Хизр алайҳиссалом тирикми?

0

Савол:

Бугунги кунда интернетда Хизр алайҳиссалом тириклиги ҳақидаги хабарлар тарқала бошлади. Бунга Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни далил қилишмоқда. Шуни тушунтириб берсангиз.

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;
Биринчидан: Хизр алайҳиссаломнинг тирик экани ёки вафот этгани ҳақида уламолар ўртасида ихтилоф бор. Имом Қуртубий, Нававий, Ибн Салоҳ, Ироқий, каби уламоларимиз Хизр алайҳиссаломни тирик дейишган. Имом Бухорий, Абу Бакр ибн Арабий, Ибн Жавзий, Ибн Касир каби уламолар эса Хизр алайҳиссаломни вафот этган дейишган (Аллоҳ таоло барча уламоларимизни раҳмат айласин). Хизр алайҳиссалом ҳануз ҳаёт экани тўғрисида келган ҳадислар, саҳоба ва тобеинларнинг сўзлари, буларнинг барчаси ё тўқима, ё заиф ва мункар ривоятлардир. Саволда сўралган Анас розияллоҳу анҳудан келтирилган ривоят ҳам шулар жумласидан. У ривоятга фатвонинг учинчи бандида тўхталиб ўтамиз.

Иккинчидан: Хизр алайҳиссалом вафот этганига талайгина далиллар бор. Қуйида шу далилларни келтириб ўтамиз:

1) Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Биз сиздан олдин бирон кишига мангу ҳаёт ато этмаганмиз. Сиз вафот этсангиз, улар ҳаётда мангу қоладиларми?!” – деган (Анбиё: 34). Мазкур оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан олдин бирон кишига мангу ҳаёт берилмагани очиқ-ойдин айтилган. Тўғри, бу оятдан баъзилар истисно қилинади. Масалан, дажжолни биз тирик деб биламиз. Бироқ бу истиснога саҳиҳ далиллар бор. Хизр алайҳиссаломнинг ўлмаганига, шунингдек, оби ҳаётдан ичгани учун абадий яшашига бирон далил йўқ. Шунингдек, Нуҳ алайҳиссаломнинг замонасида юз берган тўфондан сўнг Хизр алайҳиссалом Одам алайҳиссаломни дафн этгани сабабли ҳаётда боқий қолиш бахтига муяссар бўлгани ҳақидаги хабар ҳам ёлғон.

2) Бадр куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолога: “Аллоҳим, агар мана шу мусулмон жамоатни ҳалок қилсанг, бундан сўнг ер юзида Сенга ҳеч ким ибодат қилмайди” – деб дуо қилганлар (Муслим (1763) ривояти). Шундан тушуниладики, Хизр алайҳиссалом вафот этган. Акс ҳолда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “ер юзида Сенга ҳеч ким ибодат қилмайди” – демаган бўлардилар.

3) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умрларининг охирги чоғида бир куни хуфтон намозидан сўнг: “Мана шу кечани кўрдингизми?! Шу кечадан бошлаб юз йилдан сўнг бугун ер юзида тирик бўлган бирон кимса ҳаётда қолмайди” – деганлар (Бухорий (116) ривояти). Бундан ҳам баъзилар истисно қилиниши мумкин. Бироқ, юқорида айтганимиздек, бунинг учун саҳиҳ далил керак.

4) Агар Хизр алайҳиссалом тирик бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида у зотнинг ҳузурларига келиб, даъватларида кўмаклашиши ва у зот билан бирга кофирларга қарши жанг майдонларида иштирок этиши керак эди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бутун оламга, инсу жинларга пайғамбар қилиб юборилганлар. Шунингдек, Умар розияллоҳу анҳуга: “Агар Мусо тирик бўлганида, менга эргашиши шарт бўларди” – деганлар (Байҳақий “Шуабул иймон”да (164) ривоят қилган).

Учинчидан: Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Бир куни кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ташқарига чиқдик. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга таҳорат учун сув кўтариб олгандим. Бир кишининг дуо қилаётганини эшитиб қолдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: “Жим тур” – дедилар. Ҳалиги киши: “Аллоҳим, мени қўрқитган азобингдан мени қутқарадиган амалларни бажаришга Ўзинг кўмак бер” – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Давомини ҳам айтса эди” – дедилар. У худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гапларини эшитгандек: “Содиқларни муштоқ этган нарсангга мени ҳам муштоқ айла” – деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳой Анас, сувни қўй. Бу одамнинг ҳузурига бориб айт, менинг ҳаққимга Аллоҳ менга юборган динини етказишимда кўмак беришини сўраб дуо қилсин. Умматимнинг ҳаққига ҳам улар мен ҳақ ила келтирган динни қабул қилишларини сўраб дуо қилсин” – дедилар. Мен унинг ҳузурига бордим ва: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақларига дуо қилинг, динни етказишларида Аллоҳ у кишига кўмак берсин. Умматларининг ҳаққига ҳам дуо қилинг, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақ ила келтирган динни қабул қилишсин” – дедим. У эса: “Сени ким юборди” – деб сўради. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан берухсат у зот юборганларини айтгим келмагани боис: “Аллоҳ сизга раҳм қилсин, мен айтгандек дуо қилсангиз нима зиёни бор?!” – дедим. У эса: “Сени ким юборганини айтмайсанми?!” – деди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келдим ва бўлиб ўтган суҳбатни айтиб бердим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Унинг олдига қайтиб бор ва сени мен юборганимни айт” – дедилар. Бориб айтган эдим: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳам марҳабо, у зотнинг элчисига ҳам марҳабо! Аслида, мен боришим керак эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салом айт. Сизга Хизр салом айтди, Аллоҳ рамазон ойини бошқа ойлардан афзал қилганидек, сизни бошқа пайғамбарларидан афзал қилибди, жума кунини бошқа кунлардан афзал қилганидек, умматингизни бошқа умматлардан афзал қилибди, дегин” – деди. Мен ортимга қайтар эканман, унинг: “Парвардигоро, мени раҳм қилинган, тўғри йўлга бошланган ва тавбаси қабул айланган мана шу умматдан қилгин” – деб дуо қилганини эшитдим”. Мазкур ҳадисни Табароний “Ал-авсатда” (3095) ривоят қилган ва ортидан: “Бу ҳадисни Анас розияллоҳу анҳудан фақат Осим, Осимдан эса фақат Ваззоҳ, ундан эса фақатгина Муҳаммад ибн Салом ривоят қилган” – деган. Табароний роҳимаҳуллоҳ бундай дейишининг боиси шуки, Ваззоҳ ҳам, Муҳаммад ҳам ёлғиз ўзи ривоят қилганда ҳадиси қабул қилинмайдиган ровийлардандир. Қолаверса, Муҳаммад ибн Саломдан Бишр ибн Али ривоят қилган. Бишр ибн Алининг кимлиги номаълум. Бинобарин, ушбу ривоят заифдир. Шунинг учун Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Ал-бидоя ван ниҳоя” китобида мазкур ҳадисни келтирганидан сўнг ортидан: “Бу ҳадис ёлғон. Санад жиҳатидан ҳам, матн жиҳатидан ҳам тўғри эмас. Қандай қилиб, Хизр алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келмаслиги, мусулмон бўлиб, у зотдан илм олиш учун даргоҳларига ҳозир бўмаслиги мумкин?!” – деган.

Хизр алайҳиссаломнинг тириклиги ҳақида Анас розияллоҳу анҳудан яна бир ҳадис ривоят қилинган. Ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Хизр денгизда, Ясаъ эса қуруқликда. Улар ҳар куни кечаси Зулқарнайн одамлар билан яъжуж ва маъжуж ўртасини ажратиб туриш учун қурган тўсиқ олдида учрашишади. Улар ҳар йили ҳаж ва умра қилишади ҳамда замзамдан бир қултумдан ичишади. Бу уларга келаси йилгача етади” – деганлар. Мазкур ҳадисни Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ “Ал-исоба” китобида (1\432) келтириб, ортидан ҳадис ровийларидан икки киши, яъни Абдураҳим ибн Воқид ҳамда Абон, иккаласи ҳам ҳадиси қабул қилинмайдиган матрук ровий эканини айтиб ўтган.

Хулоса шуки, Хизр алайҳиссаломни баъзи уламоларимиз тирик деган бўлсалар-да, бунга бирон асосли далил йўқ. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳар икки ҳадис ҳам заиф, яъни далилликка ярамайди, валлоҳу аълам.

Фатво рақами: 1013008

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг