Аббосийлар давлати: Ҳорун Рашид даврида хаворижлар

0

Хаворижлар Ҳорун Рашид даврида ҳам фаолият олиб бордилар. Бироқ уларнинг ҳаракатлари нисбатан тор доирага чекланган бўлиб, таъсири кучли бўлмади. Ўша даврда Африкада хаворижларнинг иккита амирлиги мавжуд бўлиб, бири суфрийларники, иккинчиси ибозийларники эди.

Ҳижрий 170 йили Фазл ибн Саид Ҳарурий бош кўтариб чиқди, лекин кўп ўтмай қатл қилинди.

Ҳижрий 178 йили Жазирада[1] Валид ибн Тариф Шорий чиқди ва Жазира аҳлидан жуда кўп инсонни ўлдирди. Шу жумладан, Иброҳим ибн Хозим ибн Хузайма ҳам шу исён асносида Насибин қасабасида ўлдирилди. Сўнг Валид Арменияга йўл олди. Кейинги йили Жазирага қайтиб келди. У ерда шон-шавкати ортди, издошлари кўпайди. Рашид унга қарши Язид ибн Мазид Шайбонийни юборди. У Валид билан Ҳит қишлоғи яқинида тўқнашиб, уни ўлдирди. Ҳорун Рашид Аллоҳ таолога Валид устидан берган ғалабаси шукронасига шу йили рамазон ойида умра ибодатини амалга оширди. Умрадан сўнг Мадинага келиб, у ерда ҳаж мавсумигача турди. Сўнг Маккага йўл олди ва одамларга бош бўлиб, ҳаж ибодатини амалга оширди ва барча ҳаж расм-русумларини яёв  ҳолда адо этди.

Шу йили (179 йил) Хуросонда Ҳамза ибн Атрак Сижистоний бош кўтариб чиқди. У бир жойда муқим турмасдан, яшаш жойини тез-тез ўзгартириб турди. Ҳижрий 185 йилга келиб унинг иши кучайиб кетди ва Хуросоннинг Бозғисида кўп бузғунчиликлар қилди. Сўнгра мағлуб бўлиб, Кобул томонга қочди.

Жазирада 180 йили Хароша Шайбоний деган кимса бош кўтариб чиқди. Унинг устига Муслим ибн Баккор ибн Муслим Ақилий юриш қилиб, уни ўлдирди ва хавориж издошларини таъқиб остига олди.

184 йили Жазирада Абу Амр Шорий исён кўтарди, лекин унинг исёни кўпга чўзилмай, ўзи қатл этилди.

191 йили Ироқнинг Саводида Сарвон ибн Сайф номли бир киши исён кўтариб чиқди. Ҳорун Рашид унинг устига Тавқ ибн Моликни юборди. Тавқ уни мағлубиятга учратишга ва кўплаб издошларини қатл этишга муваффақ бўлди. У Сарвонни ҳам жароҳатлади ва ўлди деб гумон қилди. Бироқ Сарвон ўлмай қолди ва ярадор ҳолида қочиб кетди.

[1] Жазира – Фурот ва Дижла оралиғидаги ўлка.

Изоҳ қолдиринг