Эгизакларга Ҳасан ва Ҳусан деб исм қўйиш шартми?

0

Савол:

Устоз, эгизак ўғил ёки қиз фарзанд туғилса, уларнинг исмини Ҳасан ва Ҳусан ёки Фотима ва Зуҳра деб қўйиш шартми?

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

Дарҳақиқат, авом одамлар орасида кенг тарқаган нотўғри тушунчалардан бири, эгизак туғилган фарзандларга, агар иккиси ҳам ўғил бўлса, Ҳасан ва Ҳусан, агар иккиси ҳам қиз бўлса, Фотима ва Зуҳра дея исм қўйишни шарт деб билишдир.

Уларнинг бундай нотўғри тушунчага боришларига сабаб, Пайғамбаримиз неваралари эгизак туғилгани учун уларга Ҳасан ва Ҳусайин дея исм қўйганлар деб ўйлашларидир.

Бу ҳақда замонамиз уламоларидан бири жазоирлик шайх Абдулҳалим Тавмиёт ҳафизаҳуллоҳ шундай дейди: “(Пайғамбаримизнинг неваралари) Ҳасан ва Ҳусайн эгизак бўлган деган гап авом одамлар орасида кенг тарқалган бўлиб, ким эгизак ўғил фарзанд кўрса бирига Ҳасан, иккинчисига эса Ҳусайн деб исм қўишга одатланишган. Бу авом одамлар орасида тарқаган нотўғри тушунчадир. Зеро, саҳобаларнинг таржимаи ҳоли ҳақида китоблар ёзган ҳеч бир олим Ҳасан билан Ҳусайннинг эгизак бўлганини айтишмаган”.

Тарих китобларида айтилишича, Ҳасан билан Ҳусайн розияллоҳу анҳумо ўртасида бир ёш фарқ бўлган. Қуйида уларнинг таваллуд топган ва вафот этган саналарини зикр қиламиз:

Ҳасан ибн Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳумо ҳижрий учинчи йили рамазон ойининг ўрталарида таваллуд топган бўлиб, ҳижрий қирқ тўққизинчи[1] йили Мадина шаҳрида вафот этади[2].

Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳумо ҳижрий тўртинчи йили шаъбон ойида таваллуд топган бўлиб, ҳижрий олтмиш биринчи йилнинг Ошуро (Муҳаррам ойининг ўнинчи) куни шаҳид бўлади[3].

Демак, Ҳасан розияллоҳу анҳу Ҳусайн розияллоҳу анҳудан бир ёшга катта бўлган. Бинобарин, Пайғамбаримиз улар эгизак бўлганлари учун уларга Ҳасан ва Ҳусайн деб исм қўйганлар, деган гап нотўғри.

Эҳтимол, Ҳусайн исмини бизнинг тилда нутқ қилиш қийинроқ бўлгани боис уни Ҳусан дейилгандир.

Эгизак туғилган қизларга Фотима ва Зуҳра деб исм қўйишга келсак, билишимизча, бу одат фақат биз томонларда, яъни Ўрта Осиё ўлкаларида кенг тарқалган. Бироқ салафи солиҳлардан биронтаси эгизак қизларига Фотима ва Зуҳра деб исм қўйгани маълум эмас.

Катта эҳтимолга кўра, эгизак туғилган қизларга Фотима ва Зуҳра деб исм қўйиш Пайғамбаримизнинг қизлари Фотима розияллоҳу анҳонинг исми ва сифатларидан олинган. Зеро, бир қанча аҳли суннат ва жамоат уламолари Фотима розияллоҳу анҳони Заҳро (юзидан нур таралувчи, порлоқ ва гўзал юзли) деб васфлашган.

Эҳтимол, Заҳро сўзини бизнинг тилда нутқ қилиш қийинроқ бўлгани боис уни Зуҳро деб ўзгартирилгандир.

Хулоса қиладиган бўлсак, эгизак туғилган фарзандларга, албатта Ҳасан ва Ҳусан ёки Фотима ва Зуҳра деб исм қўйиш керак, деган тушунча нотўғри. Балки инсон эгизак фарзандларига хоҳлаган исмини қўйиши мумкин, муҳими, фарзанднинг исми ношаръий маънони англатмаса бўлгани, валлоҳу аълам.

Исмлар ҳақида батафсил маълумот олиш учун қуйидаги фатвомизга мурожаат қилишни тавсия қиламиз:

Қандай исмларни ўзгартириш лозим?

[1] Баъзи уламоларнинг фикрига кўра, Ҳасан розияллоҳу анҳу ҳижрий эллигинчи, айримларининг фикрича, эллик биринчи йилда вафот этган.
[2] “Таҳзибул асмо вал луғот”, 1/158.
[3] “Сияру аъломун нубало” 4/348-371.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг