Бошқа динларнинг хатнага муносабати

0

Савол:

Исломдан бошқа динларда ҳам ўғил болаларни хатна қилиш борми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Биринчидан: ўғилни ҳам, қизни ҳам хатна қилиш шариатимизда собит амаллардан бири саналади. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Беш амал: хатна қилиш, аврат тукларини тозалаш, тирноқни олиш, қўлтиқ тукларини юлиш ҳамда мўйлабни қисқартириш фитратдандир” – деган гаплари далил бўлади (Муслим (257) ривояти). Қиз болани хатна қилиш мустаҳаб. Ўғил болани хатна қилиш суннатми ёки вожибми, бу ҳақда уламоларимизнинг икки хил фикрлари бор.

Иккинчидан: биринчи бўлиб хатна қилган киши Иброҳим алайҳиссалом бўлган. Бунга Саид ибн Мусайяб роҳимаҳуллоҳнинг: “Иброҳим алайҳиссалом биринчи бўлиб меҳмонларга зиёфат қилган, биринчи бўлиб хатна қилган, биринчи бўлиб қарилик аломатини кўрган инсондир” – деган сўзи далил бўлади. Шунингдек, Ибн Абдулбар роҳимаҳуллоҳ Иброҳим алайҳиссалом биринчи бўлиб хатна қилган инсон эканларига ижмо қилинганини айтган (“Ат-тамҳид”, 23\59). Қуртубий роҳимаҳуллоҳ: “Иброҳим алайҳиссалом биринчи бўлиб хатна қилган зот эканига уламоларимиз ижмо қилишган” – деган (“Тафсирул Қуртубий”, 2\98).

Учинчидан: Иброҳим алайҳиссаломнинг зурриётларидан чиққан барча пайғамбарлар хатна қилиш диндан эканини таъкидлашган. Шунингдек, уларнинг издошлари ҳам бу амални татбиқ қилиб келишган. Масалан, яҳудийлар ҳанузгача хатна қилишни диндаги муқаддас амаллардан бири деб биладилар. Тавротнинг Ибтидо китобида шундай дейилади: “Мана шу мен билан сизлар ҳамда зурриётларингиз ўртасидаги аҳддир. Сизлар бу аҳдга вафо қиласизлар: ҳар бир ўғил бола хатна қилингай” (Ибтидо китоби, 10:17). Баъзи христиан черковлари хатна қилишга қарши чиқишган бўлса-да, аксар христианлар бу амал аслида ўз динларида бўлганини тан олишади. Ҳатто, Исо алайҳиссаломнинг ўзлари ҳам туғилганларида (баъзи манбаларга кўра саккиз кунлигида) яҳудий одатларига кўра хатна қилинганлар, буни ҳеч бир христиан черкови инкор қилмайди. Варнава инжилида Исо алайҳиссалом: “Мен сизларга ҳақни айтаман, хатна қилинмаган инсондан кўра ит яхши” – дегани айтилган. Шунинг учун баъзи черковлар хатна қилишни диндан дейишса, баъзилари бу амал тиббий жиҳатдан афзал, бироқ динга алоқаси йўқ, хатна қилиш яҳудийлардан қолган амал бўлгани учун Исо алайҳиссалом хатна қилинган, лекин асл христианликда бу амал асоссиз, деб билишади.

Тўртинчидан: хатна қилиш фақатгина оташпарастлик ва бутпарастлик каби бирон самовий китобга асосланмаган динларда йўқ.

Хулоса шуки, хатна қилиш Иброҳим алайҳиссаломдан кейинги барча пайғамбарларнинг динида бор амал. Бунга юқоридаги ҳадис ҳам далил бўлади. Чунки мазкур ҳадисдаги “фитратдандир” сўзини уламоларимиз “ўтган пайғамбарларнинг йўлидандир” деб изоҳлашган. Баъзи христианлар бу амални турли баҳоналар билан инкор қилишлари ҳеч қандай эътиборга лойиқ эмас, валлоҳу аълам.

Фатво рақами: 18002

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг