Руҳ ва тана ўртасидаги боғлиқлик турлари

0

Савол:
«Инсонга учта ҳаёт берилади: бири онасининг қорнидаги ҳаёт, иккинчиси дунё ҳаёти ва учинчиси қабр ҳаёти. Шулардан иккитасида имконият йўқ, биттасида дунё ҳаётида имконият бор. Инсон унда Аллоҳнинг айтганларини қилиб жаннатга ёки осий бўлиб дўзахга тушади» деган ҳадис борми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.
Бундай ҳадис йўқ, валлоҳу аълам. Бироқ инсон амал қиладиган ҳаёт шу дунё ҳаёти экани, ундаги амалига қараб жаннат ёки дўзахга кириши ҳақ.

Ҳаёт турларига келсак, бу ҳақда Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги сўзларини келтириш мақсадга мувофиқ бўлса керак.

Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ айтади: «Руҳ билан тана ўртасида ҳукми бир биридан фарқли бўлган беш турли боғлиқлик бор:

  1. Инсон онасининг қорнидалик пайтидаги боғлиқлик.

  2. Дунёга келгандан кейинги боғлиқлик.

  3. Уйқудалик чоғидаги боғлиқлик. Инсон уйқуда экан руҳ бир жиҳатдан тана билан боғланиб турса, бир жиҳатдан ундан ажралади.

  4. Барзах – қабр ҳаётидаги боғлиқлик. Инсон вафот этгач руҳ танадан ажралса ва уни тарк қилса-да, улар ўртасидаги боғлиқлик буткул узилмайди. Зеро, шундай ҳадислар, шунингдек, саҳоба ва тобеинларнинг сўзлари борки, уларга кўра қабрдаги маййитга салом берилганда унинг руҳи танасига қайтарилади. Бироқ бу қайтишлик ўзига хос қайтиш саналиб, қиёматдан олдин баданнинг қайта тирилишини тақозо қилмайди.

  5. Қиёмат куни қайта тирилишдаги боғлиқлик. Бу руҳ билан бадан ўртасидаги боғлиқлик турларининг энг кучлиси саналиб, уни бундан олдинги боғлиқлик турларига солиштириб бўлмайди. Чунки руҳ билан тана ўртасидаги бу боғлиқликдан сўнг инсон танасининг ўлиши, ухлаши, ишдан чиқиши мумкин эмас» [«Руҳ», 44-бет].

Изоҳ қолдиринг