Шариатимизда “Ҳавл” намозининг асоси борми?

0

Савол:

Бизда бир одат бор. Бир киши жаноза намозига қатнашганидан кейин уйга қайтса, икки ракаат намоз ўқиб, савобини маййитга бағишлайди. Бу намоз ҳавл намози деб номланади. Шу намоз суннатда келганми? Жавоб учун Аллоҳ рози бўлсин!

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Шариатимизда жанозадан кейин маййитга бағишлаб ўқиладиган муайян намоз йўқ. Бу иш бирон шаръий далилга асосланмаган бўлиб, шариатимизда пайдо қилинган бидъатлар қабилидандир. Ушбу бидъат бизнинг диёрларга имомий шиалар томонидан кириб келган бўлса ажаб эмас. Шиалар бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам номларидан ривоят қилинган қуйидаги тўқима ҳадисни далил қилишган. Тўқима ҳадиснинг матни қуйидагича: “Маййит учун биринчи кун жуда ҳам оғир кечади. Шунинг учун маййитларингиз номидан садақа қилиб, уларга раҳм-шафқат қилинглар. Агар садақа қила олмасангизлар, унга атаб икки ракаат намоз ўқинглар” (тўқима ҳадис). Шиалар бошқа уйдирма ривоятларга асосан мазкур намознинг ўқилиш тартибини ҳам тузишган. Уйдирма ривоятларга кўра, бу намоз икки ракаатдан иборат бўлиб, биринчи ракаатида Фотиҳа сурасидан сўнг Оятул курсий ўқилади. Иккинчи ракаатида эса Фотиҳа сурасидан сўнг ўн марта Қадр сураси ўқилади. Намоз тугагач, салавот айтилади ва: “Бу намознинг савобини фалончининг қабрига бағишладим” – дейилади. Бу намоз шом ёки хуфтондан сўнг ўқилиши афзаллиги айтилади.

Шиалар бу намоз биринчи кечада маййитни қабрдаги ёлғизликдан овутади, қийинчиликларини енгиллатади, Аллоҳ таоло шу намоз сабабли унинг қабрини қиёмат кунига қадар кенг қилади, қабрига етмиш минг фаришта юборади, деб эътиқод қилишади. Шунинг учун улар бу намозни “ваҳшат (ёлғизлик) намози” ёки “ҳадя намози” деб аташган. Шиалар ўзларининг бу бидъатларини ривожлантириш учун яна бир уйдирма тўқишган. Унга кўра, қирқ кишига ваҳшат намози ўқиган инсон вафот этганидан сўнг унга атаб бу намоз ўқилишига муҳтож бўлмас эмиш.

Бизнинг шариатимизда бирон бир амал тўқима ва ёлғон ривоятлар билан пайдо қилинмайди. Диндан деб қиладиган ҳар бир амалимиз шаръий далилга асосланган бўлиши шарт. Акс ҳолда, у қабул қилинмайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бизнинг шариатимизга асосланмаган бирон амал қилса у рад этилади” – деганлар (Муслим (1718) ривояти). Бухорий (2550) ривоятида эса: “Ким бизнинг динимизда бўлмаган бирон амални пайдо қилса у рад этилади” – деганлар.

Қабрда бўладиган савол-жавоблар осон кечиши учун бундай бидъат-хурофотларга эмас, саҳиҳ далилларга асосланган суннат амалларга риоя қилиш керак. Масалан, маййитни дафн қилгандан сўнг унинг ҳаққига истиғфор айтиш қабрда бўладиган савол-жавобни енгиллатади. Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам маййитни дафн қилиб бўлгандан сўнг қабр бошида бироз турар ва саҳобаларга: “Биродарингиз ҳаққига истиғфор айтинглар. Чунки у ҳозир сўралмоқда” – дер эдилар (Абу Довуд (3221) ривояти), валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг