Таҳорат: Фитрат суннатлари: Тирноқларни олиш, қўлтиқ ва авратдаги тукларни тозалаш ва хатна қилиш

0

Тўртинчидан: Оғиз ва бурунни чайиш

Оғиз ва бурунни чайишга оид ҳукмлар таҳоратга тааллуқли бобларда батафсил баён қилинади, иншааллоҳ.

Бешинчидан: Тирноқларни олиш

Тирноқларни олиш суннат эканига уламолар иттифоқ қилишган. Тирноқларни олиш қўл ва оёқ тирноқларини олишни ўз ичига олиб, бу суннат эркаклар ва аёлларга баб-баравар тегишлидир.

Шуни билиш лозимки, тирноқларни олиш тартиби хусусида бирон далил келмаган. Шунга кўра, инсон қайси бармоқдан бошлаб ва қай тартибда тирноқларини олмасин, суннатни бажарган бўлади. Валлоҳу аълам.

Қирқ кундан ортиқ муддат ўтса-да тирноқларни олмаслик, шунингдек, қўлтиқ ва аврат тукларини тозаламаслик ҳамда мўйловни қисқартирмаслик макруҳдир. Анас розияллоҳу анҳу шундай дейди: «Бизга мўйловни қисқартириш, тирноқларни олиш, авратдаги тукларни қириш ва қўлтиқ тукларини юлишни қирқ кундан ортиқ тарк қилмаслигимиз белгиланди»[1]. Ҳадисга оид бошқа бир ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга белгилаб бердилар»[2], дейилади.

Эслатма: олинган тирноқлар ва сочни ерга кўмиш лозимлиги тўғрисида бирон далил йўқ. Бинобарин, уларни ахлатга ташлашнинг зиёни йўқ.

Олтинчидан: Қўлтиқ тукларини юлиш

Қўлтиқ тукларини юлиш суннат эканига уламолар иттифоқ қилишган. Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Бардоши етган инсон учун қўлтиқ тукларини юлиш афзалдир. Шунингдек, бу тукларни қириш билан ҳам суннат бажарилган бўлади»[3].

Еттинчидан: Авратдаги тукларни қириш

Авратдаги тукларни қириш суннат эканига ҳам уламолар иттифоқ қилишган. Аврат туклари деганда эркакнинг олати ва унинг атрофидаги туклар, шунингдек, аёлнинг қини ва унинг атрофидаги туклар назарда тутилади. Мазкур суннат авратида тук чиқа бошлаган ҳар қандай эркак ва аёлларга тегишлидир. Авратдаги тукларни тозалаш учун ҳадисда айтилганидек қириш суннатдир. Шундай бўлса-да, уни тукларни кетказадиган бирон восита ёрдамида тозаласа, қайчиласа, юлса ёки шунга ўхшаш бирон услуб билан кетказса, мақсад ҳосил бўлади. Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Энг афзали бу тукларни қиришдир».

Саккизинчидан: Бармоқ бўғинларини ювиш

Бармоқ бўғинларини ювиш суннатдир. Уламолар бармоқ бўғинларини ювишга қиёс қилишиб, баданнинг одатда кир йиғилиб қоладиган жойларини ювишни ҳам мустаҳаб санашган. Бунга қулоқ ичи ва орқасини мисол қилиш мумкин[4].

Тўққизинчидан: Истинжо қилиш

Истинжо қилиш тўғрисида собиқ мақолаларимиздан бирида батафсил сўз юритилди[5].

Ўнинчидан: Хатна қилиш

Хатна сўзининг луғавий маъноси «тозалаш ва кесиш» демакдир.

Хатнанинг шаръий маъноси эркак олатининг бош қисмини ўраб турган терини кесишдан иборат бўлса, аёлларга нисбатан қиннинг тепа қисмидаги хўрознинг тожига ўхшаш терини кесишдан иборатдир.

Хатна қилишнинг жоизлиги

Эркакларни ҳам, аёлларни ҳам хатна қилиш жоизлиги тўғрисида бир қанча далиллар келган. Шулардан бири олдин зикр қилганимиз Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган «Беш хислат борки, у фитратдандир» ҳадисидир. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  жумладан хатнани ҳам зикр қилганлар.

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар эр хотинининг чотига ўтирса ва эрнинг хатна қилинадиган жойи аёлнинг хатна қилинадиган жойига туташса, ғусл вожиб бўлади[6], деганлар.

Умму Атийя Ансория розияллоҳу анҳо ривоят қилади: «Мадинада хатна қиладиган бир аёл бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга шундай дедилар: «Тубидан кесма. Шунда аёлнинг юзи порлоқ ва эрига ёқимли бўлади»[7]. Бошқа бир ривоятда: “Оз кес, тубидан кесма” – дейилади.

Хатна қилиш ҳукми

Уламолар хатна қилиш ҳукмида ихтилофлашганлар. Шофеийларнинг фикрича, хатна қилиш эркак ва аёлларга нисбатан баб-баравар вожибдир. Ҳанафийлар ва моликийларнинг фикрича, хатна қилиш эркакларга суннат[8], аёлларга эса фазилатдир. Имом Аҳмаддан ривоят қилинишича, хатна қилиш эркакларга вожиб бўлса, аёлларга фазилатдир. Шунингдек, Аҳмаддан нақл қилинган бошқа бир ривоятга кўра хатна қилиш эркагу аёлларга вожибдир.

Хатнада кесиш жоиз бўлган миқдор

Эркакларга нисбатан олат боши очиладиган даражада уни ўраб турган терини кесиш кифоя бўлса, аёлларга нисбатан қин тепасидаги терининг озроқ қисми кесиб ташланади. Бироқ юқорида келтирилган ҳадисда айтилганидек хўроз тожисидек кўтарилиб турган тери таг-туби билан кесиб ташланмайди.

 Хатна қилиш вақти

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан сўралди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг руҳи қабз қилинганда сен ким қатори эдинг?».  Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо деди: «Мен у пайтда хатна қилинган бола эдим. Одамлар у даврда ўғил болани то балоғат ёшига яқинлашмагунча хатна қилишмас эди»[9].

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳасан ва Ҳусайнлар етти кунлик бўлганида уларнинг номидан ақиқа қилиб, икковини хатна қилдилар». Бироқ бу заиф ҳадисдир[10]. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадис ушбу ҳадис маъносини қўллаб-қувватлайди. Унда шундай дейилади: «Чақалоқ етти кунлик бўлганда қилиш суннат бўлган еттита иш бор: исм қўйиш, хатна қилиш…»[11]. Ҳадисни Табароний «Авсат»да ривоят қилган. Шайх Албоний айтади: «Бироқ икки ҳадисдан ҳар бири бошқасини қўллаб-қувватлайди. Чунки ҳар икки ҳадис битта саҳобадан ривоят қилинмаган ва санадларида ёлғончилик билан айбланган ровий йўқ»[12].

Бинобарин, айтиш мумкинки, ўғил болани етти кунлик чақалоқлигидан тортиб, то балоғат ёшига етай деб қолган вақт оралиғида хатна қилиш мумкин. Шунингдек, чақалоқ етти кунлик бўлганида хатна қилиш жоиз бўлса, балоғат ёшига етай деб қолганида хатна қилиш эса вожибдир[13]. Энди қиз болаларни хатна қилиш вақтига келсак, бу ҳақда шариатда муайян вақт белгиланмаган. Шундай бўлса-да, қиз болаларда қиннинг юқори қисмидаги «тож» пайдо бўлиб, ўсиши учун кечроқ хатна қилинади. Маълумки, бу қиз болаларда кечроқ ўсиб чиқади. Бу хусусда хатна қилувчи табиб аёлнинг фикрини олиш мақсадга мувофиқдир.

Хатна қилиш ҳикмати

Хатна қилишнинг талай ҳикматлари бор. Қуйида улардан баъзиларини келтирамиз[14]:

(1) Хатна Иброҳим алайҳиссаломнинг дини бўлмиш «ҳанифлик» (яъни ботилдан ҳаққа интилиш) – фитратни тўлдирувчидир.

(2) Баъзи муфассирларнинг фикрича, Аллоҳ таолонинг «Сибғаталлоҳ» [Бақара: 138] деган сўзидан мақсад хатнадир. Туғилган болани муайян сувда чўмилтириб, чўқинтириш хочга сиғинувчилар наздида қандай аҳамият касб этса, ҳаниф инсонлар, яъни ботилни ташлаб ҳаққа мойил бўлган мусулмонлар учун хатна қилиш ана шундай аҳамият касб этади. Аллоҳнинг қалблардаги «сибға»си, яъни «бўёғи» Аллоҳни таниш, У зотни яхши кўриш ва Унга ибодат қилишдан иборат бўлса, баданлардаги «буёғи» фитрат суннатлари ва жумладан, хатна қилишдир.

(3) Хатна қилиш олат бошини ўраб турган тери ичида йиғиладиган кир ва нажосатларни кетказади.

(4) Умму Атийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда айтилганидек, аёлни хатна қилиш унинг юзи порлоқ ва жинсий яқинлик асносида эрига лаззатлироқ бўлишига сабабчи бўлади.

[1] Муслим (258), Ибн Можа (295) ривояти.
[2] Саҳиҳ: Абу Довуд (4200), Термизий (2759) ривояти.
[3] «Шарҳи саҳиҳи Муслим» (3/149).
[4] Қаранг: “Найлул автор” (1/136), “Ал-мажмуъ” (1/288).
[5] «Ҳожатхона одоблари» сарлавҳали мақоламизга қарашингиз мумкин.
[6] Ибн Можа (611), Аҳмад (2/178), Табароний «Авсат»да (4/380), Ибн Ҳиббон (1183) ривояти. Шунингдек, шунга ўхшаш ҳадисни Муслим (349) ва Молик (1/66) ҳам ривоят қилишган.
[7] Ҳасан лиғайриҳи: Абу Довуд (5271) ривояти. Ҳадиснинг бошқа ривоятлари ва мазмунини қўллаб-қувватловчи бошқа ҳадислар ҳам бор. Қаранг: «Ас-силсилатус саҳиҳа» (722).
[8] Қози Иёз айтади: “Моликийларда суннатни тарк қилган инсон гуноҳкор бўлади”.
[9] Бухорий (6299), Аҳмад (1/264) ривояти.
[10] Байҳақий (8/324), Ибн Адий (3/1075) ривояти.
[11] Табароний “Авсат”да (1/176) ривоят қилган.
[12] Қаранг: «Тамомул минна фит-таълиқи ала фиқҳис-сунна» (68-бет).
[13] Мазкур масалада уламолар ўртасида турли ихтилоф ва фикрлар мавжуд. Қаранг: «Фатҳул Борий» (10/241-242-бетлар).
[14] Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳнинг «Туҳфатул мавлуд» китобидан айрим ўзгартиришлар билан олинди.

Изоҳ қолдиринг