Мутъа ҳақида (Бақара сураси 241-оятининг тафсири)

0

Савол:

Талоқ қилинган аёлларга мақбул тарзда фойда бериш тақводорлар бурчидир” (Бақара: 241) оятини қандай тушуниш керак?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;
Мазкур оятда талоқ қилинган аёлларга кўнгиллари синмаслиги ва талоқ сабабли ҳаётдан совиб кетмасликлари учун кийим-кечак, тақинчоқ, пул каби нарсалар бериш кераклиги ва бу тақводорларга хос иш экани айтилмоқда. Оятдаги “фойда” сўзидан биз юқорида айтиб ўтган нарсалар кўзда тутилган. Бу нарсалар шариатимизда “мутъа” деб аталади. Талоқ қилинган аёлга мутъа бериш тўғрисида уламоларимизнинг икки хил фикрлари бор. Жумҳур уламолар фикрига кўра, маҳри белгиланган ва яқинлик қилинган аёл талоқ қилинса, унга мутъа бериш мустаҳаб. Агар талоқ қилинган аёлнинг маҳри келишилмаган бўлса ва яқинлик қилишдан олдин талоқ қилинса, унда бу аёлга маҳр ўрнига мутъа бериш фарз бўлади. Улар мазкур оятдаги “талоқ қилинган аёллар” сўзини “маҳри белгиланмаган ва жинсий яқинликдан олдин талоқ қилинган аёллар” деб талқин қилишган.

Саид ибн Жубайр ҳамда Ибн Жарир Табарий каби баъзи уламолар мазкур оятнинг зоҳирига таянган ҳолда, ҳар қандай талоқ қилинган аёлга мутъа бериш фарз, дейишган, валлоҳу аълам.

Фатво рақами: 1019002

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг