Тавба сурасининг 126-ояти ҳақида

0

Савол:

Тавба сурасининг 126-оятида Аллоҳ таоло: “Улар ҳар йили бир-икки марта балоланишларини кўрмайдиларми” – деган экан. Шу оятни батафсил тушунтириб берсангиз. Гуноҳкорлар ҳар йили бир-икки марта балоланиб туриши Аллоҳнинг суннатиданми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Тавба сурасининг 126-оятида Аллоҳ таоло шундай дейди: “У (мунофиқ)лар ҳар йили бир ёки икки марта синалиб сўнг яна тавба қилмасликларини ва эслатма олмасликларини кўрмайдиларми?!”. Мазкур оят мунофиқлар ҳақида нозил бўлган. Аллоҳ таоло мунофиқларни баъзи йилларда бир марта, баъзи йилларда икки марта турли хил синовлар билан имтиҳон қилишини, шунга қарамай улар ўзларининг мунофиқликларидан тийилмасликларини айтиб уларга дашном бермоқда.

Мазкур оятдаги имтиҳондан мурод нима эканида уламоларимизнинг уч хил фикрлари бор:

1) қаҳатчилик ва очарчилик каби синовлар;
2) ғазот ва жиҳод билан бўладиган имтиҳон;
3) мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида тарқатган ёлғон хабарлар билан бўладиган синов.

Бу ерда гуноҳкорларга азоб берилиши ва бу Аллоҳнинг суннати экани эмас, балки мунофиқлар шундай имтиҳон қилинсалар ҳам мунофиқликдан тавба қилмаганлари айтилиб, бу ҳолатдан мўминларни огоҳлантириш кўзда тутилган, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг