Усмон розияллоҳу анҳу: Қасос, жазо ва таъзирлар борасида чиқарган ҳукмлари (2)

0

Тажовузкорлик жинояти жазоси

Биров бировнинг моли, жони ё номусига тажовуз қилса, тажовузга учраган киши тажовуз асносида босқинчини ўлдириб қўйса, унга жазо берилмайди. Ибн Ҳазм “Муҳалло”да шундай ривоят қилади: Бир киши хотинини бегона киши билан ушлаб олиб, у кимсани ўлдириб қўйди. Унинг иши Усмонга олиб чиқилганида у унинг қонини бекор қилди[1].

Муртаднинг жазоси

Муртад бўлган кимсага тавба қилиши учун уч кун муҳлат берилади. Агар шу муддат ичида тавба қилмасдан, муртадлигида қолса, уни қатл этилади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Кўфада диндан қайтиб, муртад бўлган ва Мусайлама каззобнинг гапларини тарқатиб юрган бир талай кишиларни қўлга олди. Сўнг улар ҳақида амирулмўъминин Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга ёзиб юборди. Усмон унга шундай жавоб йўллади: “Уларни ҳақ динга қайтишга ва “Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун Расулуллоҳ” деб калима келтиришга таклиф қил. Ким қабул қилса ва Мусайламадан воз кечса, уни ўлдирма. Ким Мусайламанинг динида қолаверса, уни ўлдир”. Улардан баъзилари унинг таклифини қабул қилиб, Мусайламанинг динини тарк этишди, баъзилари унинг динида маҳкам туриб, ўлдирилишди[2].

Одам ўлдирдим, менга тавба имкони борми?

Бир киши Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан: “Мен одам ўлдирдим, энди менга тавба қилиш имкони борми?”, деб сўради. Усмон унга “Ғофир” сурасининг бошидаги оятларни ўқиб берди: “Ҳа, Мим. (Ушбу Қуръон) қудратли ва билувчи, гуноҳни мағфират қилувчи, тавба-тазарруни қабул қилувчи, азоби қаттиқ ва инъом-эҳсон эгаси бўлмиш Аллоҳ томонидан нозил қилинган Китобдир” [Ғофир: 1-3]. Сўнг унга: “Амал қил ва ноумид бўлма”, деди. Айтиб ўтиш лойиқки, гуноҳдан тавба қилишда агар у бандаларнинг ҳақ-ҳуқуқларида содир этилган бўлса, аввал ҳақларни эгаларига қайтариш ё эгалари ундан воз кечиши шарт қилинади[3].

Ичкиликбозлик жазоси

Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам агар озод (қул бўлмаган) киши маст қилувчи ичимлик ичса, унга қирқ дарра урдириш жазосини қўллар эдилар. Одамлар оёқ кийимлари билан ва кийимларининг чети билан уриб, ушбу жазони амалга оширар эдилар ва шу билан унинг таъзирини берардилар.  Абу Бакр даврида ҳам, Умар ибн Хаттоб халифалигининг илк даврларида ҳам шундай давом этди. Кейинроқ Умар розияллоҳу анҳу одамлар бу жазони писанд қилмай, ичишдан тийилмаганларини кўргач, саҳобалар билан маслаҳатлашиб, ичкиликбозликнинг жазосини саксон даррага оширди. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ичкилик ичган озод кишини қирқ дарра урдиргани ҳам, саксон дарра урдиргани ҳам ривоят қилинган. Буни у ўз хоҳиш-ҳавосидан келиб чиқиб қилмади. Балки у ичкиликбозларни икки тоифага ажратди, шайтон йўлдан оздириб ароқ ичиб қўйган кимсага бериладиган жазони ичкиликка муккасидан кетган кимсага бериладиган жазо билан бир хил қилмади. Йўлдан озиб, биринчи марта ичган кишини қирқ дарра билан жазолади, ароқхўрликка муккасидан кетган кимсага эса саксон дарра жазо қўллади. Гўё бу билан аввалги қирқ даррани жазо сифатида, кейинги қирқ даррани эса таъзир бўлиши учун урарди[4].

Ота бошқа иниси Валид ибн Уқбага жазо бергани

Ҳусойн ибн Мунзир айтади: Усмон ибн Аффон ҳузурига ота бошқа иниси Валид ибн Уқбани олиб келинди. Унга қарши икки киши ароқ ичгани ҳақида гувоҳлик берди, бошқа бир киши эса унинг қусаётганини кўрганига гувоҳлик берди. Усмон: “Ичгани учун қусган”, деди, сўнг уни дарралашга буюрди. Абдуллоҳ ибн Жаъфар дарралади, Али санаб турди. Қирқ даррага етгач, Усмон: “Бўлди, бас”, деди. Сўнг: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қирқ дарра урдирганлар, Абу Бакр ҳам қирқ дарра урдирганлар, Умар саксонта урдирганлар, барчаси суннат, менга шуниси маъқул”, деди[5].

Ёш бола ўғирлик қилса

Ўғрига жазо қачонки у балоғатга етган, ақли-ҳуши жойида, ҳалол-ҳаромнинг фарқига борувчи киши бўлсагина берилади. Усмон ҳузурига ўғирлик қилган бир болани олиб келинди. У унинг киндигидан пастини очиб кўришни буюрди. Очиб кўришган эди, ҳали тук чиқмаган экан. Унга қўл кесиш жазосини бермади[6].

Бузуқликка ишора қилувчи сўз билан ҳақорат қилган кишини жазолагани

Усмон розияллоҳу анҳу таъриз билан, яъни очиқ айтилмаган, бироқ ундан бадном қилиш маъноси кўзда тутилган сўз айтган кишига бадном қилувчиларга бериладиган жазони бердирарди. Бир одам бировни “Эй фалон хотиннинг боласи” деб, онасини бузуқликка ишора этувчи сўз билан атаганида Усмон унга покиза аёлларни бадном қилувчиларга бериладиган дарралаш жазосини бердирди. Унинг “Бу сўздан мен фалон нарсани кўзда тутган эдим”, деганини инобатга олмади[7].

Зинокорнинг жазоси

Эркак ёки аёлнинг зино қилгани исботини топса, зинокор агар муҳсон (эрли ё хотинли) ва озод бўлса, уни тошбўрон қилиб ўлдирилади. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу даврида бир муҳсона аёл зино қилганда уни тошбўрон қилишга ҳукм қилди, ҳукм ижросида ўзи иштирок этмади[8].

Жанозадаги тиқилинчни тарқатгани

Абдураҳмон ибн Язид айтади: Аббос ибн Абдулмутталиб вафот этганида унинг жанозасида одам кўплигидан жуда тиқилинч бўлиб кетди, уни Бақеъга олиб келдилар. Мен бу қадар кўп одам қатнашган жанозани кўрмаган эдим. Одам кўплигидан унинг тобутига яқинлашиш имкони йўқ эди. Тобут асосан Бани Ҳошим уруғи қўлида эди. Қабр устига етиб келишгач, тиқилинчнинг зўридан майитни қабрга қўйиш муаммога айланди. Шунда Усмон четга чиқиб, оломон устига миршабларни юборди, улар одамларни уриб-суриб, Бани Ҳошимдан четлатишди. Шундан сўнг Бани Ҳошим бемалол қабрга тушиб, уни дафн қилдилар[9]. Бу эса ўша даврда миршаблар бўлганига далолат қилади. Баъзи тарихчиларга кўра, Усмон розияллоҳу анҳу миршаббоши мансабини тайин қилган биринчи халифадир. У бу вазифани Мадинада улуғ саҳоба Муҳожир ибн Қунфуз ибн Умайр Қурашийга топширганди[10]. Кўфада Абдураҳмон Асадий Усмоннинг волийси Саид ибн Оснинг миршаббошиси эди. Нусайр ибн Абдураҳмон Усмоннинг Шомдаги волийси Муовия ибн Абу Суфённинг миршаббошиси эди.

 

[1] “Мавсуату фиқҳи Усмон” (103-бет).
[2] Сунани Байҳақий (8/17).
[3] “Мавсуату фиқҳи Усмон” (93-бет).
[4] “Мавсуату фиқҳи Усмон” (93-бет).
[5] “Шарҳ Нававий ала Саҳиҳи Муслим” (11/216).
[6] “Мавсуату фиқҳи Усмон” (171-бет).
[7] “Мавсуату фиқҳи Усмон” (247-бет).
[8] Аввалги манба (164-бет).
[9] “Табақот” (4/32).
[10] “Тарихи Халифа ибн Хайёт” (179-бет).

Изоҳ қолдиринг