Сийрат: нубувватдан олдинги муҳим воқеалар (2)

0

Фил воқеаси

Фил воқеаси ҳақиқатдан ҳам содир бўлгани Қуръон оятлари ҳамда саҳиҳ ҳадислар билан ўз тасдиғини топган. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Раббингиз фил етаклаб келганларни қай кўйга солганига қарамайсизми?! Уларнинг ҳийла-найрангларини барбод қилмадими?! Устиларига сопол тоши ёғдирадиган тўда-тўда қушларни юборди. Уларни қурт-қумурсқалар еб ташлаган хазондек қилиб қўйди” (Фил сураси). Бир марта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда кетаётган чоғларида у зотнинг туялари чўкиб олган. Саҳобалар уни турғизишга ҳаракат қилишса ҳам, туя ўрнидан қимирламаган. Шунда саҳобалар: “Қасво (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туяларининг исми) ўжарлик қилди” – дейишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қасво ўжарлик қилгани йўқ, унинг бундай феъли ҳам йўқ. Қасвони филни тўхтатган Зот тўхтатди” – деганлар (Бухорий (2542) ривояти). Ушбу ҳадис ҳам фил воқеаси ҳақиқатдан содир бўлганига далил бўлади.

Фил воқеаси қуйидагича бўлган: асли ҳабашистонлик, Абраҳа исмли бир подшоҳ Яманни истило қилган эди. Абраҳа Санъода бир черков қурдирди ва уни Қуллайс деб номлади. Бу черковни қуришдан мақсади арабларнинг ҳаж маросимини шу ерга кўчириш эди. Абраҳа ўз мақсадини амалга ошириш учун Каъбани бузиш керак, деган хулосага келди. Каъбани бузишга йўл олганида Ҳимярнинг Зу Нафар номли подшоҳи унга қарши чиқди ва ўртада бўлиб ўтган жанг Зу Нафарнинг мағлубияти ҳамда асирга тушиши билан ниҳоясига етди. У асирга тушганидан сўнг Абраҳага: “Эй подшоҳ, мени ўлдирма. Менинг ўлигимдан кўра тиригим сенга фойдалироқ” – деди. Абраҳа уни қатл этмади. Сўнг Каъба сари юришини давом эттирди. Хасъам юртига яқинлашганида Нуфайл ибн Ҳабиб Хасъамий унга қарши чиқди ва жангда мағлуб бўлиб, у ҳам асирга тушди. Нуфайл ҳам Зу Нафар сингари Абраҳадан уни ўлдирмаслигини сўради, қавми унга итоат қилишини ва ўзининг араб диёрларини яхши билишини айтди. Абраҳа унинг истагини бажо келтирди. Бунинг эвазига Нуфайл унинг қўшинига йўлбошчилик қилди. Тоифга борганида Масъуд ибн Муаттаб уни қарши олди ва: “Подшоҳим, биз сизнинг қулларингизмиз. Ўртамизда ҳеч қандай келишмовчилик йўқ. Сиз истаган нарса бизда эмас. Сиз Маккадаги Каъбани бузмоқчисиз. Биз сизга одам берамиз, сизни Каъбага олиб боради” – деди. Шу тариқа Тоиф қабиласи Абраҳа билан бирга Абу Руғол исмли кишини юборишди. Абу Руғол йўл кўрсатиб келаркан, Муғаммас[1] деган жойга келганида вафот этди[2]. Муғаммасда Абраҳа қўшиннинг олди томонида юриш ишини Асвад ибн Мақсудга топширди. Асвад ҳарамдан қайтар экан, Абдулмутталибнинг Арок деган жойда ўтлаб юрган икки юз туясини ҳам олиб келди. Сўнг Абраҳа Макка аҳолисига Ҳунота Ҳимярий исмли кишини юборди. Ҳунотага уларнинг энг обрўлисини топиб, унга уруш учун келмаганини, ягона мақсади Каъбани бузиш эканини етказишни амр этди. Ҳунота Маккага бориб, Абдулмутталиб билан учрашди ва унга: “Мени подшоҳ юборди. Шуни билинглар, ўзларингиз уруш очмагунингизча подшоҳ сизларга қарши жанг қилмайди. Унинг ягона мақсади Каъбани бузиб, сўнг қайтиб кетиш” – деди. Абдулмутталиб жавоб берди: “Бизнинг урушиш ниятимиз йўқ. Биз қўйиб берамиз. Уни Аллоҳ қайтармаса, бизнинг кучимиз етмайди”. Ҳунота Абдулмутталибдан подшоҳнинг ҳузурига боришини сўради. Абдулмутталиб Ҳунотанинг таклифини қабул қилди ва подшоҳнинг ҳузурига келди.

Зу Нафар Абдулмутталибнинг ўртоғи эди. Абдулмутталиб унга: “Эй Зу Нафар, бизга ёрдам бермайсанми?” – деди. У эса: “Асирга тушган, қачон ўлдирилишини кутиб турган одам қандай ёрдам бериши мумкин?! Лекин мен филни етаклаб келаётган Унайсга айтаман, подшоҳ ҳузурида қўлидан келганича сенга ёрдам қилади, имкон қадар подшоҳнинг ҳузурида сенинг обрўйингни орттиради” – деди ва Унайсга: “Бу инсон (яъни Абдулмутталиб) Қурайшнинг саййиди, Макка карвонининг хўжайини. У ерда одамларни, тоғда ваҳшийларни сийлайдиган одам. Подшоҳ унинг икки юзта туясини олиб қўйибди. Агар имконинг бўлса унга ёрдам бер. У мени дўстим” – деб хабар юборди. Унайс Абраҳанинг ҳузурига кириб: “Подшоҳим, Бу одам Қурайшнинг саййиди, Макка карвонининг хўжайини. У ерда одамларни, тоғда ваҳшийларни сийлайдиган одам. У сизнинг ҳузурингизга кирмоқчи. Маълумингизким, у бош кўтармай, сизга қарши чиқмай ҳузурингизга келди” – деди. Абраҳа Абдулмутталибнинг киришига изн берди. Абдулмутталиб бақувват ва барваста инсон эди. Абраҳа Абдулмутталибни яхши муомала билан кутиб олди, ўзи тахтда ўтириб, уни пастда ўтиришини истамади. Унинг ҳурматини жойига қўйиб, ўзи ҳам пастга тушди ва у билан тўшакда ёнма-ён ўтирди. – Подшоҳим, менинг катта миқдордаги мулким сизнинг қўлингизда экан, шуни қайтариб берсангиз, – дея гап бошлади Абдулмутталиб. – Мен сени ҳурмат қилгандим, ҳурматга арзимас экансан, – деди Абраҳа. Абдулмутталиб сўради:
– Нега?
– Мен Каъбани бузгани келгандим. Каъба сенинг ва ота-боболарингнинг дини, сизларнинг бирлигингизнинг асосий сабаби бўлса-ю, сен Каъба ҳақида гаплашиш ўрнига икки юзта туянгни сўраяпсан?!
– Мен туянинг эгасиман. Каъбанинг ўз Эгаси бор, уни ҳимоя қилади.
– Мендан ҳимоя қила олмайди.
– Кўрамиз…

Абраҳа Абдулмутталибнинг туяларини қайтариб берди. Абдулмутталиб унинг ҳузуридан чиққач Қурайшга бўлиб ўтган воқеани айтиб берди ва аҳолига тоғ ёнбағрига чиқиб туришларини айтди. Абраҳа эса Муғаммасда қўшинини тайёрлаб, Каъбани бузишга ҳозирлик кўра бошлади. Филнинг устига керакли ашёларни ортиб, уни юргизишмоқчи бўлишганида фил ўрнидан қимирламади. Худди ҳолдан тойгандек, чўкмоқчи бўлди. Филнинг бошига курак билан уришса ҳам, у жойидан жилмади. Оёқ-қўлларига найза санчишса ҳам, Байтуллоҳни бузишдан бош тортди. Яман томонга буришганида фил югура бошлади. Ҳарамга қаратсалар, яна ўрнида қотиб туриб олди. Шу тариқа фил тоғларга чиқиб кетди. Аллоҳ таоло бу манқурт қўшинга чуғурчуққа ўхшаш қушларни юборди. Ҳар бир қушда учтадан тош бор эди: иккитаси оёғида, биттаси тумшуғида. Тошнинг ҳажми ҳам нўхотдек эди. Қушлар қўшинни ўраб олиб, кўтариб келган тошларини уларнинг устига ёғдирди. Тош теккан ҳеч кимса тирик қолмади. Қўшиннинг ҳаммасига ҳам тош тегмади. Аллоҳ таоло Абраҳага шундай бир касаллик бердики, унинг бадани чириб, тўкила бошлади. Қўшин зудлик билан ортга қайтиб кетди. Абраҳа тирик қолган қўшини билан Яманга етиб борган заҳоти вафот этди. У Яманга етиб борганида худди жўжадек бўлиб қолганди[3]. Абраҳага кўнгилли равишда йўлбошчилик қилган ва Муғаммасга келганида ўлиб қолган Абу Руғол ҳам жазосини олди. Айтилишича, абобил қушлари унинг қабрини ҳам тошбўрон қилишган.

Ибн Исҳоқ тарихида келтиришича, Абдулмутталиб барча қурайшликлар билан бирга Каъбанинг эшигидан ушлаб, Аллоҳга дуо қилиб, Абраҳани ҳалок қилишини сўраган. Сўнг барчалари Маккадан ташқарига чиқиб, уларга Аллоҳ таолонинг қандай балоси келишини кузатиб туришган[4]. Иншааллоҳ, келгуси мақоламизда бу воқеадан олинадиган ибратлар ҳақида сўз юритамиз.

[1] Макка яқинидаги, Тоиф йўлидаги бир жойнинг номи.
[2] Бухорий (2731) ривояти.
[3] Абу Ҳотимнинг “Сийрати Набавийя” китобидан (34-39-бетлар).
[4] Ибн Ҳишомнинг “Сийрати Набавийя” китобидан (1\84-91)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг