Пайғамбарлар қиссаси: Иброҳим алайҳиссаломнинг Шом ўлкасига ҳижрат қилиши (8)

0

Иброҳим алайҳиссаломнинг Шом ўлкасига ҳижрат қилиши, Миср диёрига кириши ва муқаддас ерда қарор топиши

Аллоҳ таоло шундай дейди: «Шундай қилиб Лут унга иймон келтирди. (Иброҳим) айтди: «Албатта мен Парвардигорим (буюрган томон)га ҳижрат қилгувчидирман. Албатта Унинг Ўзигина қудрат ва ҳикмат эгасидир». Биз (Иброҳимга ўғли) Исҳоқ ва (набираси) Яъқубни ҳадя этдик ҳамда пайғамбарликни ҳам, (барча самовий) китобларни ҳам унинг зурриётига (хос) қилдик ва унга шу дунёда ҳам ажр-мукофотини бердик, албатта у охиратда ҳам солиҳ зотлардандир» [Анкабут: 26-27].

Аллоҳ таоло шундай дейди: «Иброҳимга ва Лутга нажот бериб,  (уларни) Биз барча оламлар учун муборак қилган (Шом) заминига (юбордик). Биз (Иброҳимга Биздан бир фарзанд сўраганида) Исҳоқни ҳадя этдик ва Яъқубни ҳам зиёда қилдик ҳамда (уларнинг) барчаларини солиҳ кишилар қилдик. Яна уларни Бизнинг амримиз билан (кишиларни Ҳақ йўлга) ҳидоят этадиган пешволар килдик ва уларга яхши амаллар қилишни, намозни тўкис адо этишни ва закотни (ҳақдор кишиларга) ато этишни ваҳий қилдик. Улар ёлғиз Бизгагина ибодат қилгувчи бўлдилар» [Анбиё: 71-73].

Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ йўлида қавмини тарк қилиб, уларни орасидан ҳижрат қилгач, Аллоҳ таоло унга солиҳ фарзандлар ато этди. Унгача хотини фарзанд кўрмаган, бепушт бўлиб, Иброҳим алайҳиссаломнинг биронта фарзанди йўқ эди. У билан бирга фақат жияни Лут ибн Ҳорон ибн Озаргина бор эди. Шундай қилиб Аллоҳ таоло пайғамбарлик ва китобни унинг зурриётига насиб қилди. Иброҳим алайҳиссаломдан кейин бирон пайғамбар юборилган бўлса, албатта унинг зурриётидан юборилди, осмондан бирон илоҳий китоб нозил қилинган бўлса, албатта унинг насли ва зурриётидан бўлган пайғамбарга нозил қилинди. Бу унинг Аллоҳ учун ўз юрти, ота-онаси ва қариндош-уруғларини тарк қилгани, Парвардигорига ибодат қилиши, халойиқни унинг динига даъват қилиши учун имкон топадиган юртга ҳижрат қилгани туфайли Аллоҳнинг унга берган инъоми ва каромати эди.

Иброҳим алайҳиссалом ҳижрат қилиш учун қасд қилган ер Шом ўлкасидир. Убай ибн Каъб, Абул Олия, Қатода ва бошқаларнинг айтишича, Аллоҳ таолонинг: «Биз барча оламлар учун муборак қилган заминга (юбордик)», деган сўзидан мақсад Шом ўлкасидир.

Машҳур фикрга кўра, Сора Иброҳим алайҳиссаломнинг амакиси, Ҳаррон қабиласи унга мансуб бўлган Ҳороннинг қизидир. Суҳайлийнинг Қутайбий ва Наққошдан ҳикоя қилишича, у Лутнинг синглиси, акаси Ҳороннинг қизи бўлган. Бироқ бу фикрни айтган киши ҳақиқатдан йироқ ва илмсиз гапирган бўлади. Шунингдек, ўша давр шариатида ўз акасининг қизи бўлмиш жиянига уйланиш жоиз бўлган, деган даъвонинг тўғрилигига далолат қилувчи бирон далил-исбот йўқдир. Гарчи яҳудийларнинг раббонийлар тоифасидан нақл қилингани каби бу қайсидир замонда жоиз бўлганлиги фараз қилинса-да, бироқ пайғамбарлар бу ишга қўл урмайдилар. Валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг