Савдо-сотиқ: Эҳтиёждан ортиқча сувни сотмасдан бепул улашиш

0

(3) Эҳтиёждан ортиқча сувни сотмасдан бепул улашиш

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (эҳтиёждан) ортиқча сувни сотишдан (бошқа бир ривоятда: «ва туянинг (урғочисини қочириш учун) ирғиши эвазига ҳақ олишдан қайтардилар»[1].

Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳ таоло аслида сувни одамлар ва ҳайвонлар ўртасида муштарак қилиб яратган ва уни барча учун баб-баравар чанқоқ қондириш манбаи қилган. Бинобарин, ҳеч кимса – гарчи сув устида яшаса-да – унга бошқалардан ҳақлироқ бўлолмайди. Бироқ кимда ким сувни мешига ва бирон идишига солиб эгалик қилса, бу ҳадисда зикр қилинган қайтариққа кирмайди. Балки бу сувдан бошқа ўтин, ўт-ўлан ва туз каби барча одамлар учун фойдаланиш жоиз бўлган ерлардаги нарсалардан хусусий мулкка айлантирилиб, сўнг сотилган нарсаларга ўхшайди. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Сизлардан бирингиз арқонни олиб, ўтин териб, елкасига бир боғ ўтин кўтариб келиб, уни сотиши ва шу тариқа Аллоҳ унинг юзини (тиланчилик хорлигидан) сақлаши одамлардан тиланчилик қилишидан ва одамлар унга (сўраган нарсасини) бериши (ва оқибатда тиланчилик хорлиги устига миннат юки ҳам қўшилиши) ёки одамлар унга (сўраган нарсасини) бермаслиги (натижада тиланчилик хорлиги етмагандай ноумидлик алами ҳам қўшилиши)дан яхшироқдир»[2][3].

Шавконий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Ҳадис зоҳиридан тушуниладики, сувнинг оммавий – барчага мубоҳ бўлган ерда ёки инсоннинг хусусий мулки бўлган ерда бўлиши, унинг ичимлик суви ёки суғориш учун мўлжалланган бўлиши, чорва моллари ёки экинни суғориш учун мўлжалланган бўлиши, шунингдек, унинг саҳрода ёки бошқа жойда бўлиши ўртасида фарқ йўқ»[4].

Шавконий ёқлаган бу умумийликка Нававий айтган сўз зид келади. Нававийнинг айтишича, баъзи ривоятларда келганидек, эҳтиёждан ортиқча сувни ман қилишдан мақсад яйловда боқиладиган чорва молларидан сувни ман қилишдир.

Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу дегани бир кишининг саҳрода хусусий қудуғи бўлади. Қудуқдаги сув унинг эҳтиёжларидан ортади. Қудуққа яқин жойда яйлов мавжуд бўлиб, яйловнинг теварак-атрофида ундан бошқа қудуқ йўқ бўлади. Одамлар ушбу қудуқдан фойдаланмасалар чорваларни бу яйловда боқа олмайдилар. Шунинг учун қудуқ эгаси ортиқча сувни чорва молларини суғориш учун чорвадорларга бермаслиги ҳаром саналиб, уларга бу сувни ҳеч қандай эвазсиз (бепул) улашиши лозим бўлади»[5].

Мазкур масаладаги тўғри фикр нима бўлишидан қатъий назар мавзуга оид қуйидаги мулоҳазаларни айтиш мумкин.

Мавзуга оид мулоҳазалар:

(1) Агар инсон сувни меш ва шу каби бирон идишга солган бўлса, бундай сувларни сотиш жоиз. Шунга кўра, қадоқланган маъдан сувларини сотиш жоиздир.

(2) Айрим ҳукуматлар ёки хусусий ширкатлар насос станциялари орқали уйларга сув етказиб берадилар. Бу кўринишда кўчирилган сувларни сотиш ҳам жоиздир.

(3) Қудуқ қазиб сотиш жоиз. Чунки инсон бу ҳолатда қудуқни сотган бўлиб, ичидаги суви қудуққа тобе бўлади. Бунга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзлари далил бўлади: «Ким Рума қудуғини сотиб олиб, (қудуқдан ўзига бошқалардан кўра кўпроқ улуш ажратмай, балки) ундаги челагини худди мусулмонларнинг челаги каби қилиб (яъни ундан бошқа мусулмонлар қатори фойдаланадиган қилиб) вақф қилади?». Бошқа бир ривоятда шундай дейилади: «Ким Рума қудуғини қазиса, эвазига унга жаннат бўлади». У бир яҳудийнинг қудуғи бўлиб, уни Усмон розияллоҳу анҳу яҳудийдан сотиб олиб, мусулмонларга вақф қилиб қўяди»[6].

Тўртинчидан: рибо сабабли ҳаром қилинган савдолар

Ушбу турга бир қанча савдо-сотиқ турлари киради. Улар тўғрисида келгусида мустақил боблар ажратамиз, иншааллоҳ.

[1] Муслим (1565), Насоий (7/306), Ибн Можа (2477) ривояти.
[2] Бухорий (1471), Муслим (1042) ривояти. Ҳадис матни Бухорийга оид.
[3] «Зодул маод» (5/798-799).
[4] «Найлул автор» (5/241).
[5] «Шарҳи саҳиҳи Муслим» (10/229).
[6] Бухорий «муаллақ» ҳолда (5/29, 5/406) ва Термизий (3699) ривоят қилган. Ибн Ҳажар айтади: «Ҳадисни Дорақутний ва Исмоилий ва бошқалар «муттасил» (санади туташ) ҳолда ривоят қилишган».

Изоҳ қолдиринг