Назр қилинган қўйнинг гўшти қандай тақсимланади?

0

Савол:

Бир неча йил муқаддам ҳожатим битишини сўраб битта қўй сўйишни назр қилгандим. Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳ сўраганимга етказди. Саволим шуки, назр учун сўйилган қўй қай тарзда тақсимланади? Ўзимизга қанчаси тегиши керак?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Аввало шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, инсон бирон ҳожати битиши шарти билан Аллоҳга тоат-ибодат қилишни назр қилиши макруҳ саналади ва бу турдаги шартга боғлиқ назрлар тақдирни ўзгартирмайди. Бу турдаги назр ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Назр қилманглар. Зеро, назр тақдирни ўзгартира олмайди. Бундай назр орқали бахиллардан садақа чиқарилади” – деганлар (Муслим (3096) ривояти). Бирон шартга боғлиқ назр қилиш макруҳ бўлса-да, бироқ унга вафо қилиш шарт.

Назр қилинган қўйнинг тақсимотига келадиган бўлсак, назр қилиш вақтида бу қўй кимларга берилишини, масалан, камбағалларга ёки етимларга беришни ният қилган бўлсангиз, у ҳолда бу қўйнинг гўшти фақат ўша инсонларга берилиши керак ва у гўштдан сиз ҳам, назр вақтида ният қилинмаган бошқалар ҳам олиши мумкин эмас. Агар назр асносида кимга бериш ҳақида умуман ўйламаган бўлсангиз, унда ҳам назрдан ўзингиз олишингиз мумкин эмас. Борди-ю, урф-одатга кўра, назр қилган киши назридан ўзи ҳам олиши оддий ҳол бўлса, унда сиз ҳам бу қўйнинг гўштидан олишингиз дуруст. Акс ҳолда, уни фақат садақага лойиқ инсонларга тарқатишингиз керак бўлади, валлоҳу аълам.

Садақа олишга кимлар лойиқ экани ҳақида батафсил маълумот олиш учун “Садақа кимларга берилади?” номли фатвога мурожаат қилинг.

Фатво рақами: 2320001

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг