Намоз ўқиётган одамнинг олдини кесиб ўтиш ҳақидаги боб (3)

0

Юз бешинчи ҳадис

 

 عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَبَّاسٍ رضي الله عنهما قَالَ: ((أَقْبَلْتُ رَاكِباً عَلَى حِمَارٍ أَتَانٍ وَأَنَا يَوْمَئِذٍ قَدْ نَاهَزْتُ الاحْتِلامَ وَرَسُولُ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – يُصَلِّي بِالنَّاسِ بِمِنًى إلَى غَيْرِ جِدَارٍ. مَرَرْتُ بَيْنَ يَدَيْ بَعْضِ الصَّفِّ فَنَزَلْتُ فَأَرْسَلْتُ الأَتَانَ تَرْتَعُ. وَدَخَلْتُ فِي الصَّفِّ فَلَمْ يُنْكِرْ ذَلِكَ عَلَيَّ أَحَدٌ)) .

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда у шундай дейди: “Бир куни мен урғочи эшагимга миниб (Минога) келдим. Ўша вақтда мен балоғатга етай деб қолгандим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Минода девор бўлмаган томонга қараб одамлар билан намоз ўқиётган эканлар. Мен (эшагимга минган ҳолда) саф оралаб ўтдим. Сўнг эшагимдан тушиб, уни ўтлашга қўйиб юбордим, кейин сафга турдим. Бу ишимга бирон киши эътироз билдирмади[Бухорий: 76 ва Муслим: 504].

Шарҳ:

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг хабар беришича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳажжатул вадоъда Минода турганларида у урғочи эшагига миниб, у зотнинг олдига келади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Минода саҳобаларга имом бўлиб намоз ўқиётган эдилар. Ибн Аббос эшаги билан бир сафнинг орасидан ўтади. Сўнг эшагидан тушиб, уни ўтлашга қўйиб юборади ва ўзи намозхонлар сафига қўшилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ўша вақтда балоғат ёшига яқинлашиб қолган эди. Яъни намозни бузувчи бирон амал қилса, унга эътироз ва дашном бериладиган ёшга етиб қолганди. Лекин Ибн Аббоснинг бу ишига на Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва на бирон саҳоба эътироз билдирди.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Намозхоннинг олдини эшак кесиб ўтса, унинг намози нуқсонли бўлмайди ва бузилмайди. Кейинги ҳадис шарҳида намозхоннинг олдини эшак кесиб ўтса, унинг намози бузилиши ёки бузилмаслиги борасида уламоларнинг билдирган фикрлари зикр қилинади, иншааллоҳ.

2 – Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этган пайтда энди балоғатга етган ёки балоғатга етиш арафасида бўлган. Негаки, ушбу воқеа Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан саксон кун олдин ҳажжатул вадоъда содир бўлган.

3 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалардан содир бўлган бирон ишга эътироз билдирмасалар, шу иш ҳам суннат ҳисобланади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам номақбул (ёмон) амал ким томонидан содир этилишидан қатъий назар, индамай турмасдилар. Ушбу воқеада Пайғамбаримизнинг Ибн Аббосга эътироз билдирмасликлари  икки нарсага далолат қилади:

Биринчиси: намозхоннинг олдини эшак кесиб ўтса, намози дуруст саналаверади.

Иккинчиси: Ибн Аббос шариатга хилоф бўладиган мункар иш қилмади.

4 – Уламолар ушбу ҳадисни имомнинг сутраси муқтадийларга ҳам кифоя қилишига далил қилиб келтиришган. Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Саҳиҳ” китобида “Имомнинг сутраси унинг ортидагилар учун ҳам сутра бўлади” деган боб ажратган.

Изоҳ қолдиринг