинг зарари йўқ.

Муздалифага етиб боргач, шом ва хуфтон намозларини бир азон ва икки иқомат билан ўқиб, икки намоз орасида ҳеч қандай нафл ёки суннат намозларини ўқимайди. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам то қуёш ботгунча, уфқдаги сарғишлик озайиб, қуёш гардиши батамом кўздан ғойиб бўлгунча шу алфозда (дуо-илтижо ва зикр қилиб) турдилар. Сўнг Усомани орқаларига мингаштириб олиб, (Муздалифага) йўл олдилар. Туялари Қасвонинг жиловини қаттиқ тортганларидан унинг боши эгарнинг оёқ қўйиладиган жойига тегиши оз қолган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўнг қўллари билан ишора қилиб: «Эй одамлар, оҳиста, оҳиста», дер эдилар. Қачон (арқондек чўзилиб ётган) бирон қум тепаликларига дуч келиб қолсалар, то туя тепаликка чиқиб олгунига қадар жиловни бўш қўяр эдилар. Шу зайлда Муздалифага етиб келдилар. У ерда бир азон ва икки иқомат билан шом ва хуфтонни ўқидилар, бу икки намоз ўртасида ҳеч қандай нафл ёки суннат намозларини ўқимадилар»[1].

Шунингдек, бу вақт асносида талбия айтиш мустаҳаб. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам то “Жамра”га келгунларига қадар талбия айтган эдилар.

[1] Муслим (1218) ривояти.

Изоҳ қолдиринг