Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Одамлар орасида

0

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифаси ўлароқ мусулмонлар орасида яшар экан, фурсат топилди дегунча одамларга таълим берар, амри маъруф ва наҳий мункар билан машғул бўлар эди. Унинг ҳаёти раият учун ҳидоят, иймон ва гўзал ахлоқлар намунасига айланган эди.

Қўй соғиши, кўзи ожиз кампирга қарашиши, Умму Айманни зиёрат қилиб туриши

Халифа бўлишидан илгари маҳалла-кўйга қарашар, бировларнинг қўй-эчкиларини соғиб бериб турарди. Халифаликка сайланганидан сўнг маҳалла аҳлидан бўлган бир жория: “Бўлди, энди у бизнинг қўйларимизни соғмайди”, деди. Абу Бакр унга: “Йўқ, қасамки, мен қўйларингизни соғиб бериб тураман. Умид қиламанки, ўзимга топширилган бу мансаб менинг илгариги хулқ-атворимни ўзгартириб қўймайди”, деди. Кейин ҳам у уларнинг қўй-эчкиларини соғиб бериб турди. Шу ҳолатда Сунҳда олти ой турди, кейин Мадинага кўчиб ўтди[1].

Бу Абу Бакрнинг гўзал ахлоқидан кичик бир мисолдир. Ёши ҳам, обрў-эътибори ҳам улуғ бўлган, мусулмонларнинг халифаси бўлиб турган зотдаги тавозени кўринг. Халифалик мансаби унинг одамларга бўлган муомаласини ўзгартирмаслигини айтмоқда ва дарҳақиқат шундай бўлди ҳам.

Гўзал ахлоқ Аллоҳга бўлган иймоннинг самараси бўлиб, Абу Бакр Сиддиқ шахсиятида мужассам бўлган гўзал хулқлардан бири унинг камтарлик хислати эди.

Кўпинча туясининг тизгини тушиб кетса, ўзи тушиб олар эди. Бизга айтсангиз олиб берардик, дейилса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни одамлардан ҳеч нарса сўрамаслика буюрганлар, деб жавоб берарди[2].

Сиддиқ розияллоҳу анҳу қуйидаги каби оят ва ҳадисларда айтилган камтарлик ва тавозелик хислатини тушуниш ва ҳаётга татбиқ қилишда биз учун чиройли намуналар қолдирди. Масалан, Аллоҳ таоло золим ва мутакаббир кимсалар ҳақида шундай дейди: “Бас, Биз уни ва лашкарларини ушладик-да, денгизга ташладик. Энди сиз у золим кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг” [Қасас: 40]. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Садақа молни камайтирмайди, банданинг афв қилиши туфайли Аллоҳ таоло унинг азизлигини зиёда қилади, бирон киши Аллоҳ учун тавозе қилса, Аллоҳ уни албатта юксалтиради”[3].

Ушбу хулқ-атвори уни мудом мусулмонлар хизматига, хусусан заиф-муҳтож бўлган кишиларнинг оғирини енгил қилишга ундарди. Абу Солиҳ Ғифорийдан ривоят қилинади: Умар ибн Хаттоб Мадинанинг четроғида турадиган кўзи ожиз бир кампирнинг ҳолидан хабар олиб турар, тунда келиб, ишларини қилиб бериб кетар эди. Бир куни келса, бошқа биров ундан олдин келиб, кампирнинг ишларини қилиб бериб кетибди. Кейинги кунлари ҳам шу ҳолат такрорланди. Умар у кишининг кимлигини билиш учун эртароқ келиб пойлаб турди. Қараса, уйдан Абу Бакр чиқиб келди. Абу Бакр ўша кунлари мусулмонлар халифаси эди[4].

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг Абу Бакр Умарга: “Юринг, Умму Айманни зиёрат қиламиз, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам зиёрат қилиб турардилар”, деди. Ҳузурига кириб боришгач, Умму Айман уларни кўриб йиғлади. Улар унга: “Нега йиғлайсиз? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун Аллоҳ ҳузуридаги нарса яхши-ку”, дедилар. У деди: “Мен бунинг учун йиғламадим. Албатта, мен Аллоҳ ҳузуридаги нарса Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун яхшилигини биламан. Мен у зот вафот этишлари билан осмондан ваҳий тушиши тўхтаб қолгани учун йиғлаяпман”, деди. Умму Айманнинг йиғисидан юраклари тўлиб, улар ҳам йиғлаб юбордилар[5].

Ҳеч кимга гапирмасликни назр қилган аёлга насиҳат қилгани

Абу Бакр розияллоҳу анҳу жоҳилий ишлардан ва динда бидъат чиқаришдан қайтарар эди, ислом амалларига ва суннатни маҳкам ушлашга чақирар эди. Қайс ибн Ҳозим айтади: Абу Бакр розияллоҳу анҳу Зайнаб исмли бир аёлнинг ҳеч кимга гапирмасдан ҳаж қилишни ният қилганини эшитиб, унга: “Гапиргин, бу ишинг яхши эмас, бу жоҳилият ишларидан”, деди. Шундан сўнг у гапиришни бошлади[6].

 

[1] Ибн Саъд, “Табақот” (3/186).
[2] Маҳмуд Шокир, “Ат-тарихул исломий” (8).
[3] Муслим ривояти (2588).
[4] Тантовий, “Абу Бакр Сиддиқ”
[5] Муслим ривояти (2454).
[6] Бухорий (3834).

Изоҳ қолдиринг