Қирқ ҳадис: Олтинчи ҳадис шарҳи

0

Олтинчи ҳадис

Абу Абдуллоҳ Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: «Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир, ҳаром ҳам очиқ-ойдин. Улар иккиси ўртасида кўп одамлар билмайдиган шубҳали нарсалар бор. Ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўси учун саломат йўлни танлаган бўлади. Ким шубҳали нарсаларга тушиб қолса, ҳаромга тушиб қолади. Бунинг мисоли худди қўриқхона атрофида чорва молларини боққан чўпонга ўхшайди. Чорва моллари қўриқхонага ўтиб кетиши мумкин. Огоҳ бўлингки, албатта, ҳар бир подшоҳнинг қўриқхонаси бўлади. Огоҳ бўлингки, албатта Аллоҳнинг қўриқхонаси У ҳаром қилган ишлардир. Огоҳ бўлингки, танада бир парча гўшт бор. Агар у солиҳ бўлса, бутун тана солиҳ бўлади, агар у бузуқ бўлса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлингки, у қалбдир»[1] [Бухорий ва Муслим ривояти].

Шарҳ

«Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир, ҳаром ҳам очиқ-ойдин»:

Ҳадисда ҳукмлар уч қисмга бўлинган:

  1. Ҳалоллиги барчага маълум бўлган очиқ-ойдин ҳалол нарсалар. Бунга мева-чевалар, дон-дунлар, ҳаром бўлмаган кийим-кечаклар ва бошқа сон-саноқсиз нарсаларни мисол қилиш мумкин.

  2. Ҳаромлиги барчага маълум бўлган очиқ-ойдин ҳаром нарсалар. Бунга зино, ўғирлик, ароқ ичиш ва шунга ўхшаш ишлар мисол бўлади.

  3. Ҳалол ёки ҳаромлиги номаълум бўлган шубҳали нарсалар. Улардаги шубҳалилик сабаби икки хил бўлиши мумкин: ё далилдаги шубҳа, ё далилнинг масала ёхуд мавзуга мос келиш-келмаслигидаги шубҳа. Бинобарин, шубҳа гоҳида ҳукмда бўлса, гоҳида ҳукм татбиқ қилинмоқчи бўлган объектда бўлади.

  • Далилдаги шубҳа:

Далилдаги шубҳа аввало ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган-бўлмаганида, иккинчидан, мазкур ҳадис шу ҳукмга далолат қилиш-қилмаслигида бўлиши мумкин.

Бундай ҳолатлар кўп учраб туради. Кўпинча ҳадиснинг собит ёки собит эмаслиги, агар собит бўлса, кўзда тутилган ҳукмга далолат қилиш ёки қилмаслиги чигал бўлиб қолади.

  • Ҳукм объектидаги шубҳа:

Ҳукм объектидаги шубҳа деганда ҳадиснинг муайян масалага мос келиш-келмаслиги назарда тутилади.

«Усулул фиқҳ» уламолари наздида далилдаги шубҳага «тахрижул манот» дейилса, ҳукм объектидаги шубҳага «таҳқиқул манот» дейилади.

«Улар иккиси ўртасида кўп одамлар билмайдиган шубҳали нарсалар бор»:

Яъни бу шубҳали нарсаларни кўп инсонлар билишмайди ва айни дамда кўп инсонлар билишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «уларни аксар инсонлар билишмайди», демадилар. Чунки бундай деганларида бу шубҳали нарсаларни биладиганлар билмайдиганларга нисбатан озчиликни ташкил қилган бўлур эди.

Демак, кўп инсонлар ё билими озлиги, ё фаҳм-фаросати пастлиги, ё маърифати саёзлиги туфайли бу шубҳали нарсаларни билишмайди.

«Ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўси учун саломат йўлни танлаган бўлади»:

Шубҳали нарсалардан сақланган инсон дини, яъни Аллоҳ билан ўзи ўртасидаги муомала учун, шунингдек, обрўси, яъни бандалар билан ўзи ўртасидаги муомала учун соғлом ва покиза йўлни танлаган бўлади. Негаки, шубҳали нарсаларга қўл урган инсон одамларнинг нишонига айланади. Улар бундай инсон ҳақида «бу бунақа иш қиладиган, бу унақа иш қиладиган» дея турли-туман гап-сўз қилишади. Оқибатда, унинг обрўсига путур етади. Аллоҳ билан банда ўртасидаги муомала ҳам шундай.

«Ким шубҳали нарсаларга тушиб қолса, ҳаромга тушиб қолади»:

Ушбу жумладан икки хил маъно тушуниш мумкин:

Биринчиси: шубҳали нарсаларга қўл уриш ҳаромдир.

Иккинчиси: шубҳали нарсаларга қўл уриш ҳаромга элтувчи воситадир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган мисолга назар қилсак, мазкур икки маънодан қай бири тўғрироқ экани равшан бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни туя, қорамол ёки қўй-эчки боқадиган чўпонга ўхшатдилар.

«Бунинг мисоли худди қўриқхона атрофида чорва молларини боққан чўпонга ўхшайди»:

Баъзан шундай қўриқхоналар бўладики, унда ҳар кимга ҳам чорва моллари боқишига рухсат этилмайди. Қўриқхона эгаси буни шаръий асосга таяниб қилиши ёки зўровонлик юзасидан қилиши мумкин. Қўриқхона атрофида боқилган чорва моллари қўриқхонага ўтиб кетиши мумкин. Негаки, қўриқхона ерининг ям-яшил ўт-ўланга тўла эканини кўрган чорва моллари аста-секин у томонга қараб юра бошлайди ва уларни бундан қайтариш қийин бўлиб қолади. Худди шундай, банда шубҳали нарсалар атрофида айланар экан, осонликча ўзини ундан тиёлмай қолади.

Мазкур мисолдан кўринадики, шубҳали нарсаларга қўл уриш ҳаромга элтувчи восита экан.

«Огоҳ бўлингки»:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларини огоҳликка даъват этувчи ибора билан бошладилар.

«албатта, ҳар бир подшоҳнинг қўриқхонаси бўлади»:

Ҳар қандай подшоҳнинг қўриқхонаси бор. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мақсади подшоҳлар қўриқхонасининг ҳукмини, уларнинг қўриқхоналари бўлиши ҳалол ёки ҳаром эканини баён қилиш эмас. Зеро, қўриқхоналарнинг ҳалоли ва ҳароми бор. Ҳадисдаги қўриқхонадан мақсад  воқеликни тасвирлашдир. Қўриқхоналар ҳукми икки хил бўлади:

1 – подшоҳ ўзининг шахсий манфаати, хусусий чорва молларини боқиш учун қўриқхоналар ташкил этиши ҳаром.

2 – подшоҳ закотга берилган чорва моллари ва жиҳодга мўлжалланган от ва туяларни боқиш учун қўриқхоналар ташкил қилиши ҳалол.

Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мусулмонлар уч нарсада: ўт-ўлан, сув ва оловда шерикдирлар»[2] [Абу Довуд, имом Аҳмад ривояти].

«Огоҳ бўлингки, албатта Аллоҳнинг қўриқхонаси У ҳаром қилган ишлардир»:

Ушбу жумла «Огоҳ бўлингки, албатта» сўзлари билан таъкидланган жумладир. Ҳадисдан маълум бўладики, Аллоҳ ҳаром қилган ишлар подшоҳ қўриқхонага айлантирган ерларга ўхшайди, унга бирор кимсанинг кириши тақиқланади.

«Огоҳ бўлингки, албатта танада бир парча гўшт бор»:

Бу жумла ҳам «Огоҳ бўлингки, албатта» сўзлари билан таъкидланган жумладир. Инсон танасида бир парча, яъни инсон овқатланганда оғзига солиб чайнайдиган миқдорда гўшт бор.

«Агар у солиҳ бўлса, бутун тана солиҳ бўлади, агар у бузуқ бўлса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлингки, у қалбдир»:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар иккиси ўртасида чамбарчас боғликлиқ борлигини айтдилар. Бинобарин, қалб соғлом ва солиҳ бўлса, тана ҳам соғлом ва солиҳ бўлади, агар қалб бузилса, бутун тана ҳам бузилади.

Баъзи уламолар қалб билан тана ўртасидаги боғлиқликни подшоҳ билан халқ ўртасидаги боғлиқликка ўхшатишган. Унга кўра агар подшоҳ солиҳ бўлса, халқ ҳам солиҳ бўлади, агар подшоҳ бузилса, халқ ҳам бузилади.

Бироқ муҳаққиқ уламоларнинг фикрича, бу ўхшатиш тўғри эмас. Негаки, подшоҳ буюрса-да, итоат қилинмаслиги мумкин. Қалб эса, буюрдими, албатта итоат қилинади. Демак, уни халққа фармон берган подшоҳга ўхшатиш ҳар жиҳатдан тўғри эмас. Зеро, қалб солиҳ бўлдими, албатта тана соғлом бўлади, қалб бузилдими, албатта тана ҳам бузилади.

Ҳақиқатда, мазкур ҳадис бениҳоят улуғ бир ҳадисдир. Агар бу ҳадис шарҳи тўғрисида батафсил гапирилса, бутун бошли китоб ёзиш мумкин. Лекин биз ҳадисдаги умумий фойдаларга ишора қилиб ўтамиз, иншааллоҳ.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Нарсалар уч қисмга бўлинади: очиқдан-очиқ ҳалол, очиқдан-очиқ ҳаром ва шубҳали нарсалар. Қуйида мазкур уч турнинг ҳукмини ва уларга мисоллар келтирамиз:

(1) Очиқдан-очиқ ҳалол ишни қилган ҳеч бир инсон маломат қилинмайди. Бунга Аллоҳ ҳалол қилган дон-дун ва мева-чеваларни ейишни мисол қилиш мумкин. Бу нарсалар очиқча ҳалол бўлиб, бунга кимса эътироз билдирмайди.

(2) Очиқдан-очиқ ҳаром ишни қилган ҳар қандай инсон маломат қилинади. Ароқ ичиш, ўлимтик ва тўнғиз гўштини ейиш ва ҳоказо ишлар очиқ ҳаром ишлардир. Бундай ишларнинг ҳукми маълум ва ошкордир.

(3) Очиқ ҳалол ва ҳаром нарсалардан ташқари шубҳали нарсалар ҳам бор. Улар тўғрисида одамлар турлича фикр билдиришади. Кимдир бу нарсаларни ҳаром деса, кимдир ҳалол дейди, кимдир бетараф бўлса, кимдир ўзига хос тафсилотлар билан бўлиб-бўлиб гапиради.

Масалан, сигарет чекиш илк пайдо бўлган кезда шубҳали нарсалардан саналган эди. Бироқ ҳозирга келиб, тиббиёт тараққий этгач, тамакининг хусусиятлари чуқур ўрганилгач, унинг қатъий тарзда ҳаромлиги маълум бўлди. Эндиликда унинг ҳаромлигига шубҳа қилмаймиз. Демак, сигарет дастлаб очиқдан-очиқ ҳаром нарсалардан бўлмай, балки шубҳали нарсалардан саналган, сўнг унинг ҳаромлиги ва ундан қайтариш зурурлиги маълум бўлган.

2 – Бирон нарсанинг шубҳали ҳисобланишининг сабаби тўртта:

1) билим етишмаслиги. Билим етишмаслиги бирон нарсанинг шубҳали саналишига сабаб бўлади. Негаки, билими кенг инсон бошқалар билмаган нарсаларни билади.

2) фаҳм-заковот етишмаслиги. Баъзи инсонлар кўп билимга эга бўлиши мумкин, бироқ уларда фаҳм-заковот етишмайди. Бундай инсонларга кўп нарсалар шубҳали бўлиб туюлади.

3) изланувчанлик етишмаслиги. Баъзи инсонларда билим ва фаҳм-заковот бўлса-да, бирон нарсаларга аниқлик киритиш учун изланмайди, жонини койитмайди.

4) ниятнинг тўғри бўлмаслиги. Бу шубҳалилик сабабларининг энг ёмонидир. Бундай инсон фикрнинг тўғри ёки нотўғрилигидан қатъий назар, ўз фикри ва мазҳабини қўллаб-қувватлашни қасд қилади. Нияти холис бўлмаган, мақсади бузуқ инсон илм ҳосил қилишдан маҳрум бўлади. Чунки унинг илм олишдан мақсади ҳавосига эргашиш бўлади. Аллоҳ барчамизга офият берсин.

Албатта, шубҳали нарсалар барчага баробар шубҳали бўлавермайди. Бунга иккита далил келтириш мумкин. Биринчиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «кўп одамлар билмайдиган» деган сўзидан тушунамизки, мазкур шубҳали нарсаларни кўп одамлар билмаса-да, бироқ уларни бошқа кўп одамлар билишади. Иккинчиси, агар оят ва ҳадислар барча инсонларга шубҳали ва чигал бўлганида эди, у ҳолда Қуръоннинг баён сифати рўёбга чиқмаган, шариатнинг бир қисми мажҳул бўлиб қолган бўлур эди. Маълумки, бундай бўлиши мумкин эмас.

3 – Аллоҳнинг ҳикмати ҳаётда шубҳали нарсалар бўлишини тақозо этади. Чунки шубҳали нарсалар воситасида Аллоҳ таоло илм ўрганиш ва изланишга интилувчан бандалари билан бундай бўлмаган бандаларини ажратиб олади.

4 – Шариатда барча инсонлар билмайдиган нарса бўлиши мумкин эмас. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «кўп одамлар билмайдиган» деган сўзлари шунга ишора қилади.

5 – Ҳадисда шубҳали нарсалардан четланишга тарғиб қилинади. Албатта, бунинг учун четланиш лозим бўлган нарсанинг шубҳали эканига далил бўлиши лозим. Бир нарсани бирон далилсиз шубҳалига чиқариш васваса ва динда чуқур кетиш саналади. Агар бирон нарсанинг шубҳали эканига далил бўлса, унда инсон парҳезкор бўлишга, шубҳали нарсани тарк қилишга буюрилади.

Масалан, «Саҳиҳи Бухорий»да Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, бир қавм Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб, шундай дейишади: «Ё Расулуллоҳ, бир қавм бизларга гўшт опкелишади, бироқ биз уларнинг бисмиллоҳни айтиб сўйишганми, йўқми, билмаймиз?». Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сиз ўзингиз бисмиллоҳни айтиб, еяверинг», дедилар. Ойша розияллоҳу анҳо айтади: «Улар яқинда исломга кирган эдилар»[3].

Хўш, бундай ҳолатларда бисмиллоҳсиз сўйилган деган шубҳа билан бундай гўштлардан сақланишимиз лозимми?

Жавоб: йўқ, бундай гўштлардан сақланиш шарт эмас. Чунки сақланишни тақозо қиладиган сабаб йўқ. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Сиз ўзингиз бисмиллоҳни айтиб, еяверингиз», дедилар. Бу сўзда қандайдир уларни маломат қилиш ҳам бордек. Гуёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарата: «Бировлар билан ишингиз бўлмасин, балки муҳими ўзингизга эътибор беринг, бисмиллоҳни айтиб еяверинг», дегандек.

Шунга кўра, бирон яҳудий ёки насроний ўзи сўйган жонлиқни сизга тақдим қилса, уни исломий тартибда сўйдими-йўқми, сўраб ўтирманг. Чунки бу саволга ўрин йўқ, бу динда чуқур кетиш демакдир.

Шунингдек, бировнинг уст-бошига нимадир тегса-ю, унинг нажосатми-йўқлигини билмаса, бундай кийимдан сақланиш керакми, йўқми?

Жавоб: бундай ҳолатда қаралади: агар унинг нажосат бўлиш эҳтимоли бўлса, бундай кийимдан четланиш лозим. Бу эҳтимол кучайгани сари кийимдан четланиш даражаси ҳам кучайиб боради. Агар унинг нажосат бўлиш эҳтимоли йўқ бўлса, у ҳолда бунга эътибор берилмайди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан намоз ўқиётган одамга ел чиққандек бўлаверса, нима қилиши тўғрисида сўралганда, бу каби гумон ва шубҳаларга чек қўйиш лозимлигини уқтириб: «То ел овозини эшитмагунча ёки унинг ҳиди чиқмагунча намозни бузмасин»[4], деганлар.

Бу борадаги қоида шуки, бирон нарсага нисбатан шубҳалилик эҳтимоли пайдо бўлиб, бу эҳтимол кучайган сари шубҳали нарсани тарк қилиш кучаяверади. Агар бу эҳтимол заиф бўлса, шабҳали нарсани тарк қилиш ҳам заифлашади. Қачон бирон нарсани шубҳали деган эҳтимол умуман бўлмаса, у ҳолда шубҳали деб гумон қилинган нарсани тарк қилиш динда тақиқланган чуқур кетиш бобидан бўлиб қолади.

6 – Шубҳали нарсаларга қадам қўйган инсон ҳаром ишга қўл урган саналади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, «Ким шубҳали нарсаларга тушиб қолса, ҳаромга тушиб қолади».

7 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиройли услубда саҳобаларга таълим берардилар, маънавий нарсаларни изоҳлаш ва тушунтириш учун ҳиссий нарсаларни мисол қилардилар. Бу айни пайтда Қуръони Каримнинг услубидир. Аллоҳ таоло айтади: «Биз бу мисолларни одамлар учун келтирмоқдамиз. Уларни фақат олимларгина англаб етадилар» [Анкабут: 43]. Чиройли таълим бериш услуби муаллимдан маънавий нарсаларни ҳиссий нарсалар суратида тушунтиришни тақозо этади. Буни ҳадисдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Бунинг мисоли худди қўриқхона атрофида чорва молларини боққан чўпонга ўхшайди. Чорва моллари қўриқхонага ўтиб кетиши мумкин» деган сўзларида кўриш мумкин.

8 –  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисдаги «қўриқхона атрофида чорва молларини боққан» деган сўзларидан подшоҳларнинг ўзларига хос қўриқхоналар қилиб олишларини маъқуллаш келиб чиқадими?

Жавоб: йўқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу сўзлари шаръий ҳукмга далолат қилмайди. Балки у зот буни воқеликдан келиб чиқиб гапирганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзан бир гапни шаръий ҳукмни баён қилиш учун эмас, балки воқеликдан келиб чиқиб гапиришлари мумкин.

Бунга ҳадисларда бошқа мисоллар ҳам бор.

Масалан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир аёлнинг фалон ердан фалон ергача ёлғиз ўзи сафар қилар экан, йўлда унга бирон хавф-хатар дуч келмаслигини, у фақат Аллоҳдангина қўрқишини хабар берганлар. Бу дегани аёл киши маҳрамсиз сафар қилиши дуруст дегани эмас. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни келажакдаги воқеликни баён қилиш учун айтганлар.

Бинобарин, бу ҳадис подшоҳлар ўзларига хос қўриқхоналар қилиб олиши жоизлигига далолат қилмайди. Чунки бу воқеликдан келтирилган бир мисол холос. Қўриқхоналар ҳукми эса унинг икки турини баён қилиш билан маълум бўлади:

  1. Мусулмонларнинг манфаатлари учун хизмат қиладиган қўриқхоналар. Бундай қўриқхоналар ташкил этиш жоиз. Масалан, одамларни сув билан таъминлаш мақсадида қудуқ қазиш учун муайян ерлар ажратиш ёки закот сифатида давлатга берилган чорва моллари ёки жиҳодда миниладиган отларни боқиш учун унумдор ерларни қўриқхонага айлантириш жоиз.

  2. Бирон инсон ўзининг шахсий манфаатлари учун қўриқхона ташкил этиши. Бундай қўриқхоналар ташкил этиш жоиз эмас, чунки ҳеч ким омма инсонлар фойдаланиши керак бўлган мулкларни ўзиники қилиб олиши жоиз эмас. Масалан, инсон ов қилиш учун ёки шахсий чорва молларини боқиш учун хусусий қўриқхона ташкил қилиши жоиз эмас.

9 – Ҳадисда шунингдек, ҳаром ишга олиб борувчи воситаларнинг олдини олиш қоидасига далил бор. Зеро, ҳаромга қадам қўйишга сабаб бўлмаслиги учун унга олиб борувчи ҳар қандай воситанинг йўлини ёпиш зарур. Воситалар йўлини қирқиш мўътабар шаръий далилдир. Бунга жумладан, Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи далолат қилади: «Аллоҳдан ўзгага ибодат қиладиганларни (яъни уларнинг бутларини) сўкмангизки, улар ҳадларидан ошиб, жоҳиллик билан Аллоҳни сўкмасинлар» [Анъом: 108]. Аллоҳ таоло мушрикларнинг худоларини сўкишдан қайтарди. Чунки бу иш Аллоҳнинг сўкилишига олиб борувчи воситадир. Ҳолбуки, мушрикларнинг худоларини сўкиш ҳақ, Аллоҳни сўкиш эса жоҳиллик билан ҳаддан ошишдир.

10 – Қўриқхоналар ташкил этиш подшоҳларнинг одатидир. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Огоҳ бўлингки, албатта, ҳар бир подшоҳнинг қўриқхонаси бўлади» деган сўзларидан англаш мумкин. Биз юқорида қўриқхоналар ҳукмини баён қилдик.

11 – Лозим бўлганда гапда бир неча таъкидловчи юкламалар («Огоҳ бўлингки, албатта») келтириш жоиз. Кимдир айтиши мумкин: «Гапда таъкидлови юкламалар келтириш гапни беҳудага чўзиш саналади». Тўғри, таъкидловчи юкламалар гапнинг чўзилишига сабабчи бўлади, бироқ таъкидга эҳтиёж бўлса, таъкидлаш балоғатдан (нотиқлик ва сўзамоллик санъатидан)  саналади.

12 – Солиҳлик ёки бузуқликнинг таянчи ва асосий омили қалбдир. Агар қалб солиҳ бўлса, бутун тана солиҳ бўлади, агар қалб бузилса, бутун тана бузилади.

Бундан келиб чиқадики, банда ташқи аъзолар билан бажариладиган амаллардан кўра кўпроқ қалб билан бажариладиган амалларга эътибор қаратиши лозим. Чунки амалларнинг қабул бўлиш-бўлмаслиги қалбга боғлиқ. Инсон қиёматда қалбидаги амалига қараб имтиҳон қилинади. Аллоҳ таоло айтади: «Ахир у билмасмики, (қиёмат қойим бўлиб), қабрларнинг ичидаги нарсалар (жасадларга қайта жон ато этилиб, ташқарига) чиқарилганида ва қалблардаги сирлар ошкор қилинганида…» [Одиёт: 9-10]. Яна айтади: «Шак-шубҳасиз, (Аллоҳ) уни қалблар имтиҳон қилинадиган (қиёмат) кунида қайта тирилтиришга қодирдир» [Ториқ: 8-9].

Шундай экан, қалбингизни ширк, бидъатлар, мусулмонларга қарши гина-кудуратлар ва бошқа шариатга зид ахлоқ ва эътиқодлардан покланг. Зеро, асосий эътибор қаратиш лозим бўлган нарса бу қалбдир.

13 – Ҳадисда гуноҳ ишлардан қайтарсангиз, «Тақво мана бу ерда бўлади, (муҳими қалб тоза бўлсин)» дея, қалбига ишора қиладиган осийларга раддия бор. Улар ҳақ сўздан ботил йўлида фойдаланмоқчи бўладилар. Чунки «Тақво мана бу ерда бўлади»[5] деган сўзни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар. Бу ҳадис аслида «Агар мана бу ердаги нарса (яъни қалб) тақво қилса, ташқи аъзолар ҳам тақво қилади» деган маънони англатади. Осий бандалар эса «Тақво мана бу ерда, яъни қалбда бўлади», дея гуноҳ ишларни қилаверадилар.

Албатта, бу янглиш даъвога раддия бериш жуда осон. Биз ундайларга айтамиз: «Агар бу ердаги нарса, яъни қалб солиҳ бўлганида тана ҳам, танадан содир бўлган амаллар ҳам солиҳ бўлган бўлур эди». Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар у солиҳ бўлса, бутун тана солиҳ бўлади, агар у бузуқ бўлса, бутун тана бузилади», деганлар.

14 – Инсонни қалби бошқариб туради. Буни ҳадисдаги «Агар у солиҳ бўлса, бутун тана солиҳ бўлади, агар у бузуқ бўлса, бутун тана бузилади» деган сўздан тушуниш мумкин.

Ушбу ҳадисдан «инсоннинг ақли қалбидадир» деган хулоса чиқиши мумкинми?

Жавоб: ҳа, ҳадисда ақл қалбда эканига, инсонни қалб бошқаришига ишора бор. Буни Қуръони Карим ҳам тасдиқлайди. Аллоҳ таоло айтади: «Ахир улар (яъни Макка мушриклари) ер юзида сайр қилиб-айланмайдиларми, (ана ўшанда) улар учун ақл юритадиган қалблар, тинглайдиган қулоқлар бўлур эди. Зеро, кўзлар кўр бўлмас, балки кўкраклардаги қалблар кўр бўлур» [Ҳаж: 46].

Лекин ақл қалбда қандай жойлашган бўлади?

Жавоб: буни билишнинг имкони йўқ. Биз Қуръонда айтилганидек ақлнинг қалбда эканига иймон келтирамиз. Бироқ унинг қалбда қандай жойлашганини билмаймиз. Шунингдек, «бир кофир кимсанинг юраги мусулмон кишига кўчирилса, у ҳолда мусулмон кофир бўлиб қоладими?» деган эътироз ҳам ноўрин эътироздир. Чунки биз ақлнинг қалбда қай тариқа ўрнашганини билмаймиз, валлоҳу аълам.

[1] Бухорий [(«Иймон китоби», «Динига эҳтиёт бўлган кишининг фазли тўғрисидаги боб», (52)]  ва Муслим [«Мусоқот китоби», «Ҳалолни олиш ва шубҳали нарсаларни тарк қилиш тўғрисидаги боб», (107, 1599)] ривояти.
[2] Абу Довуд [“Китобул буйуъ”, “Ижарага оид боблар”, “боби тафсирул жоиҳа”, (3477)], Ибн Можа [“Китобур-руҳун”, “Мусулмонлар уч нарсада шериклиги тўғрисидаги боб”, (2472)], имом Аҳмад [5/364], Байҳақий [“Сунани кубро”, (6/150), «ҳ» (11612-11613)] ривояти.
[3] Бухорий [«Китобул буйуъ», «Васваса ва шунга ўхшаш ишларни шубҳали нарсалардан санамаганлар тўғрисидаги боб», (2057)] ривояти.
[4] Бухорий [”Таҳорат китоби”, “То таҳорат бузилганини аниқ билмагунча шак туфайли таҳорат олмаслик тўғрисидаги боб”, (137)] ва Муслим [“Ҳайз китоби”, “Таҳорат олганини аниқ билган, бироқ таҳорати бузилганига шак қилган киши мавжуд таҳорати билан намоз ўқиши жоизлигини кўрсатувчи далил тўғрисидаги боб” (98, 361)] ривояти.
[5] Муслим [“Яхшилик қилиш, силаи раҳм қилиш ва одоблар китоби”, “Мусулмонга зулм қилиш, уни ёрдамсиз қолдириш, таҳқирлаш, шунингдек, унинг қони, обрўси ва мол-мулкига тажовуз қилиш ҳаромлиги тўғрисидаги боб”, (32, 2564)] ривояти.

Изоҳ қолдиринг