Аёлининг устига унинг опасига уйланиш жоизми?

0

Савол:

Мен уйланганман. Аёлимнинг бева опаси бор, биз у билан севишиб қолганмиз. «Кел, бирга никоҳдан ўтайлик», десам, кўнмаяпти, «опа-сингилмиз, бўлмайди», деяпди. Аслида иккимиз холи қолсак эр-хотиндан фарқимиз йўқ. Мен: «Нега бўлмайди, мен сен билан қондош эмасман-ку? Бунинг иложи бор. Икковингни бирдик кўраман», десам, «Сиз олдин тақводор, диний тушунчаси бор инсондан маслаҳат сўранг», деди. Сиз нима маслаҳат берасиз?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Аввало сизнинг қайнопангиз бўладими ёки бошқа аёлми, ким бўлишидан қатъий назар, бир аёл билан никоҳсиз муносабатда бўлишингиз, ҳатто холи қолганингизда эр-хотин ўртасида бўлган ишларни қилишингиз катта гуноҳ ва оғир жиноятдир. Сиз дастлаб шу ишингиз тўғрими-йўқлигини сўрашингиз мақсадга мувофиқ эди, аслида. Зеро, шариатда сиз иккингиз қўл урган бу жиноят зино деб аталиб, аслида унинг жазоси сифатида зинокор аёл ва зинокор эркак тошбўрон қилиб ўлдирилиши лозим. Мазкур жазо ҳам бу жиноятнинг нақадар оғир эканига далолат қилади. Маслаҳатимиз, сизлар дарҳол бу ишга чек қўйиб, қилмишингизга пушаймон бўлиб, қайтиб бу ишга қўл урмасликка азму қарор қилиб, тавба қилишингиз ва Аллоҳдан истиғфор сўрашингиз вожибдир.

Қайнопангизга уйланиш масаласига келсак, наҳот шу даражада динимиздан узоқлашиб кетган бўлсак, наҳот мусулмон киши опа-сингиллардан бири никоҳида бўлиб турган пайтда унинг опаси ёки синглисига уйланиш ҳаромлигини билмаса?! Ахир бу бутун ислом уламолари ижмо-иттифоқ қилган масалаку?!

Аллоҳ таоло айтади: «Опа-сингилларни никоҳда жамлашингиз (ҳаром қилинди)» [Нисо: 23]. Шунга кўра, эркак киши опа-сингилларни никоҳида жамлаши ҳалол эмас. Бироқ хотини вафот этгач ёки уни талоқ қилгач, унинг опаси ёки синглисига уйланиш жоиз. Шуни эслатиб ўтиш лозимки, хотинини талоқ қилган тақдирда, то иддаси тугамагунча унинг опаси ёки синглисига уйланиши жоиз эмас. Бироқ хотини вафот этган эркак марҳуманинг опаси ёки синглисига бирданига уйланиши мумкин. Баъзи авом инсонлар ўйлаганидек, эркак киши хотини вафот этгани учун «идда сақлаши», яъни маълум муддат кутиб туриши шарт эмас.

Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: «Бир вақтнинг ўзида икки опа-сингилга уйланиш уламолар ижмоси билан ҳаромдир. Бу борада опа-сингил туғишган бўладими, ота бир бўладими ёки она бир бўладими, шунингдек, насабдошми ёки эмикдошми, фарқи йўқ»[1].

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ «Ал-муғний»да ҳофиз Ибн Ҳажарнинг гапига ўхшаш гапларни зикр қилиб, шундай қўшимча қилади: «Оятнинг умумийлиги шуни ифода қиладики, хоҳ аёлга яқинлик қилишдан олдин, хоҳ кейин бўлсин, унинг устига опаси ёки синглисига уйланиш жоиз эмас»[2].

Хулоса қилиб айтсак, сизлар бир-бирингиздан узоқлашишингиз ва қилган ишингизга тавба қилишингиз лозим. Зеро, сизлар қилиб юрган иш Раббингизга осийлик, умр йўлдошингизга эса хиёнатдир. Шунингдек, бир вақтда опа-сингилга уйланиш ҳаром бўлгани учун мазкур ношаръий алоқани шаръийлаштириш имконсиздир. Валлоҳу аълам.

Эслатма: Уйланиш ҳаром қилинган аёллар билан батафсил танишиш учун қуйидаги боғичдаги мақолани ўқишни тавсия қиламиз:

http://ixlos.org/?p=8282

[1] «Фатҳул Борий» (9/160).
[2] «Ал-муғний» (6/571).

Изоҳ қолдиринг