Муфассирлар: Ибн Касир (2) Устозлари, эгаллаган мансаблари ва шогирдлари

0

Ўтган мақоламизда Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ отасининг вафотидан сўнг ҳижрий 707 йилда акаси Абдулваҳҳоб ҳамроҳлигида Дамашққа кўчиб ўтгани ҳақида айтиб ўтган эдик. Дарҳақиқат, Дамашқ ўша даврда ислом ўлкаларининг илм маркази ҳисобланар, унда оламга донғи кетган бир қанча мадраса ва таълим муассасалари фаолият юритар эди.

Аллома Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ илмга муҳаббати баланд, интилувчан эди. Шу боис замонасидаги талай буюк ва етук уламолар дарсларига қатнашиб, улардан кўплаб илмлар олади. Ибн Касир роҳимаҳуллоҳнинг устозларини номма-ном зикр қиладиган бўлсак, адоғига етиш қийин. Лекин қуйида Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ таълим олган ва улардан таъсирланган айрим устозларини зикр қиламиз.

Устозлари:

Аллома Бурҳониддин Абдулмўмин ибн Халаф Димётий, зоҳид олим Абу Яҳё Закариё ибн Юсуф Бажалий Шофеий, Абдуллоҳ ибн Зубандий Наҳвий[1], Қосим ибн Асокир, Абу Наср Шерозий, Зоҳирия ҳадис маркази шайхи Исҳоқ ибн Яҳё Омудий, шофеий мазҳаби олими Камолиддин ибн Замлаконий, шайхулислом Ибн Таймия, машҳур “Таҳзибул камол” ва “Атрофул кутубус ситта” китобларининг муаллифи Абул Ҳажжож Юсуф Миззий, аллома Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад Заҳабий.

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ мазкур устозлари орасида кўпроқ шайхулислом Ибн Таймиядан таъсирланади. Шайхулислом билан бирга бўлиб, ундан таълим олади. Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ қолган устозларига нисбатан шайхулисломни ўзгача эҳтиром қилар, қўлидан келгунча уни ҳимоя этарди. Кўп масалаларда шайхулисломнинг фикрига эргашарди. Шулардан бири бир лафз билан айтилган уч талоқдан бир талоқ тушиш масаласи. Ибн Касир ҳам шу фикрни ёқлагани сабабли кўп таъна тошларига учрайди. Ўзининг барча китобларини, хусусан, тафсир китобини ёзишда шайхулисломнинг илмидан фойдаланади.

Аллома Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳдан таълим олади. Ибн Таймияни қаттиқ яхши кўргани сабабли кўплаб мусибатларга дучор бўлади[“Дурарул комина”, 1/445].

Шунингдек, устозлари орасида аллома Абул Ҳажжож Миззийнинг дарсларига мунтазам қатнашиб, у ёзган китобларни пухта ўзлаштиради ва унинг суюкли шогирдларидан бирига айланади. Ҳатто, Миззий ўз қизи Зайнабни Ибн Касирга турмушга беради.

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ илмни асосан Ибн Таймия, Абул Ҳажжож Миззий ва Заҳабий сингари муҳаддис ва муҳаққиқ уламолардан олади. Бу ўз навбатида унинг дунё қараши ва илмдаги манҳажи (услуби) муҳаддис ва муҳаққиқ уламолар дунё қараши ва услубида бўлишига таъсир ўтказади. Шу боис Ибн Касир роҳимаҳуллоҳнинг ёзган китобларига назар соладиган бўлсак, у бирон масала ҳақида сўз юритса ўша масала борасида келган ҳадисларнинг саҳиҳ-заифлиги, уламолар билдирган фикрлар орасида қайси бири тўғрироқ эканини тадқиқот қилишга киришиб кетишини кўришимиз мумкин.

Эгаллаган мансаблари:

Аллома Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ дин-диёнатли, илмли, тақводор, камтар иносон бўлгани боис подшоҳлар, олиму фузалолар ҳамда авом одамлар диний ва ижтимоий масалаларда фатво сўрайдиган ишончли олимлардан бирига айланади. Ибн Касир ҳаёти давомида бир қанча мадраса ва таълим муассасаларига мудирлик қилиб, турли фанлардан дарс беради. Қуйида улардан энг машҳурларини зикр қиламиз:

1 – Нажийбия мадрасаси. Ушбу Мадраса амир Оққуш Нажийбий томонидан барпо қилинган бўлиб, шофеий мазҳабига оид фиқҳ фанидан таълим берадиган мадраса бўлган[2].
2 – Турбату Умму Солиҳ номидаги Қуръон ва ҳадис маркази. Устози Заҳабий вафотидан сўнг ушбу мадрасада дарс бера бошлайди[3].
3 – Ашрафия мадрасаси. У Дамашқ шаҳридаги ҳадис илмини таълим беришга ихтисослашган энг катта мадрасалардан бири бўлган. Мадрасани подшоҳ Ашраф Мусо ибн Молик Одил қурдирган бўлиб, ҳижрий 630 йилнинг шаъбон ойида ишга тушган. Тақийюддин Субкий вафотидан сўнг Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ушбу мадрасага мудир этиб тайинланади. Аммо бу мансабда узоқ вақт ишламайди[4].
4 – Танказия номидаги Қуръон ва ҳадис маркази. У амир Сайфуддин Танказий томонидан қурилган бўлиб, қурилиш иши 728 йилда бошланган. Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ устози имом Заҳабийнинг вафотидан сўнг ушбу марказга мудир этиб тайинланади[5].
5 – Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ Фавқоний жоме масжидида дастлаб хутба қилган имом саналади[6].
Шунингдек, Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ оламга донғи кетган Дамашқдаги Умавий жоме масжидида ҳам тафсирдан дарс берган[7].

Шогирдлари:

Аллома Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ҳаёти давомида бир қанча мадраса ва таълим муассасаларида мудирлик ва устозлик қилгани боис унинг қўлида минглаб шогирдлар етишиб чиқади. Қуйида уларнинг энг машҳурларини зикр қиламиз:

1 – Абул Маҳосин Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан Дамашқий. Ҳусайний лақаби (тахаллуси) билан машҳур бўлган. Ҳижрий 715 йилда туғилиб, 765 йилда вафот этган[8].
2 – Имом Бадриддин Муҳаммад ибн Баҳодир Заркаший. Дамашқда Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ билан учрашиб, ундан таълим олган. У “Бурҳон фи улумул Қуръон” китобининг муаллифи.  Ҳижрий 745 йилда туғилиб, 794 йилда вафот этган.
3 – Абу Жаъфар ибн Унқа Яшкурий. Ҳижрий 804 йилда вафот этган.
4 – Саъдуддин Саъд ибн Юсуф ибн Исмоил Нававий Шофеий. Ибн Касирдан ҳадис илмини таълим олган. Ҳижрий 805 йилда вафот этган.
5 – Буюк аллома Зайниддин Абдураҳим ибн Ҳусайн ибн Абдураҳмон Ироқий Курдий Шофеий. Ироқий лақаби (тахаллуси) билан машҳур бўлган. Ҳижрий 725 йилда таваллуд топган. Талай уламолар унинг чуқур илм ва юксак фазилат соҳиби эканини айтишган. Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ҳам шулар жумласидан. Ҳижрий 806 йилда вафот этган[9].
6 – Шиҳобиддин Аҳмад ибн Муҳаммад Дамашқий. Саловий Шофеий тахаллуси билан машҳур бўлган. Ҳижрий 813 йилда вафот этган.
7 – Буюк ислом муаррихи аллома Аҳмад ибн Алоуддин ибн Ҳажжий ибн Мусо Дамашқий Шофеий. У Ибн Касир ва Ибн Рофеъдан ҳадис илмини ўрганади. Олти йил Ибн Касир роҳимаҳуллоҳдан ажрамай, ундан кўплаб илм олади. Унинг талай китоблари бор. “Зайл ало тарихи Ибн Касир” (Ибн Касирнинг тарих китобига илова) номли китоби шулар жумласидан. Ҳижрий 818 йилда вафот этган[10].
8 – Қироат илмининг машҳур уламоларидан қори Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Али Жазарий Шофеий. Ибн Жазарий номи билан оламга танилган. Ҳижрий 751 йилда таваллуд топиб, 833 йилда вафот этган[11].

Келгуси мақоламизда Ибн Касир роҳимаҳуллоҳнинг одоб-ахлоқи, шунингдек, устози Ибн Таймия ва Субкий ўртасида бўлиб ўтган воқеаларга инсоф билан фикр билдиргани ва ҳоказо унинг нақадар юксак одоб-ахлоқ соҳиби бўлганига далолат қиладиган воқеаларни келтирамиз, иншааллоҳ.

[1] Абдуллоҳ ибн Зубандий Наҳвий араб тили ва адабиёти уламоларидан бўлиб, ҳижрий 723 йилда вафот этган. Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ наҳв илмини (араб тили граматикасини) шу кишидан таълим олган.
[2] “Бидоя ва ниҳоя”, 13/281 ва 14/173
[3] “Бидоя ва ниҳоя”, 14/225 ва 14/173 ва “Тарихи одоби луғат”, 3/208-209
[4] “Тарихи одоби луғат”, 3/208-209
[5] “Бидоя ва ниҳоя”, 14/133
[6] “Бидоя ва ниҳоя”, 14/263
[7] “Бидоя ва ниҳоя”, 14/321
[8] Суютийнинг “Табақотул ҳуффоз” китоби 533 бет.
[9] Суютийнинг “Табақотул ҳуффоз” китоби 539 бет.
[10] “Ад-дорис фи тарихи мадорис”, 1/36-37
[11] Суютийнинг “Табақотул ҳуффоз”, 543-544 бет

Изоҳ қолдиринг