Намоздан сўнг 33 марта истиғфор айтиш мумкинми?

0

Савол:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам кунига етмиш марта истиғфор айтганлар, дейишади. Намоздан сўнг тасбеҳ айтиб, ортидан “астағфируллоҳа ва атуубу илайҳ”ни 33 марта айтиш қанчалик тўғри? Ёки биз ҳам кунига етмиш марта айтганимиз маъқулми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;
Мўмин-мусулмон киши ҳар куни имкон қадар кўп истиғфор айтиши мустаҳабдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кунда юз марталаб истиғфор айтганлар. Ағар Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен бир кунда юз марта истиғфор айтаман” – деганлар (Муслим (2702) ривояти). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда ҳам: “Мен ҳар куни Аллоҳ таолога юз марта истиғфор айтиб, тавба қиламан” – деганлар (Насоий “Сунани Кубро”да (6\114), Аҳмад “Муснад”да (2\450) ривоят қилган). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен бир кунда етмиш мартадан ортиқ Аллоҳга истиғфор айтиб, тавба қиламан” – деганлар (Бухорий (6307) ривояти). Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо шундай дейди: “Биз бир ўтирганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юз марта: “Раббим, гуноҳларимни мағфират қил ва тавбамни қабул айла. Зеро, Сен тавбаларни қабул қиладиган ва раҳмли зотсан” – деганларини эшитардик” (Абу Довуд (1516) ҳамда Термизий (3430) ривояти). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра “астағфируллоҳа ва атуубу илайҳ”ни кўп айтадиган бирон кишини кўрмаганман” (Насоий “Сунани Кубро”да (6\118) ривоят қилган).

Мазкур ҳадисларга биноан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашган ҳолда ҳар куни юз марта истиғфор айтишингиз мумкин. Шунингдек, бундан кўпроқ айтишингиз ҳам жоиз. Бироқ бундан ортиқ муайян саноқ, муайян кўриниш ёки ҳолат белгилаб олиш мумкин эмас. Чунки бирон ибодатни шариатда белгиланмаган миқдорда белгилаб олиш ёки уни шариатда айтилмаган тусда бажаришни одат қилиб олиш мумкин эмас. Бинобарин, намоздан сўнг 33 марта айтишни одат қилиб олишингиз мумкин эмас. Истиғфор айтиш суннат бўлса-да, унга бу тарзда шариатда белгиланмаган муайян сон бериб, шариатда айтилмаган вақтни белгилаш динда янги амал пайдо қилишнинг кичик кўриниши, яъни қўшимча бидъат саналади. Агар кунига юз мартадан ортиқ истиғфор айтмоқчи бўлсангиз, бунинг учун муайян соноқ белгиламанг, аксинча, қурбингиз етганича ва имкон бўлганида хоҳлаганингизча истиғфор айтаверинг, валлоҳу аълам.

Фатвони тайёрлашда IslamQA саҳифасининг фатвосидан фойдаланилди.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг