Узрли аёл Қуръон ўқиши мумкинми?

0

Савол:

Аёллар Қуръон ўқишни ўрганаётган пайтида узрли кунлари асносида устози келиб қолса, дарс топшириши жоизми ёки мумкин эмасми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;
Ҳайз кўрган аёл Қуръонни товуш чиқариб ўқиши жумҳур уламоларнинг наздида жоиз эмас.

Имом Бухорий, Ибн Жарир Табарий ва Ибн Мунзирларнинг фикрича, бу иш жоиздир. Ибн Ҳажар “Фатҳул Борий” китобида нақл қилишича, бу фикр имом Моликдан нақл қилинган бўлиб, имом Шофеий ҳам эски мазҳабида шу фикрда бўлган. Бухорий роҳимаҳуллоҳ Иброҳим Нахаийдан муаллақ тарзда келтиришича, у шундай деган: “Ҳайз кўрган аёл Қуръон оятларини ўқишининг зиёни йўқ”.

Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳайз кўрган аёлни Қуръон ўқишдан ман қиладиган бирор саҳиҳ ҳадис йўқ.Ҳайз кўрган аёл ва жунуб одам Қуръондан бирор нарса ўқимайдидеган ҳадисга келсак, муҳаддис уламолар бу ҳадис заиф эканига иттифоқ қилишган. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида аёллар ҳайз кўришар, агар уларнинг Қуръон ўқишлари худди намоз ўқишлари каби ҳаром бўлганида албатта у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни умматларига баён қилган, рафиқалари ҳам бундан хабардор бўлган ва одамлар бу ҳақда у зотнинг сўзларини нақл қилишган бўлар эди. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирон қайтариқ нақл қилинмаган бўлиб, бинобарин, уни ҳаром дейиш жоиз эмас. Юқорида айтганимиздек, у зот бу ишдан қайтрганлари саҳиҳ ҳадисларда келмаган. Пайғамбаримиз даврларида кўпчилик аёллар ҳайз кўришига қарамай, уларни Қуръон ўқишдан қайтармаганлари бу ишнинг ҳаром эмаслигига далолат қилади[Фатово: 26/191].

Уламоларнинг бу масаладаги ихтилофларини билиб олдик. Демак, ҳайз кўрган аёл Қуръонни фақат эҳтиёж туғилсагина овоз чиқариб ўқигани афзал, дейиш мақсадга мувофиқ бўлади. Масалан, у Қуръондан дарс берадиган муаллима бўлса-ю, ўқувчиларга таълим бериш учун овозини чиқариб Қуръон ўқишга эҳтиёжи бўлса ёки имтиҳон асносида Қуръон ўқиб беришга эҳтиёжи туғилса ёки шунга ўхшаш эҳтиёжли ҳолатда бўлса ҳайз ҳолатида Қуръон ўқиши жоиз бўлади, валлоҳу аълам.

Фатво рақами: 1119003

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг