Инсонни лаънатлаш жоизми?

0

Савол:

Тарихда Чингизхонга ўхшаган кофирлар, золимлар ўтган. Уларни ва уларга ўхшаган кишиларни лаънатлаш ҳукми қандай? Умуман олганда бир инсонни лаънатлаш жоизми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Аввало лаънат сўзи нима маънони англатишини билиб олиш лозим. Лаънат дегани “яхшиликдан ёки Аллоҳни раҳматидан узоқлаштириш ва қувғин қилиш” маъносини англатади. Бировларни лаънатлаш ҳукми лаънатланган инсонга қараб турлича бўлиши мумкин.

  1. Солиҳ мусулмонни лаънатлаш

Солиҳ мусулмонни лаънатлаш ҳаром эканига уламолар иттифоқ қилишган. Бунга далолат қиладиган талай ҳадислар мавжуд. Жумладан, Собит ибн Заҳҳок розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Ким исломдан бошқа бирон динга қасам ичса (масалан, «фалон ишни қилмасам яҳудий бўлай», деса), айтганидек бўлади. Одам боласи ўзи эга бўлмаган нарсани назр қилса, назрига вафо қилиши вожиб эмас. Ким дунёда бирон нарса билан ўзини ўлдирса, ўша нарса билан қиёматда азобланади. Ким мўминни лаънатласа, уни ўлдиргандек бўлади. Ким мўминни кофирликда айбласа, уни ўлдиргандек бўлади»[1].

Уламолар мўминни лаънатлаш ҳаромлигига ижмо қилишган. Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Билингки, солиҳ мусулмонни лаънатлаш мусулмонлар ижмоси билан ҳаромдир»[2].

  1. Муайян қабиҳ сифатларга эга бўлганларни умумий тарзда лаънатлаш

Қабиҳ сифатларга эга бўлганларни умумий тарзда лаънатлаш жоизлигига уламолар иттифоқ қилишган. Масалан, золимлар, фосиқлар, ёлғончилар, бидъатчиларни лаънатлаш, шунингдек, ароқхўрлар, порахўрларни умумий тарзда лаънатлаш жоиз. Масалан, «яҳуд ва насороларга лаънат бўлсин», «кофирларга, фосиқларга ва золимларга лаънат бўлсин» ёки «ароқхўрларга лаънат бўлсин», дейиш жоиз. Чунки Аллоҳ таоло золимлар, фосиқлар ва ёлғончиларга умумий тарзда лаънат айтган, шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўғрилар, судхўрлар, порахўрларни ва шунга ўхшашларни умумий тарзда лаънатлаганлар.

Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳ золимларни лаънатласин», «Аллоҳ кофирларни лаънатласин» каби (шариатда) қораланган сифат эгаларини лаънатлаш жоиздир»[3].

Ибн Арабий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Аммо осий бандаларни умумий тарзда лаънатлаш уламолар ижмоси ила жоиздир»[4].

  1. Муайян кофирни лаънатлаш

Муайян кофирни лаънатлашнинг уч ҳолати бор:

1) агар муайян шахс иблисга ўхшаш лаънатлангани тўғрисида оят ва ҳадислар келган бўлса ёки фиръавнга ўхшаш кофир ҳолида ўлгани аниқ бўлса, унда бундай муайян шахсларни лаънатлаш жоизлигида уламолар ўртасида хилоф йўқ.

2) агар муайян бир инсон кофир ҳолида яшаб ўтган бўлса-ю, бироқ кофирлигича ўлгани аниқ бўлмаса, у ҳолда бундай шахсни «кофир бўлиб ўлган бўлса» деган қайд билан лаънатлаш жоиздир.

Бунга Ибн Касир роҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги сўзлари мисол бўлади. У бир насронийнинг шеърини келтиради. Унда ислом ва мусулмонлар ҳақорат қилинган бу шеър ортидан Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: «Агар кофир ҳолида ўлган бўлса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин»[5].

3) ҳануз тирик бўлган муайян бир кофирни лаънатлаш, масалан, «фалончи яҳудийга Аллоҳнинг лаънати бўлсин» дейиш.

Уламолар бу борада икки хил фикр билдиришган:

Биринчи фикр:

Ҳанафийлар, шофеийлар ва ҳанбалийлардан иборат жумҳур уламолар фикрича, ҳануз ҳаёт бўлган кофирни лаънатлаш жоиз эмас. Чунки унинг оқибатини билмаймиз, эҳтимол иймон келтириб, Аллоҳнинг наздида муқарраб бандаларидан бўлиб хотима топар. Бундай инсонга малъун деб ҳукм қилиб бўладими?! Мазкур фикрни қўллаб-қувватлаш учун қуйидагилар далил қилинади:

(1) Аллоҳ таоло айтади айтади: «Кофир бўлиб, кофир ҳолида ўлиб кетган кимсалар шубҳасиз, Аллоҳнинг ва жамики фаришта ва одамларнинг лаънатига дучор бўлғайлар» [Бақара: 161]. Кўриб турганингиздек, оятда кофирга лаънат айтиш унинг кофир ҳолида ўлиши билан қайд қилинди.

(2) Ибн Умар розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бомдод намозининг иккинчи рукусидан бош кўтариб, «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» деганларидан кейин: «Эй Аллоҳ, фалончи ва фалончиларни лаънатлагин», деганларини эшитади. Шунда Аллоҳ таоло «(Эй Муҳаммад), сиз учун бу ишда (яъни бандаларга нажот бериш ёки уларни ҳалок қилиш ишида) ҳеч бир нарса (яъни инон-ихтиёр) йўқдир. (Аллоҳнинг ўзи) ё уларнинг тавбаларини қабул қилар ёки золимликлари сабабли азоблар» [Оли Имрон: 128] оятини нозил қилди»[6].

Иккинчи фикр:

Ҳанбалий мазҳабига оид бир ривоят ҳамда шофеийлардаги бир фикрга кўра, муайян кофирни лаънатлаш жоиздир.

Баъзи уламолар бу фикрни қўллаб-қувватлаш учун Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни далил қилишган. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида исми Абдуллоҳ, лақаби Ҳимор деган бир киши бўлиб, у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни кулдирар эди. У зот Ҳиморни ароқ ичгани учун дарралаган эдилар. Кунлардан бирида (ароқ ичгани учун) яна олиб келиниб, дарралашга буюрилди. Шунда одамлар ичидан бир киши: «Аллоҳни лаънати бўлсин-ей! Ҳадеб ичаверар эканда!», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Уни лаънатламанглар. Аллоҳга қасамки, у Аллоҳ ва Расулини яхши кўради»[7].

Мазкур ҳадисдан Аллоҳ ва Расулини яхши кўрмайдиганларни лаънатлаш жоизлиги келиб чиқади. Маълумки, кофир Аллоҳ ва Расулини яхши кўрмайди.

Ибн Арабий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Менимча, тўғри фикр: кофирни ўлдириш ва унга қарши жанг қилиш жоиз бўлганидек, унинг зоҳир ҳолатидан келиб чиқиб лаънатлаш ҳам жоиздир»[8].

  1. Муайян фосиқ мусулмонни лаънатлаш

Муайян фосиқ мусулмонни лаънатлаш борасида уламолар икки хил фикр билдиришган. Бир тоифа уламолар бундай кишини лаънатлаш жоиз дейишса, бошқа бир тоифаси жоиз эмас дейишган.

Ибн Арабий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Осий мусулмонга келсак, уни лаънатлаш жоиз эмаслигига уламолар иттифоқ қилишган»[9]. Ибн Арабий бунга юқоридаги Умар ибн Хаттобдан ривоят қилинган Ҳимор қиссасини далил қилган. Албатта, Ибн Арабий роҳимаҳуллоҳнинг сўзи муболағадан холи эмас. Чунки юқорида айтиб ўтганимиздек, бу хусусда уламолар ўртасида ихтилоф бор. Эҳтимол фосиқ мусулмонни лаънатлаш жоиз эмаслиги аксар уламолар фикри бўлгани учун шундай деган бўлса керак.

Хулоса қилиб айтганда, Қуръон ва ҳадисда шахсан лаънатланмаган ёки кофир ҳолида вафот этгани маълум бўлмаган инсонлар, шунингдек, ҳануз ҳаёт бўлган кофир ва фосиқ инсонлар лаънатланмайди. Ҳаётда кофир бўлиб яшаган, бироқ умрининг охирида қандай хотима топгани номаълум кишилар ҳақида «кофир ҳолида ўлган бўлса» деган қайд билан лаънатлаш жоиз. Чингизхон ана шундай инсонлардан бири бўлган. Умуман олганда бирон кишини лаънатлаш жоиз ёки жоиз эмаслиги хусусида уламолар ихтилоф қилган ўринларда лаънатламаслик афзал ва саломат йўлдир. Чунки ҳақиқий мусулмон киши бирон зарурат бўлмаса бировларни сўкмайдиган, уларга лаънат ўқимайдиган кишидир. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «(Чинакам) мўмин киши (бўлар-бўлмасга) одамларни айблайдиган, лаънатлайдиган, (беҳаё сўз, хатти-ҳаракатлар содир этадиган) расво ва оғзи шалоқ бўлмайди»[10]. Шунинг учун мўмин киши бировларни сўкишдан, айниқса лаънатлашдан эҳтиёт бўлмоғи керак. Афсуски, халқ орасида бўлар-бўлмасга «падарингга лаънат» деган сўз кўп ишлатилади. Аксар ҳолатда бу ибора мусулмон кишиларга нисбатан қўлланилади. Агар бу ерда лаънат сўзининг асл маъноси (Аллоҳнинг раҳматидан бадарға қилиш) кўзда тутилган бўлса, албатта бундай сўкиниш катта гуноҳ саналади. Бироқ баъзан лаънат сўзидан ҳатто араб тилида ҳам асл маъноси эмас, балки шунчаки сўкиниш, ҳақорат маъноси қасд қилинади. Нима бўлганда ҳам юқорида баён қилинган ҳолатлардан ташқарида лаънат айтишдан сақланиш лозим, валлоҳу аълам.

[1] Бухорий (6047) ва Муслим (110) ривояти.
[2] «Ал-азкор» (506-бет).
[3] «Ал-азкор» (506-бет).
[4] “Аҳкомул Қуръон” (1/50-бет).
[5] «Ал-бидоя ван-ниҳоя» (11/247).
[6] Бухорий (4559) ривояти.
[7] Бухорий (6780) ривояти.
[8] “Аҳкомул Қуръон” (1/50).
[9] “Аҳкомул Қуръон” (1/50).
[10] Термизий (1977), Ибн Ҳиббон (1/421-бет, 192-ҳадис), Ҳоким (1/57) ривояти. Ҳадисни Термизий “ҳасан ғариб” деган. Ҳадис санадини Заҳабий “Ал-муҳаззаб”да (8/4200) “жаййид” деган бўлса, Ироқий “Тахрижи иҳё”да (1010) саҳиҳ деган. Албоний ҳадисни “Саҳиҳи Термизий”да (1977) саҳиҳ деган. Ибн Ҳажар “Булуғул маром”да (444-бет) шундай дейди: “Ҳадис марфуъ ва мавқуф ҳолда ривоят қилинган бўлиб, Дорақутний унинг мавқуф асар эканини рожиҳ деган”.

Изоҳ қолдиринг