Талоқ: Бидъат талоқ тушадими, йўқми?

0

Бидъат талоқ тушадими, йўқми?

Уламолар бидъат талоқ қилган киши гуноҳкор бўлишига иттифоқ қилганлар. Чунки бундай қилган эр Қуръон ва суннатга хилоф иш тутган. Бидъат талоқ тушиш ёки тушмаслигида уламолар ихтилоф қилишган.

Аксар уламоларнинг фикрича, бидъат талоқ тушади ва у билан эрнинг уч бор талоқ қилиш ҳуқуқидан бири кетади. Бу тўрт мазҳаб имомларининг фикридир. Бир гуруҳ уламолар бидъат талоқ тушмайди дейишган. Уламоларнинг бу борадаги ихтилофи Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисни тушунишга бориб тақалади. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо аёлини ҳайз ҳолатида талоқ қилиб қўяди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга аёлини қайтиб олишга буюрадилар. Сўнг аёли ҳайздан пок бўлиб, сўнг яна ҳайз кўриб, сўнг пок бўлса, кейин хоҳласа уни никоҳида қолдиришга ёки хоҳласа талоқ қилишга буюрадилар. Мазкур ҳадис «Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами» ва бошқа китобларда ривоят қилинган.

Ушбу икки фикрдан бидъат талоқ тушади ва у билан эрнинг уч бор талоқ қилиш ҳуқуқидан бири кетади, деган фикр рожиҳдир. Қуйида ҳар икки томоннинг далилларини баён қиламиз.

Бидъат талоқ тушади деганларнинг далиллари:

(1) Мазкур ҳадисга оид ривоятлардан бирида Ибн Умардан: «(Суннатга хилоф равишда айтилган) бу талоқ ҳисобга ўтадими?», деб сўралганида у: «Бўлмасамчи?»[1], дея жавоб берган.

(2) Яна бошқа бир ривоятда Ибн Умардан: «(Ҳайз пайтида айтилган талоқ) ҳисобга ўтадими?», деб сўралганда у шундай жавоб қилган: «У (ўзини тутолмасдан) ожизлик ва аҳмоқлик қилса ҳам (ҳайз пайтида айтган талоғи ҳисобланмасинми?!)». Албатта бу Ибн Умар розияллоҳу анҳумо томонидан кесатиқли сўроқдир. Нававий роҳимаҳуллоҳнинг  айтишича Ибн Умар розияллоҳу анҳумо мана бундай демоқчи: «Ҳа, ҳисобга ўтади. Эрнинг ожизлиги ва аҳмоқлиги талоқни инобатга олишга монелик қилмайди»[2]. Буни имом Аҳмадга оид қуйидаги ривоят ҳам қўллаб-қувватлайди: «Ҳа, (ўзини тутолмасдан) ожизлик ва аҳмоқлик қилса ҳам (ҳайз пайтида айтган талоғи ҳисобланмасинми?!)». Кўриб турганингиздек, бу ривоятда ҳайз ҳолатида айтилган талоқнинг ҳисобланиши очиқчасига («ҳа» деган сўз билан) ифода этилган.

(3) Шунингдек, Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан нақл қилинган яна бошқа бир ривоятда келишича, Ибн Умар ҳайз ҳолатидаги аёлини талоқ қилгач, отаси Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига бориб, буни у зотга айтади. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни «бир талоқ» деб ҳисоблайдилар[3].

Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: «Ушбу ҳадис айни мазкур масала ҳукмига далолат қилади. Шундай экан, бу масалада унга амал қилиш вожибдир»[4].

(4) Ҳадиснинг айрим ривоятларида Ибн Умар розияллоҳу анҳумо шундай дейди: «Аёлимни қайтиб олдим. Унга (ҳайз ҳолатида) айтган талоғим ҳисобланди» [Муслим ривояти]. Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг «ҳисобланди» деган сўзига келсак, рожиҳ фикрга кўра уни ҳисоблаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўладилар. Шунда бу сўз саҳобанинг «фалон ишга буюрилдик» ёки «фалон ишдан қайтарилдик», деган гапининг ҳукмида бўлади. Зеро, саҳобаларнинг бу каби сўзлари худди «марфуъ ҳадис», яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари ўрнида туради. Чунки уларни буюрган ёки қайтарган зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўладилар.

(5) Қолаверса, воқеа қаҳрамони Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг ўзи ҳам бу ҳақда сўраганларга шундай фатво берар эди. Ибн Умар шундай дер эди: «Сен аёлингни бир ёки икки марта талоқ қилибсан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени шунга (яъни аёлимни ҳайз ҳолатида талоқ қилганим учун уни қайтиб олишга) буюрганлар. Агар аёлингни уч бор талоқ қилган бўлсанг, у ҳолда аёлинг то бошқа эрга тегиб чиқмагунча сенга ҳаром бўлиб қолибди. Ўзинг бўлсанг, Аллоҳнинг талоқ масаласида буюрган ишида (яъни уларни ҳайз ҳолида талоқ қилмаслик ишида) Унга осий бўлибсан»[5] [Муслим ривояти].

Агар ҳайз ҳолида айтган талоғи ҳисобланмаганида Ибн Умар эр-хотин бир-бирига батамом ҳаром бўлиб қолади, деб фатво бермаган, балки аёлини қайтиб олишга фатво берган бўлар эди.

Бу –  бидъат талоқ қилган кишининг талоғи ҳисобланади, деган рожиҳ фикр эгаларининг далилларидир.

Бидъат талоқ тушмайди деганларнинг далиллари

(1) Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ҳадисининг баъзи ривоятларида у шундай дейди: «…Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (ҳайз ҳолатида айтилган) талоқни рад қилдилар, уни ҳеч қандай ҳисобга олмадилар» [Абу Довуд ривояти]. Бироқ ҳадисдаги бу қўшимча «шоз» (заиф) қўшимчадир. Уни фақат Абуз Зубайр ривоят қилган бўлиб, бу қўшимча ундан кўра ишончлироқ ровийларнинг ривоятига хилофдир. Чунки уларнинг ривоятларида бундай қўшимча йўқ[6]. Бинобарин, бу қўшимча «шоз» бўлганлиги учун ҳужжатликка ярамайди.

Ибн Абдулбар роҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳадисдаги «уни ҳеч қандай ҳисобга олмадилар» деган сўз «мункар» бўлиб, уни Абуз Зубайрдан бошқа ровийлар нақл қилишмаган. Бу қўшимча Абу Зубайрнинг ўзига ўхшаган ровийлар ривоятига тескари келганида ҳам ҳужжат бўлмас эди. Энди ундан кўра ишончлироқ ровийлар ривоятига тескари келса нима бўлади?! Агар бу қўшимчани саҳиҳ деб фараз қилганимизда ҳам, менимча – валлоҳу аълам – маъноси қуйидагича бўлади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай талоқни суннатга мувофиқ айтилмагани учун тўғри деб ҳисобламадилар»[7].

(2) Шунингдек, бу фикр эгалари Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан нақл қилинган асарни далил қилишади. Унда Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ҳайз ҳолатидаги аёлини талоқ қилган киши тўғрисида «Уни ҳисобга олмайди», дейди.

Лекин бу асарни далил қилиш тўғри эмас. Негаки, Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг «Уни ҳисобга олмайди», деган сўзидан мақсад «талоқ тушган пайтдаги ҳайз идда ўтириладиган ҳайзлардан ҳисобланмайди» деганидир. Чунки айни шу асарни Ибн Абу Шайба ҳам ривоят қилган. Унда Ибн Умар розияллоҳу анҳумо шундай дейди: «(Талоқ тушган пайтдаги) ҳайз (иддадан) саналмайди»[8].

(3) Шунингдек, улар ўз фикрларини қўллаб-қувватлаш учун қиёсга таянишган. Дарҳақиқат, Ибн Қаййим «Зодул маод» ва бошқа китобларида бу ҳақда узоқ баҳс юритган.

Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳга раддия билдириб шундай дейди: «Сўнг Ибн Қаййим шу турдан (яъни қиёсдан) бўлган талай эътирозларни келтиради. Бироқ бу эътирозлар ҳадисдаги (ҳайз ҳолатида талоқ қилинган аёлни) қайтиб олиш тўғрисидаги очиқ буйруқ олдида ҳужжатликка ярамайди. Зеро, хотинни қайтиб олиш талоқ тушгандан кейин тасаввур қилинадиган ишдир. Қисса қаҳрамони Ибн Умар розияллоҳу анҳумо «Бу менинг зиёнимга бир талоқ ҳисобланди», деган сўзи билан талоқ тушганини очиқча айтган. Маълумки, ҳадисга қарши бўлган қиёс эътибордан соқитдир. Валлоҳу аълам.

Ибн Абдулбар айтади: «Талоқ – бу ибодат эмас. Балки у бир инсон боласининг ҳаққига оид дахлсизликни кетказишдир. Бинобарин, инсон талоқ қилиб ажр оладими, гуноҳкор бўладими, қай ҳолатда талоқ қилмасин, талоқ тушади. Агар борди-ю, итоаткорнинг талоғи тушиб, гуноҳкорнинг талоғи тушмаганда, гуноҳкорга енгиллик яратилган бўлар эди»[9].

Хулоса қилиб айтганда, бидъат талоқ қилиш ҳаром бўлиб, бундай қилган киши гуноҳкор бўлади. Шунингдек, бидъат талоқ тушади ва у билан эрнинг уч бор талоқ қилиш ҳуқуқидан бири кетган бўлади. Бу тўрт мазҳаб имомларининг фикридир.

[1] Муслим (1471) ривояти. Ҳадиснинг аслини Бухорий (5252) ривоят қилган.
[2] «Шарҳи саҳиҳи Муслим» (3/664).
[3] Таёласий (68), Байҳақий (7/326) ривояти. Ҳадисни Албоний «Ал-ирво»да (7/126) ҳасан деган.
[4] «Фатҳул Борий» (9/253).
[5] Муслим (2/1094, 1471-ҳадис).
[6] Дарҳақиқат, ушбу ҳадисни Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ўн бешдан ортиқ ровий нақл қилган бўлишига қарамай, улардан биронтаси мазкур қўшимчани зикр қилмаган. Аксинча, бу ҳадисни Абуз Зубайрдан нақл қилган ровийларнинг ўзлари ҳам ихтилоф қилишган: баъзилари ҳадисни мазкур қўшимчаси билан нақл қилган бўлса, баъзилар бу қўшимчасиз нақл қилишган. Ҳадисни ундан қўшимчасиз нақл қилганлар қўшимча билан нақл қилганлардан кўпроқдир. Буни шайх Мустафо Адавий ҳафизаҳуллоҳ ўзининг «Ал-жомеъ ли аҳкомин нисо» китобида (4/42-45-бетлар) қониқарли тарзда баён қилган.
[7] «Фатҳул Борий»дан (9/354) нақл қилинди.
[8] Саҳиҳ: Ибн Абу Шайба (4/57) ривояти.
[9] «Фатҳул Борий» (9/267).

Изоҳ қолдиринг