Усмонийлар давлати: Султон Мурод Биринчи (давоми)

0

Биринчи Косово жанги

Султон Мурод Болқон ерларига кириб боргани сербларни анча қаттиқ ташвишга солиб қўйганди. Шунинг учун бўлса керак, султон Мурод Европадан узоқлашган пайтларини пойлаб, серблар усмонийларга қарши бир неча маротаба ҳужумлар уюштиришди. Бироқ бу ҳужумларнинг айтарлик ҳеч бирида усмонийларни енга олишмади. Бу муваффақиятсизликлардан сўнг серблар боснияликлар ва болгарлар билан иттифоқ тузиб, султон Муродга қарши катта салбчи қўшинни ташкил этишди. Бу вақтда султон қўшини билан Косово минтақасига етиб борганди. Салбчилар ва мусулмонлар ўртасида бўлиб ўтган бу қонли жанг мусулмонларнинг ғалабаси билан ниҳоясига етди.

Султон Муроднинг жангдан олдин қилган дуолари

Султон Мурод ўзи кираётган бу жангни фақат ва фақат Аллоҳ йўлидаги жанг деб билар, ғалаба ягона Аллоҳнинг ҳузуридан келишига қаттиқ ишонар эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолога тинимсиз дуо-илтижолар қиларди, жангларида қурол-аслаҳалари ёхуд қўшинининг сонига эмас, балки Аллоҳнинг мададига таянарди. Султон Косово жангидан олдин шундай дуо қилганди:

“Эй Аллоҳ, эй Раҳим, эй осмонлар Парвардигори, эй дуоларни қабул қилувчи Зот! Мени хор айлама, ё Раҳмону ё Раҳим! Мен фақир бандангнинг дуосини шу гал ижобат қил. Бизга ёмғир ёғдир, қора булутларни йўқот, токи биз душманимизни кўра олайлик. Биз Сенинг гуноҳкор қулларингмиз. Сен бандаларга ато этгувчи Ваҳҳобсан, биз эса Сенга муҳтожмиз. Мен Сенинг ҳокисор ва фақир қулингман. Сен барча нарсани биласан, эй ғайбни ва сир-асрорларни ҳамда қалбдаги кечинмаларни билувчи Зот! Мен нафсим учун бирон фойдани кўзламадим ва ғаниматга етишиш дардида ҳам эмасман. Мен фақатгина розилигинга эришишни истайман. Эй Аллоҳ, эй Алим, эй барча нарсани билувчи зот! Сенга жонимни тортиқ қиламан, дуоларимни қабул қил. Мусулмонларни душман олдида чорасиз қолдирма. Ё Аллоҳ, ё Арҳамарроҳимин, мени мусулмонларнинг ўлимига сабабчи қилма, уларни музаффар айла. Ё Раб, жонимни сенга фидо қиламан! Мен доим мусулмонларнинг қўшини ғалабаси учун шаҳид бўлиш истагидаман. Илоҳо, уларга келадиган мусибатларни менга кўрсатма. Илоҳо, мана шу марта Сенинг йўлингда ва Сенинг розилигинг учун шаҳид бўлишни насиб айла”[1].

Бошқа бир ривоятда эса шундай дегани айтилган: “Илоҳо, Сенинг иззатинг ва улуғлигинга қасамки, мен қилаётган жиҳодим ортидан бу ўткинчи дунё талабида эмасман. Иззатинг ва улуғлигинга қасамки, Сенинг йўлингда жанг қилмоқдаман. Шундай экан, Сенинг йўлингда шаҳид бўлишга мени мушарраф айла”[2].

Яна бир ривоятда қуйидагича дуо қилгани айтилган: “Эй Илоҳим ва Мавлом, дуо ва илтижоларимни қабул қил. Ўз раҳматинг билан бизга ёмғир ёғдир, шамол сабабли кўтарилган тўзонлар босилсин. Бизга нур ато эт, олдимиздаги зулматлар очилсин. Токи биз душманларимизнинг жойларини кўра олайлик ва Сенинг азиз динингни юксалтириш йўлида уларга қарши жанг қилайлик.

Эй Илоҳим ва Мавлом, молу мулк, куч-қудрат, барчаси Ўзингники. Буларни хоҳлаганинга берасан, мен ожиз ва фақир қулингман. Сен менинг сирларимни ҳам, ошкора айтганларимни ҳам биласан. Иззатинг ва улуғлигинга қасамки, мен жиҳодим билан ўткинчи дунёнинг арзимас неъматлари талабида эмасман. Мен Сенинг розилигинг талабидаман, менга Сенинг розилигингдан бошқа нарса керак эмас.

Эй Илоҳим ва Мавлом, Сендан улуғ юзинг хотири учун мени барча мусулмонлар учун фидо қилишингни сўрайман. Биронта мусулмон Сенинг ҳақ йўлингдан бошқа йўлда ҳалок бўлишига мени сабабчи қилма.

Эй Илоҳим ва Мавлом, агар менинг шаҳид бўлишим мусулмон лашкарлари ғалабасига сабаб бўлса, мени Ўз йўлингда шаҳид бўлишдан маҳрум айлама. Токи Сенинг ҳузурингда неъматларга сазовор бўлай. Зеро, Сенинг ҳузурингдан азиз жой йўқ.

Эй Илоҳим ва Мавлом, мени Ўз йўлингда жиҳод қилиш бахтига муяссар қилдинг, Ўз йўлингда шаҳид бўлишга ҳам мушарраф қил”[3].

Мазкур дуолар султон Мурод Парвардигорини қанчалар яхши таниганидан нишонадир. У иймон ҳаловатини тотган ва тавҳидни ҳаётига татбиқ қилган эди. Султон Аллоҳдан ўзга ҳеч ким фойда бера олмаслигига, ҳукм, салтанат ва бошлиқлик аслида Аллоҳнинг қўлида эканига ишонарди. Шунинг учун ҳам Аллоҳдан ўзгадан қўрқиш иллатини қалбидан суғуриб ташлашга эришди. Чунки у Аллоҳ таоло барча нарсага қодир ва Ундан ўзга ҳеч ким фойда ҳам, зарар ҳам бера олмаслигига иймон келтирган эди. Бу иймон унга жуда кучли матонат бахш этганди, у жанг майдонида тоғдек мустаҳкам турарди. У ўзининг жони ҳам, мол-мулки ҳам Аллоҳнинг қўлида эканига иймон келтирганди. Шунинг учун Аллоҳ розилигига эришиш йўлида бор-йўғини фидо қилишга тайёр эди, даъватни ёйиш учун жиҳод майдонларига чиққанида ҳеч нарсасини аямас эди.

Султон Муроднинг шаҳид бўлиши

Косово жанги ғалабасидан сўнг султон жанг майдонини айланиб, аскарларнинг аҳволидан хабар олиб, кофирларга қарши жангда жонини берганларнинг ҳаққига дуо қилиб юрганди. Шу вақт ўзини ўликка солиб ётган бир серб жангчи ўрнидан туриб, султон томон югурди. Султоннинг яқинидаги жангчилар уни тутиб қолишди. Серб эса султон билан гаплашиш ниятида эканини, унинг қўлида исломни қабул қилмоқчи бўлганини билдирди. Султон жангчини қўйиб юборишни буюрди. Жангчи султоннинг қўлини ўпмоқчи бўлгандек ёнига яқинлашди ва зудлик билан заҳарланган ханжари билан султонни яралади. Шундай қилиб, ҳижрий 791 йил 15 шаъбон куни султон Мурод шаҳид бўлди[4], Аллоҳ таоло уни Ўз раҳматига олсин!

Султон Муроднинг сўнгги сўзлари

Султон шаҳид этилганида олтмиш беш ёшда эди. Унинг сўнгги сўзлари шундай бўлди: “Ўлимим олдидан ғайбни билувчи ва мен фақирнинг дуосини ижобат айлаган Зотга шукр қиламан. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканига гувоҳлик бераман. Шукр ва мақтовга фақатгина Аллоҳ лойиқдир. Ўлимим олдидан мусулмонларнинг ғалабасини кўрдим. Вафотимдан сўнг ўғлим Боязидга итоат этинглар. Асирларни қийнаманглар, уларга озор берманглар, уларни талон-тарож қилманглар. Шу ондан эътиборан сизларни ва улкан, ғолиб қўшинимизни Аллоҳнинг раҳматига омонат қиламан. Зеро, давлатимизни барча ёмонликлардан Унинг Ўзи сақлайди”[5].

Уруш натижалар

1) Болқон ярим оролида ислом тарқала бошлади. У ердаги обрўли инсонлар ўз ихтиёрлари билан исломни қабул қила бошладилар.

2) Европа давлатлари Усмонийлар давлатига бўлган “меҳри”ни изҳор қилишга мажбур бўлди. Баъзилари жизя тўлаш ҳаракатига тушишди. Баъзилари усмонийларга дўст эканларини эълон қилишди. Европаликлар усмонийларнинг куч-қудратларини кўрганлари сабабли мана шу йўлни танлашга мажбур бўлишди.

3) Усмонийлар салтанати Можаристон ва Руминия давлатларигача етиб борди.

Султон Мурод ҳақида

Султон Мурод салтанатни ўттиз йил улкан ҳикмат ва маҳорат билан бошқарди. Бу борада биронта ҳам замондош сиёсатчи унга тенг кела олмасди. Унинг нақадар улуғ ва адолатли подшоҳ эканини ҳатто душманлари ҳам тан олишган. Бу ҳақда Византия тарихшуноси Лаоник Халхокондил шундай дейди: “Мурод жуда ҳам кўп муҳим ишларни амалга оширган. Онадўли ва Болқон ярим оролида жами бўлиб ўттиз етти марта урушга кирган ва буларнинг барчасидан муваффақиятли чиққан. У ўз қўл остидагиларга ирқи ва динидан қатъий назар, жуда ҳам меҳрибонлик билан муомала қилган”.

Франсуз тарихшуноси Гренард шундай дейди: “Мурод Усмонийлар династиясининг энг улуғ подшоҳларидан бири эди. Агар унинг шахсига баҳо берадиган бўлсак, замонасидаги барча Европа қиролларидан юқори бўлганига гувоҳ бўламиз”.

Султон Мурод отасидан салтанатни қабул қилиб олганида давлатнинг майдони 95 000 км2 эди. Қарийб йигирма тўққиз йилдан сўнг ўғли Боязидга топширганида давлат майдони 500 000 км2 эди. Бу эса султон Мурод ҳукмронлиги даврида давлатнинг умумий майдони беш баробар ортганини англатади.

Хулоса

Султон Муроднинг ҳаётини ўқиган ҳар бир мусулмон шунга амин бўладики, Аллоҳ таолога ҳақиқий қуллик қилиб, Ҳақ олдида бошини эгган инсонни Аллоҳ таолонинг Ўзи ана шундай улуғ мартабага кўтариб қўяди. Иншааллоҳ, келгуси мақоламизда султон Боязид Биринчи ҳақида сўз юритамиз.

[1] “Ал-футуҳул исломийяту аброл усур” китоби, 390-бет.
[2] “Жавониб музийъа” (190).
[3] “Жавониб музийъа” (40-41).
[4] “Тарихи салотини Оли Усмон” китоби, 16-бет.
[5] “Ал-футуҳул исломийяту аброл усур” китоби, 391-бет.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг