Аср намозини ўқимаса амали бекор бўладими?

0

Савол:

Устоз, аср намозини сабабсиз тарк қилса, барча амали ҳабата бўладими ёки айнан ўша кунги амалими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Маълумки, Аллоҳ таолонинг “Барча намозларни ва хусусан ўрта намозни сақланглар — ўз вақтида адо қилинглар”, деган сўзидаги “ўрта намоз”дан аср намози назарда тутилган. Бу ҳақда бир неча ҳадислар келган, жумладан: Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аҳзоб жангида шундай деганлар: “Аллоҳ уларнинг (яъни мушрикларнинг) қабр ва уйларини оловга тўлдирсин. Улар бизни то қуёш ботгунга қадар ўрта намоздан машғул қилиб қўйдилар”. Бошқа бир ривоятда: “Улар бизни ўрта намоз – аср намозидан машғул қилиб қўйдилар” – дейилади (Бухорий (2931, 4111, 4533), Муслим (627), Абу Довуд (409), Термизий (2984), Насоий (1/336) ва Ибн Можа (684) ривоят қилишган).

Аср намозини ўқимасликнинг гуноҳи бошқа намозларникига нисбатан оғир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким аср намозини тарк қилса, унинг амали бекор бўлади” – деганлар (Бухорий (553) ривояти). Уламолар мазкур ҳадисни икки хил тушунишган. Исҳоқ ибн Роҳавайҳ каби баъзи уламолар бу ҳадисни зоҳирига биноан тушуниб, қасддан намоз ўқимаган киши кофир бўлади, бинобарин, унинг барча амали бекор бўлади, дейишган.

Жумҳур уламолар эса қасддан намоз ўқимаган киши кофир бўлмайди деб билганлари учун ушбу ҳадисни турлича талқин қилишган. Қуйида шу талқинларни келтириб ўтамиз:

1) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “тарк қилса” деганда намознинг фарзлигини инкор этиб, намоз ўқишдан юз ўгирган кишини назарда тутганлар. Бундай кимса кофир эканида ҳеч қандай хилоф йўқ. Кофирнинг эса қилган барча амали бекор бўлади;

2) ҳадисдаги “амали бекор бўлади” деган гап қасддан намоз ўқимасликдан қайтариш учун айтилган, уни зоҳирига биноан тушуниш нотўғри. Мазкур фикрни Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ қўллаб-қувватлаган (“Фатҳул Борий (2\31);

3) “аср намозини тарк қилса” деганда бутунлай намоз ўқимайдиган киши назарда тутилса, унинг барча амали бекор бўлади. Чунки у кофир ҳисобланади. Агар гоҳида намоз ўқиб, гоҳида ўқимайдиган бўлса, унда аср намозини ўқимаган кунги амали бекор бўлади. Бу фикрга кўра, ушбу таҳдид фақат аср намозини ўқимаганларга тегишли. Мазкур фикрни Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ қўллаб-қувватлаган;

4) “амали бекор бўлади” деганда дунёдаги амал-иш назарда тутилган. Шунда ҳадиснинг маъноси қуйидагича бўлади: аср намозини ўқимасликка сабаб бўлган иш бекор, яъни унда барака бўлмайди, валлоҳу аълам.

Фатво рақами 101610001

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг