Мусулмондан ҳомиладор кофир аёл ўлса қайси қабристонга кўмилади?

0

Савол:

Мусулмон кишига турмушга чиққан аҳли китоб аёл ҳомиладор ҳолатида вафот этса қайси қабристонга дафн этилади?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;
Мусулмон кишига турмушга чиққан аёл мусулмондан бўлган ҳомиласи билан вафот этса, унинг қайси қабристонга қўйилиши ҳақида уламоларимиз турли фикрлар билдиришган. Баъзи уламолар она кофир бўлгани учун кофирлар қабристонига дафн этилади дейишган. Бу фикр Ато роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган. Баъзи уламолар у аёлнинг қорнидаги бола мусулмон эканини эътиборга олган ҳолда мусулмонларнинг қабристонига дафн этилади, дейишган. Бу фикр Умар ва Восила ибн Асқаъ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган. Бироқ бу ривоятнинг саҳиҳлигида ихтилоф бор.

Тўғрироқ фикрга кўра, бундай аёл мусулмонларнинг қабристонига ҳам, кофирларнинг қабристонига ҳам дафн қилинмайди. Балки унинг ўзи учун алоҳида қабр қилинади. Чунки аёл кофир бўлса-да, мусулмондан бўлган ҳомила мусулмон эканида ҳеч қандай хилоф йўқ. Агар аёл кофирларнинг қабристонига қўйилса, бола бундан озорланади. Агар мусулмонларнинг қабристонига қўйилса, қабристондаги бошқа мусулмонлар озорланади. Шунинг учун бундай ҳолатдаги аёл алоҳида қабрга дафн этилади. Мазкур фикр имом Аҳмаддан ривоят қилинган. Айнан шу фикр Восила розияллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилинган.

Бола мусулмон экани ва мусулмон киши қабрга қўйилганда юзи қиблага қаратиб қўйилиши кераклиги учун уламолар бундай ҳолатда аёлнинг орқаси қиблага қаратиб қўйилишини айтишган. Шунда қориндаги мусулмон боланинг юзи қиблага қараган бўлади.

Албатта, бу ҳукмлар тўрт ойдан ошган ҳомилага тегишли. Агар ҳомила тўрт ойга тўлмаган бўлса, унда онаси билан бирга кофирларнинг қабристонига дафн этилишида хилоф йўқ, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг