Қирқ ҳадис: Тўртинчи ҳадис: Ҳадисдан олинадиган фойдалар

0

Ҳадисдан олинадиган фойдалар

  1. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу чиройли услубда гапирар эди. Унинг сўзлари худди нубувват чашмасидан чиққандек ширин ва ёқимли сўзлар. Гапимизнинг исботи ўлароқ унинг қуйидаги сўзларига бир қулоқ солинг-а: «Кимда ким эртага Аллоҳга мусулмон ҳолида йўлиқишни хоҳласа, азон айтилган жойда ушбу (фарз) намозларни ўз вақтида ўқисин…»[1]. Дарҳақиқат, бу сўзлар нубувват чашмасидан чиққанга ўхшайди.

  2. Инсон одамларда пайдо бўлиши мумкин бўлган шак-шубҳа ёхуд иккиланишни кетказиш учун сўзини бирон таъкидловчи сўзлар ёрдамида таъкидлаши лозим.

  3. Гапни ростлигини ифодалайдиган бирон нарса билан таъкидлаш лозим. Шунинг учун ҳадисда Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу «Содиқ ва масдуқ бўлган» деган жумлани зикр қилди.

  4. Инсон онасининг қорнида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам зикр қилган тарзда яратилади.

  5. Инсон онасининг қорнида дастлабки қирқ кун мобайнида «нутфа», яъни сперма ҳолида қолади.

Шу ўринда савол туғилади: мазкур муддат мобайнида сперма ҳолидаги ҳомилани олдириш жоизми?

Жавоб: фуқаҳоларнинг (Аллоҳ уларни раҳмат қилсин) айтишича, бу муддатда ҳомилани бирон мубоҳ (ҳалол ёхуд жоиз) даво воситасида тушириш жоиз. Чунки ундан ҳануз инсон ташкил топмаган, унда инсон асли бўлмиш қон пайдо бўлмаган.

Бошқа бир гуруҳ уламоларнинг фикрича, бундай ҳомилани тушириш жоиз эмас. Чунки Аллоҳ таоло у ҳақда шундай деган: «Сўнг у (нутфа)ни маълум муддатгача (яъни ой-куни етиб туғилгунича) мустаҳкам қароргоҳда (она қорнида барқарор) қилиб қўйдик» [Мурсалот: 21-22]. Бинобарин, биз бу «мустаҳкам қароргоҳ»га тажовуз қилиб, ундан ҳомилани туширишимиз жоиз эмас. Мазкур фикр тўғрироқ, яъни бундай ҳомилани тушириш ҳаромдир. Лекин бу ишнинг ҳаромлиги тўрт ойга тўлган ҳомилани олдириш ҳаромлигидек эмас, албатта.

Агар ҳомиладор аёл касал бўлиб, ҳомиладорлиги туфайли унга зарар етиши хавфи бўлса, у ҳолда «нутфа» ҳолидаги ҳомилани тушириш жоизми?

Жавоб: ҳа, жоиз. Чунки мазкур ҳолатда уни тушириш аёл ҳаётини сақлаш учун зарур бўлиб қолади.

  1. Ҳомиланинг «нутфа» (сперма) босқичидан «алақа» (лахта қон) босқичига ўтишдаги Аллоҳнинг ҳикмати.

  2. Инсон ҳаёти учун қон муҳим аҳамият касб этади. Зеро, спермадан кейинги инсоннинг асл таркиби лахта қондан иборатдир. Шу боис кўп қон йўқотган инсон ҳалок бўлади.

  3. Ҳомиланинг учинчи босқичи «музға», яъни «парча гўшт» босқичидир. Қуръони Каримда айтилишича, мазкур парча гўшт «инсон суратида шаклланган» ёки шаклланмаган ҳолатда бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди: «Сўнгра яралиб битган-битмаган (яъни инсон суратида шаклланиб битган ёки битмаган) парча гўштдан яратдик» [Ҳаж: 5].

Хўш, парча гўштнинг инсон суратида шаклланган ёки шаклланмаганлигидан нима натижалар келиб чиқади?

Жавоб: бундан бир қанча масалалар келиб чиқади:

А – агар парча гўштдан иборат ҳомила инсон суратида шаклланмаган ҳолда тушса, ортидан келган қон нифос қони ҳисобланмайди.

Б – агар парча гўшт инсон суратида шаклланишидан олдин тушса-ю, аёл бу вақтда идда сақлаётган бўлса, бундай ҳомила тушиши билан идда тугамайди. Чунки идда тугаши ёки нифос бошланиши учун ҳомила инсон суратида шаклланган бўлиши керак. Негаки, ҳомила инсон суратида шаклланишидан олдин тушган нарса ҳомиланинг бошланиши эмас, балки шунчаки бир парча гўшт бўлиши мумкин. Зеро, бу каби шаръий ҳукмлар ҳомилада инсон суратининг аниқ шаклланишидан иборат ишончли хулосалар билангина исбот қилинади.

  1. Ҳомила тўлиқ тўрт ойлик бўлгач унга руҳ пуркалади. Чунки ҳадисда «Сўнгра (бир юз йигирма кунлик ҳомилага айлангач), унга бир фаришта юборилади ва унга руҳ пуркайди» дейилган.

Бундан қуйидаги ҳукмлар келиб чиқади:

А – агар ҳомила руҳ пуркалгандан кейин тушса, ювилади, кафанланади, жаноза ўқилади, мусулмонлар қабристонига дафн қилинади, исм қўйилади ва ақиқа қилинади. Чунки у руҳ пуркалгач инсон саналиб, тирикларга тегишли ҳукмлар унга ҳам тегишли бўлади.

Б – руҳ пуркалган ҳомилани ҳар қандай ҳолатда олдириш ҳаромдир. Чунки мазкур ҳолатдаги ҳомилани олдириш тирик инсонни ўлдириш билан баробар.

Шу ўринда савол туғилади: агар ҳомилани олдирмаслик онасининг вафотига сабаб бўлсачи? Бу ҳолатда ҳомилани тушириб, онанинг ҳаёти сақлаб қолинадими ёки онаси вафот этса ҳам ҳомила олиб ташланмай, сўнг онасидан кейин унинг қорнидаги бола ҳам вафот этиб кетаверадими?

Жавоб: бу ўринда баъзилар аёл ҳаётини сақлаб қолиш учун ҳомилани олдириш лозим дейишади. Бироқ бу фикр шариатга зиддир. Ҳар қандай шароитда ҳомилага тегинилмайди, деган фикр мутлақ тўғридир. Ҳатто дўхтирлар «ҳомила туширилмаса онаси ҳаётдан кўз юмади», десалар ҳам ҳомилага тегинилмайди. Баъзилар «она вафот этса, бола ҳам вафот этади, натижада иккови ҳам ҳаётдан кўз юмади, бироқ ҳомилани туширсак, онанинг ҳаёти сақлаб қолинади», дея ҳомилани тушириш афзал эканига далил келтириши мумкин.

Мазкур нотўғри фикрга жавобан қуйидагиларни айтишимиз мумкин:

Биринчидан: бир жонни сақлаб қолиш учун иккинчи бир жонни қатл қилиш жоиз эмас. Фараз қилайлик, икки киши саҳрода сафарда кетяпти. Сафар халтасида бирон егуликлари йўқ. Улардан бири кекса, бошқаси эса 9-10 ёшли бола. Кекса киши ниҳоят даражада оч қолиб, бирон нарса емаса ўладиган ҳолатга тушса, ўз ҳаётини сақлаб қолиш учун ёш болани сўйиб ейиши жоиз эмаслигига барча уламолар ижмо-иттифоқ қилишган.

Яна фараз қилсак: юқоридаги ҳолатда ёш бола очлигидан ўлса, кекса инсон ё ёш боланинг ўлимтигидан еб тирик қолиши керак, ё бўлмасам у ҳам очликдан ўлиши керак. Шу ҳолатда ёш боланинг танасидан еб ҳаётини сақлаб қолиши жоизми?

Жавоб: имом Аҳмаддан нақл қилинган машҳур фикрга кўра, инсон ўз ҳаётини сақлаб қолиш учун инсон ўлимтигидан ейиши жоиз эмас. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Маййитнинг суягини синдириш унинг тириклик чоғида суягини синдириш билан баробардир»[2], деганлар. Демак, маййитни сўйиш уни тириклигида сўйиш билан баробар.

Ушбу масаладаги иккинчи фикрга кўра, инсон бошқа бир инсон ўлимтигидан ҳаётини сақлаб қоладиган даражада ейиши жоиздир. Чунки тирик одамнинг ҳурмати ўликникидан улуғроқдир.

Шунинг учун айтиш мумкинки, агар ҳомилани туширсак, уни биз ўлдирган бўламиз. Агар унга тегинмасак ва онаси, сўнг онасининг кетидан ҳомила вафот этса, уларни биз эмас, балки Аллоҳ ўлдирган бўлади.

Иккинчидан: мазкур ҳолатда онасининг вафоти ортидан ҳомиланинг ҳам ўлиши келиб чиқмайди. Айниқса, ҳозирги замонда. Чунки шошилинч амалиёт ўтказиш орқали болани онасининг қорнидан чиқариб олиш ва шу тариқа унинг ҳаётини асраб қолиш мумкин. Бу уй ҳайвонлари ҳаётидан ҳам баъзиларимизга маълум. Зоотехниклар қўй ва шу каби бўғоз уй ҳайвонлари ўлса, қорнини ёриб, боласининг ҳаётини сақлаб қолган ҳолатлар учраб туради.

Шунингдек, она қорнидаги ҳомила ўз ажали билан ўлса, бундан онанинг ҳам ўлиши келиб чиқмайди. Чунки ўлик ҳомилани онанинг қорнидан чиқариб ташлаш билан онасининг ҳаётини асраб қолиш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, ҳомилага руҳ пуркалгач уни ҳар қандай ҳолатда олдириш жоиз эмас.

  1. Аллоҳ таоло бандаларига бениҳоят меҳрибондир. Зеро, бандалар оналарининг қорниларида эканидаёқ уларни парвариш қиладиган фаришталарни юбориб қўйди. Шунингдек, бандалар дунёга келган, дунё билан видолашган ва жон таслим қилган пайтларида ҳам улар билан шуғулланадиган алоҳида фаришталарни тайинлади. Буларнинг барчаси Аллоҳнинг бандаларига кўрсатган ғамхўрлиги ва инояти нишонасидир.

  2. Инсон руҳи унинг танасига пуркаб киритилади. Бироқ бу жараённинг қандай амалга ошиши бизларга қоронғу. Бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятда зикр қилган сўзига ўхшайди: «Яна (иймон келтирган зотлар ҳақида) ўз номусини сақлаган аёлни — Марям бинти Имронни (мисол келтирди). Бас, Биз Ўз тарафимиздан бўлган руҳни унга пуфладик (ва у Исога ҳомиладор бўлди)» [Таҳрим: 12]. Бироқ руҳ қандай пуркалганини билмаймиз. Чунки у ғайб ишларидандир.

  3. Руҳ жисмдир. Чунки у пуркалиб, танага киритиладиган нарсадир.

Бироқ жисм деганда суяк, гўшт, асаб толалари ва терилардан ташкил топган бизнинг танамизга ўхшаган жисмми?

Жавоб: бу инсониятга маълум эмас. Бу саволга худди Аллоҳ таоло ўргатгандек жавоб берамиз: «Сиздан руҳ тўғрисида сўрайдилар. (Сиз уларга): «Руҳ Раббимнинг ишидандир», деб айтинг» [Исро: 85]. Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: «Мутакаллим ва файласуфларда руҳ тўғрисида шаръий илм бўлмагач у ҳақда билиб-билмай турлича фикр билдирдилар. Улардан баъзилари «руҳ узун ёки қисқалик, оқ ёки қоралик каби тана сифатларидан биридир», деса, баъзилари «руҳ қондир», дейдилар. Яна бир тоифаси эса «руҳ инсоннинг қўли ва оёғи каби унинг бир бўлагидир», дейишди”.

Аҳли суннат ва жамоат тоифаси эса руҳни Аллоҳ азза ва жалланинг ишидан деб билади. Шундай бўлса-да, биз Қуръон ва суннатда келган руҳга оид сифатлар ва маълумотларга иймон келтирамиз. Жумладан, Аллоҳ таоло шундай дейди: “Айтинг, (эй Муҳаммад, сизларнинг руҳингизни олиш) топширилган ўлим фариштаси (руҳингизни суғуриб олиш орқали) сизларни вафот эттиради” [Сажда: 11]. Яна Аллоҳ таоло айтади: “Токи сизлардан бирингизга ўлим (вақти) келса, уни элчиларимиз (яъни ўлим фариштаси ва унинг ёрдамчилари руҳини олиш билан) вафот эттиради” [Анъом: 61].

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда келишича, ўлим фариштаси танадан руҳни суғуриб олгач, агар маййит жаннат аҳлидан бўлса (Аллоҳ барчамизни жаннат аҳлидан қилсин), фаришталарда жаннатдан келтирилган кафан ва хушбўйликлар бўлади. Улар маййитни ўлим фариштасининг қўлида бир зум ҳам қолдирмай ўша кафанга ўрайдилар, хушбўйликларга буркайдилар. Сўнг уни осмонга олиб чиқадилар…[3].

Демак, руҳ жисмдир. Бироқ у бизларнинг танамиз каби зич жисмлардан фарқли. Унинг қандайлиги ёлғиз Аллоҳга аён. Руҳ ажойиб нарса. Руҳнинг уйқуда ўзига хос ҳолати бор. Ухлаган инсоннинг руҳи маълум миқдорда танани тарк этар экан, танадан буткул ажралмайди. Уйқудаги одам турган жойида, устига кўрпасини ёпинган ҳолида ётар экан саҳроларни кезиши, Хитойга бориб келиши, самолётда учиши, автоуловга миниши ва ҳоказо дунёнинг нариги тарафига бориб келиши мумкин. Шунга қарамай руҳ танадан батамом ажрамаган бўлади. Руҳнинг иши қизиқ. У ҳақда фақат Қуръон ва суннатда келган маълумотларнигига қатъий айта оламиз. Руҳ тўғрисида билмаганимизни эса Аллоҳ таолога ҳавола қиламиз.

Ўз танасидаги руҳ моҳиятини англаб етолмаган инсон Аллоҳнинг сифатларининг қандайлигини билишга интилиши жуда қизиқ. Ахир инсон Аллоҳнинг сифатларини қандай қамраб олсин?!

Борди-ю, инсон ўзини идрок қилган тақдирда ҳам Аллоҳнинг сифатлари моҳиятини, уларнинг қандайлигини билишга қодир эмас. Шундай экан, бу сифатларнинг қандайлигини билишга, бу ҳақда савол сўрашга уринманг. Шунинг учун имом Молик роҳимаҳуллоҳ Аллоҳнинг Арш узра қандай “истиво” қилгани, яъни Арш узра олий бўлгани ҳақида сўрашни бидъат ҳисоблаган эди.

Мазкур мисол, яъни руҳ тўғрисидаги мисол Аллоҳнинг сифатларининг қандайлиги тўғрисида баҳс юритган кимсалар учун қониқарли ҳужжатдир. Бинобарин, банда ўз танасини тутиб турган руҳининг моҳияти тўғрисида бирон нарса деёлмаса, Аллоҳнинг сифатларининг моҳияти тўғрисида қандай бирон нарса дея олсин?!

  1. Фаришталар (уларга Аллоҳнинг саломи бўлсин) Аллоҳнинг бўйруқ ва қайтариқларига сўзсиз итоат қиладиган бандалардир. Чунки ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Фаришта тўрт калимани: унинг (дунёдаги) ризқини, ажалини (яъни ҳаёт муддатини), амалини ва (охиратда) саодатли ёки бадбахт бўлишини ёзишга буюрилади”. Фариштани буюрган зот Аллоҳ таолодир.

  2. Мазкур тўрт нарса инсонга битиб қўйилган. Улар банданинг ризқи, ажали, амали ва охиратда унинг саодатли ёки бадбахтлигидан иборат. Хўш, бундан ризқ ҳосил бўлишига олиб борадиган ишларни қилмасак ҳам бўлаверади, деган хулоса чиқмайдими?

Жавоб: йўқ, бундай хулоса чиқмайди. Зеро, биз амалга оширадиган сабаб ва воситалар бизларга келадиган ризқимизга тобедир.

  1. Фаришталар ёзадилар.

  Кимдир сўраб қолиши мумкин: фаришталар қайси алифбо ёхуд қайси тилда ёзадилар? Араб тилидами, сурёний тилидами, иброний тилидами ёки бошқа бирон тилдами?

Жавоб: бу ҳақда савол сўраш бидъатдир. Биз фаришталарнинг ёзишига иймон келтирамиз. Бироқ қайси тилда ёзиши тўғрисида бирон нарса демаймиз.

Фаришта бу сўзларни бирон саҳифага ёзадими ёки ҳомиланинг пешонасига ёзадими?

Жавоб: саҳобалардан нақл қилинган баъзи асарлар унинг саҳифага ёзилишига далолат қилса, баъзилари боланинг пешонасига ёзилишига далолат қилади. Бу икки фикр ўртасини мувофиқлаштириш қийин эмас.  Чунки фаришта бу сўзларни саҳифага ёзиб, уни Аллоҳ хоҳлаган жойга қўйган бўлиши ҳам ёки уни боланинг пешонасига ёзган бўлиши ҳам мумкин.

  1. Инсон пешонасига нима ёзилганини билмайди. Шунинг учун у ўзига манфаатли амалларни қилишга буюрилган. Бу тўғрида шак-шубҳа йўқ. Ҳеч ким қисматида нима ёзилганини билмайди. Бироқ бизлар ўзимизга (дунё ва охиратда) фойдали ишларни қилишга, зарарли ишлардан четланишга буюрилганмиз.

  2. Одам боласининг интиҳоси икки ишдан биридир: ё бахт-саодат, ё бадбахтлик. Аллоҳ таоло айтади: “У (кунга ҳозир бўлганлар) орасида бахтсизи ҳам, бахтлиси ҳам бўлур” [Ҳуд:105]. Яна Аллоҳ таоло айтади: “У (Аллоҳ) сизларни яратди. Сизлардан баъзиларингиз кофир ва баъзиларингиз мўминдир” [Тағобун: 2].

Аллоҳ таолодан барчаларимизни саодат аҳлидан қилишини сўраймиз. Зеро, Аллоҳ бандаларининг дуоларини эшитувчи ва уларга Ўз илми ва қудрати ила яқин зотдир.

[1] Муслим (257, 654) ривояти.
[2] Имом Аҳмад (6-жилд, 48-бет, 168-ҳадис), Абу Довуд (3207), Ибн Можа (1616) ривояти.
[3] Имом Аҳмад (4-жилд, 287-бет), Абу Довуд (“Китобус-сунна”, Қабр азоби тўғрисидаги масалага оид боб”) ривояти. Ҳайсамий айтади: “Имом Аҳмад ривоят қилган. Ҳадис ровийлари саҳиҳ ҳадис ровийларидир” (“Ал-мажмаъ”, 3/49).

Изоҳ қолдиринг