Жумҳур илм аҳли тижорат молларидан закот бериш фарз дейишган. Бунга закотнинг фарзлиги тўғрисидаги бир қанча умумий далилларни ҳужжат қилишган.
Жумладан:
(1) Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад), мусулмонларнинг молларидан уларни (гуноҳлардан) поклайдиган ва (хайр-барака ва ҳасанотларини) ўстирадиган закотни олинг» [Тавба: 103].
(2) Аллоҳ таоло айтади: «Уларнинг молларида (муҳтожлигини ошкор қилиб садақа) сўраган ва (ор-номус қилиб, одамлардан ёрдам сўраманлиги боис садақадан) маҳрум кишилар учун (бериладиган) ҳақ (закот) бор» [Зориёт: 19].
(3) Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жумладан шундай дейдилар: “...Агар улар бу нарсага итоат этсалар, у ҳолда Аллоҳ таоло уларга бойларидан олиниб камбағалларига бериладиган садақа (закот)ни фарз қилганини билдиргин…”[1].
Абу Бакр ибн Арабий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳ таолонинг «Уларнинг молларидан (садақа) закот олинг», деган сўзи тури, номи, нима мақсадда олинган бўлишидан қатъий назар ҳар қандай мол-мулкларни ўз ичига олади. Кимда ким бу оятдан муайян мол-мулклар назарда тутилган деса, далил келтирсин»[2].
Жассос роҳимаҳуллоҳ «Аҳкомул Қуръон»да шундай дейди: «Бир гуруҳ салаф уламоларидан оятдаги «қўлга киритган мол-мулклар»дан тижорат моллари назарда тутилганлиги ривоят қилинган. Ҳасан (Басрий) ва Мужоҳид шулар жумласидан. Мазкур оятдан (тижорат молларидан) бошқа ҳар қандай мол-мулклардан ҳам закот бериш вожиблиги келиб чиқади. Чунки ундаги «қўлга киритган» деган сўз уларни ҳам ўз ичига олади»[3].
Абу Бакр ибн Арабий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Уламоларимиз айтишади: «Аллоҳ таолонинг «қўлга киритган» деган сўзидан мақсад тижорат бўлса, «сизлар учунердан чиқариб қўйган» деган сўзидан мақсад экинлардир»[4].
5) Шунингдек, уламолар тижорат молларидан закот бериш вожиблигига Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг қуйидаги сўзини ҳам далил қилишган: «Аллоҳга қасамки, агар улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бериб келишган биргина арқонни беришдан бош тортсалар, албатта бунинг учун уларга қарши уруш очаман»[5].
Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Хаттобий баъзи уламолардан нақл қилишича, (Сиддиқ сўзининг) маъноси қуйидагича: «Агар тижорат молларидан бўлган бир арқонни менга беришдан бош тортсалар…». Албатта бу тўғри таъвил-изоҳдир»[6].
(6) Шунингдек, Умар, Абдуллоҳ ибн Умар ва Ибн Аббос каби саҳоба розияллоҳу анҳумлардан нақл қилинган сўзлар ҳам тижорат молларидан закот чиқариш вожиблигига далолат қилади.
Абдураҳмон ибн Абдулқорийдан ривоят қилинади: «Умар ибн Хаттоб замонасида байтилмолда бошлиқ бўлган эдим. Умар розияллоҳу анҳу одамларга ҳадя улашиш учун чиқса, тожирларнинг мол-мулкларини кўздан кечириб, бу мол-мулклардан тожирларнинг қўлидагисини ҳам, бошқа ердагиларини ҳам ҳисоб-китоб қилиб, ҳаммасини закотини уларнинг қўлидаги моллардан олар эди»[7].
Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади: «Тижорат учун ҳозирланган ун ёки газламалардан закот чиқарилади»[8]. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан яна шундай дегани нақл қилинган: «Тижорат қилиш мақсадида олинган тижорат молларидангина закот чиқарилади».
Ибн Мунзир ва Абу Убайднинг нақл қилишича, уламолар тижорат молларидан закот чиқариш вожиблигига ижмо қилишган. Бу борада зоҳирийлар бошқа уламоларга хилоф қилишган.
Ибн Мунзир роҳимаҳуллоҳ айтади: «Уламолар тижорат учун олинган тижорат молларига бир йил ўтиши билан закот вожиб бўлишига ижмо қилишган»[10].
Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: «Тижорат молларидан закот чиқариш вожиб деган фикр Умар ва Абдуллоҳ ибн умар ҳамда Ибн Аббосдан ривоят қилинган. Шунингдек, бу фикрни «етти фақиҳлар»[11], Ҳасан (Басрий), Жобир ибн Зайд, Маймун ибн Миҳрон, Товус, Нахаий, Саврий, Авзоий, Шофеий, Абу Убайд, Исҳоқ ва «асҳоби раъй» (ҳанафийлар) ҳам айтишган»[12]. Ибн Қудома «Ал-муғний»да айтишича, бу ҳанбалийларнинг ҳам фикридир.
Демак, бу жумҳур уламолар фикридир. Зоҳирийларнинг фикрича, тижорат молларидан закот берилмайди. Шундай бўлса-да, Ибн Ҳазмнинг айтишича, тижоратчилар зиммасида тижорат молларидан бериладиган закот бор бўлиб, бироқ унинг миқдори белгиланмаган. Уни ҳар бир тожирнинг ўзи кўнглидан чиқариб бермоғи керак. Ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу чекланмаган фарз закотдир. Уни ҳар ким кўнглидан чиқариб беради ва у беҳуда сўзлар ва қасамлар сингари савдо-сотиққа аралашиб қолган ножўя ишлар учун каффорат бўлади»[13].
[1] Бухорий (1458), Муслим (19), Абу Довуд (1584), Термизий (625), Насоий (2\5) ва Ибн Можа (1783) ривояти. [2] «Шарҳи Термизий» (3/104). Мазкур оятни далил қилиш унчалик тўғри келмайди. Чунки сабзавотлар, от, қуллар ва бошқа шу каби мол-мулклар борки, улардан закот берилмайди. [3] “Аҳкомул Қуръон” (1/345). [4] “Аҳкомул Қуръон” (1/235). [5] Бухорий (1399, 1456), Муслим (20), Абу Довуд (1556), Термизий (2606), Насоий (5/14, 7/77) ривояти. [6] «Шарҳи саҳиҳи Муслим» (1/209). [7] Ибн Абу Шайба (2/407), Ибн Ҳазм (5/347) ва Абу Убайд (“Ал-амвол”, 429-бет) ривояти. Ибн Ҳазм саҳиҳ деган. [8] Байҳақий (4/147) ривояти. [9] Ибн Ҳазм “Ал-муҳалло”да (5/348) ривоят қилган. Шайх Албоний “Тамомул минна”да (364-бет) саҳиҳ деган. [10] “Ал-ижмоъ” (14-бет). [11] “Етти фақиҳлар” – Мадинаи Мунавварада бир вақтда яшаб ўтган еттита тобеин уламолар: Саид ибн Мусайяб, Урва ибн Зубайр, Қосим ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр, Убайдуллоҳ ибн Утба ибн Масъуд, Хорижа ибн Зайд ибн Собит ва Сулаймон ибн Ясорлардир. [12] “Ал-муғний” (3/30). Қаранг: Абу Убайд, “Ал-амвол”, (33-бет). [13] “Ал-муҳалло” (5/349).