Али розияллоҳу анҳу: Сиддиқ ва аҳли байт ўртасидаги муносабатлар

0

Шиа рофизалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг Абу Бакр Сиддиқ Фотима розияллоҳу анҳони меросдан маҳрум этганидан бошлаб аҳли байт билан Сиддиқ ўртасига совуқлик тушганини, Фотима умрининг охиригача Абу Бакрга гапирмай ўтиб кетганини, кейин унинг авлодлари бўлмиш аҳли байтда ҳам Абу Бакр Сиддиққа нисбатан нафрат давом этганини айтишади. Аслида, Фотима розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мерослари ҳақидаги “Биз пайғамбарлар мерос қолдирмаймиз, биз қолдирган нарса садақадир”[1]  ҳадисини эшитганидан сўнг Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан норозилиги тарқаб, ундан рози бўлган ҳолда вафот этгани ривоятларда келган. Байҳақий санадлари билан Шаъбийдан ривоят қилади: Фотима бемор ётган пайтида Абу Бакр Сиддиқ келиб, унинг ҳузурига киришга изн сўради. Али розияллоҳу анҳу: “Эй Фотима, Абу Бакр киришга изн сўраяпти”, деди. “Изн беришимни истайсизми?”, деди Фотима. “Ҳа”, деди Али. Шундан сўнг у Абу Бакрнинг киришига изн берди. Сиддиқ кириб, Фотимадан розилик тилади. “Қасамки, мен ҳовли-жойни ҳам, мол-мулкни ҳам, аҳли оила ва қариндош-уруғни ҳам фақат Аллоҳ розилиги, пайғамбарининг розилиги ва сизларнинг розилигингиз йўлида тарк қилдим, эй аҳли байт”, деди. Сўнг Фотимадан розилик тилади, у ундан рози бўлди.[2]

Шу билан рофизаларнинг Фотима Абу Бакрдан ғазабланиб, норози бўлиб ўтиб кетгани ҳақидаги гаплари ботиллиги билинади.

Сиддиқ билан Фотима розияллоҳу анҳумо ўртасида илиқ муносабатлар сақланиб қолганига яна бир далил шуки, Фотиманинг вафот этган касаллигида унга қараган, охирги нафасигача ёнида бўлган, ювиш ва кафанлашда шахсан қатнашган аёл Абу Бакрнинг аёли Асмо бинти Умайс бўлганди. Ушбу беморлигида Фотима розияллоҳу анҳога асосан Али розияллоҳу анҳу қаради ва Асмо унга қарашиб турди. Фотима розияллоҳу анҳо Асмога ўзини кафанлаш ва дафн этишга доир баъзи васиятларни қилди ва Асмо унинг васиятларини ижро эттирди.

Фотима розияллоҳу анҳо вафот этганида Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо келиб, Али розияллоҳу анҳуга таъзия билдирдилар. У ҳижрий ўн биринчи йил учинчи рамазон сешанба кечаси вафот этди. Али ибн Ҳусайндан ривоят қилинишича, Фотима шом билан хуфтон оралиғида вафот этди. Абу Бакр, Умар, Усмон, Зубайр, Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳум келдилар. Жанозасини Али розияллоҳу анҳунинг таклифи билан Абу Бакр Сиддиқ ўқиди[3] ва тунда дафн этилди. Имом Муслим ривоятида жанозани Али розияллоҳу анҳу ўзи ўқигани айтилади[4].

Сиддиқ хонадони ва аҳли байт ўртасидаги қудачилик ришталари, аҳли байт ўз фарзандларига Абу Бакр исмини қўйганлари

Абу Бакр Сиддиқ хонадони билан аҳли байт ўртасида илиқ ва дўстона муносабатлар ўрнатилган эди. Абу Бакр Сиддиқнинг қизи Ойша Сиддиқа Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг севикли жуфти ҳалоллари эди.

Али розияллоҳу анҳунинг акаси Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу вафот этгач, унинг аёли Асмо бинти Умайсга Абу Бакр розияллоҳу анҳу уйланган, унинг Муҳаммад исмли ўғли Асмодан туғилганди. Абу Бакр вафот этганидан сўнг Асмога Али розияллоҳу анҳу уйланди ва ундан Яҳё исмли фарзанди дунёга келди.

Али розияллоҳу анҳунинг чевараси ва шиаларнинг бешинчи имоми Муҳаммад Боқир Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг чевара қизига уйланган эди.

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг невараси Қосим ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр билан Али розияллоҳу анҳунинг невараси Али ибн Ҳусайн ибн Али холавачча эдилар[5].

Аҳли байтдан бир қанчалари Абу Бакр розияллоҳу анҳуни яхши кўриб, унга ҳурмат-эҳтиромлари исботи ўлароқ фарзандларини унинг исми билан номлаганлар. Биринчи бўлиб Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ўғилларидан бирига Абу Бакр деб исм қўйди, бу эса Али розияллоҳу анҳунинг Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга бўлган муҳаббати, биродарлиги ва ҳурмат-эҳтироми аломати эди. Шуниси диққатга сазоворки, Али розияллоҳу анҳу ўғлига бу исмни қўйганида Абу Бакр Сиддиқ вафот этиб кетган ва рофизалар даъвосича, Абу Бакрдан аламзада ва нафратда бўлган вақтларига тўғри келади. Шуни ҳам айтиш керакки, Бани Ҳошим ичидан биринчи бўлиб фарзандларига Абу Бакр исмини қўйган киши Али розияллоҳу анҳу бўлди. Ундан кейин фарзандлари ва авлоди ҳам унинг йўлини тутдилар, Сиддиққа нисбатан ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, фарзандларини унинг исми билан атадилар. Ҳасан ҳам, Ҳусайн ҳам ўғилларидан бирини Абу Бакр деб номлади. Буни шиа тарихчиларидан Яъқубий ва Масъудий зикр қилишган[6].

Али розияллоҳу анҳунинг жияни Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб ҳам ўғилларидан бирига Абу Бакр исмини қўйган.

Бу эса рофизалар айтганидек, иккала хонадон ўртасида давомий адоват, нафрат, уруш-жанжал бўлгани ҳақидаги даъволарнинг аксича, улар ўртасида меҳр-муҳаббат ва дўстлик алоқалари сақланиб қолганига далил бўлади.

 

[1] Муслим (1758).
[2] Байҳақий, “Сунани Кубро” (6/301).
[3] “Ал-мухтасар мин китобил мувофақа” (68-бет).
[4] Муслим (1759).
[5] “Аш-шиа ва аҳлул байт” (78-83 бетлар).
[6] “Тарихи яъқубий” (2/228). “Ан-натижа вал-ишроф” (82-бет).

Изоҳ қолдиринг