Қадимги хаворижлар ва бугунги ИШИД: ўртадаги боғлиқлик (4)

0

5) Қўл остиларида бўлмаган барча жойларни куфр диёри деб айтишади

Тарихдан:

Хаворижлар қўл остиларида бўлмаган барча жойларни дорул куфр деб айтишган[1].

Бугунги кундан:

Адноний шундай дейди: “Эй мусулмонлар, хилофат ерига шошилинглар. Зеро, куфр диёрида барча сенга итоат қиладиган бошлиқ бўлганингдан кўра ислом диёрида чўпон бўлганинг яхши”[2].

Ўхшаш тарафи:

Қадимги хаворижлар фақатгина ўзлари идора қилаётган юртларни ислом диёри деб, ўзларининг қўл остида бўлмаган ҳар қандай юртни куфр диёри деб билишган. Бугунги кунда ИШИД ҳам худди шундай эътиқодда: қўл остидаги юртларни ислом диёри, қўл остиларида бўлмаган ерларни эса куфр диёри деб билишади.

6) Фақатгина ўзларини ҳақ деб биладилар

Тарихдан:

Абдуллоҳ ибн Ваҳб Росибий хаворижларга нутқ сўзлар экан, шундай деган: “Тўғри йўлдан оздирадиган бу бидъатларни рад этган ҳолда аҳолиси золим бу қишлоқлардан тоғларга ёхуд бирон шаҳарга чиқайлик”[3].

Бугунги кундан:

Адноний шундай дейди: “Пешволарингиз ҳамда тамсилчиларингиз рофизийлар билан тузган шартномалари сабабли сизларни қоронғу йўлдан киргизишди. Бу йўлдан чиқишингиз учун Исломий давлат сизларнинг (Аллоҳдан кейинги) ягона ва ҳақиқий умидингиздир”[4].

Ўхшаш тарафи:

Қадимги хаворижлар ўзларидан бошқа барчани куфр ва залолат ботқоғига ғарқ бўлган деб билишган. Бугунги ИШИД ҳам ўзларини ислом уммати нажот топиши учун мусулмонларнинг ягона умиди деб биладилар.

7) Ўз фикрларига мутаасибликлари ва ўзларини жаннати деб ҳисоблашлари

Тарихдан:

Хаворижлар Али розияллоҳу анҳунинг қўшини билан урушишга чиқишганида Али розияллоҳу анҳу уларнинг бошлиқлари билан гаплашишни сўраган. Шунда улар бир-бирларига: “Улар билан гаплашманглар, Аллоҳ азза ва жалла билан йўлиқишга тайёрланинглар” деб таъкидлашган ва “жаннатга, жаннатга” дея жар солишган[5].

Бугунги кундан:

Адноний шундай дейди: “Ироқ ва Шомдаги Исломий давлат аскарлари, собитқадамлик ва ишончдан воз кечманглар. Аллоҳга қасам, сизлар очиқ ҳақдасизлар. Дунё ва охират яхшилиги сизларнинг оёғингиз остидадир”[6].

Ўхшаш тарафи:

Қадимги хаворижлар ўзларининг ҳақда эканларини ва борар жойлари жаннат эканини қатъий айтардилар. Шунинг учун ҳам ҳеч ким билан баҳслашишни, бирон бир олим билан гаплашишни истамасдилар. Бугунги ИШИД ҳам ўзлари танлаган йўл ҳақ ва жаннатга элтувчи йўл эканини айтиб, бир-бирларига шу йўлдан чиқмасликни таъкидлашади.

Давоми бор

[1] “Мақолотул исломиййин” (1\87).
[2] “Фаюқталууна ва яқтулуун” номли ёзма баёнотидан.
[3] “Ал-комил фит тарих” (2\82)., “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (7\286).
[4] “Ал-ироқ, Ал-ироқ я аҳлас сунна” номли ёзма баёнотидан.
[5] “Тарихул умам” (3\121)., “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (7\289).
[6] “Ар-роиду лаа якзибу аҳлуҳу” номли ёзма баёнотидан.

Изоҳ қолдиринг