Тавҳид ақидаси: Рубубият тавҳиди маъноси

0

Тавҳиднинг маъноси ва турлари

Тавҳид Аллоҳ таолони яратиш ва бошқаришда ягона деб билиш, ибодатни фақат Унга холис қилиш ва Ундан ўзгага ибодат қилмаслик, Унинг гўзал исмлари ва олий сифатлари борлигини эътиқод қилиш, Уни айбу нуқсондан пок деб билишдир. У уч турга: рубубият тавҳиди, улуҳият тавҳиди, исм ва сифатлар тавҳидига бўлинади. Улардан ҳар бирининг ўзига хос маъноси бўлиб, ўртадаги фарқ очиқланиши учун уларни баён қилиш зарурати бор.

Биринчи: Рубубият тавҳиди

Рубубият тавҳиди маъноси, мушриклар ҳам уни тан олишлари

Рубубият тавҳиди Аллоҳ таолони оламни бошқаришдаги иш-феълларида ягона деб билишдир, бу эса қуйидагиларга эътиқод қилиш билан ҳосил бўлади:

У барча махлуқотларнинг ягона яратувчисидир: «Аллоҳ барча нарсанинг Яратувчисидир» (Зумар: 62).

У барча жонзотга ризқ берувчидир:  «Ер юзида ўрмалаган жон борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир» (Ҳуд: 6).

У бутун оламнинг эгаси ва оламдаги барча ишларни бошқарувчидир. Берувчи ҳам, олувчи ҳам, азиз қилувчи ҳам, хор қилувчи ҳам Удир. У барча ишга қодирдир. Кеча ва кундузни айлантиради, ҳаёт бахш этади ва ўлдиради: «Айтинг: Эй мулку давлат эгаси бўлган Аллоҳ, сен истаган кишингга мулк ато қиласан, истаган кишингдан мулкни тортиб оласан, истаган кишингни азиз қиласан, истаган кишингни хор қиласан. Яхшилик ёлғиз Сенинг қўлингдадир. Албатта Сен барча нарсага қодирсан. Кечани кундузга киритасан, кундузни кечага киритасан, ўликдан тирикни чиқарасан, тирикдан ўликни чиқарасан, истаган кишингга беҳисоб ризқ берасан» (Оли Имрон: 26, 27).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло яратиш ва ризқ беришда шериги бўлишини рад этгани каби подшоҳликда ҳам Унинг шериги ё ёрдамчиси бўлишини рад этди.

Аллоҳ таоло айтади: «Булар Аллоҳ яратган нарсалардир. Энди (эй мушриклар,) сизлар Менга Ундан ўзга «худолар» нималарни яратганини кўрсатинглар-чи!» (Луқмон: 11).

 Аллоҳ таоло айтади: «Агар (Раҳмон) Ўз ризқини тўхтатиб қўйса, сизларга ризқ-рўз берадиган ўша зот ким ўзи?!» (Мулк: 21).

У барча бандаларига Ўзининг рубубиятда ягона эканини эълон қилди:

«Ҳамду сано бутун оламлар Рабби бўлмиш Аллоҳгадир» (Фотиҳа: 2).

«Албатта Раббингиз – Аллоҳ осмонлар ва ерни олти кунда яратган, сўнг (Ўзининг улуғлиги ва буюклигига лойиқ бир тарзда) аршга юксалган Зотдир. У кечани (қоронғуликни) кундузга киритгай, (кеча ва кундуз бир-бирини) шошилган ҳолда қувиб юрар. У қуёш, ой ва юлдузларни Ўз амрига бўйсундирилган ҳолда (яратди). Огоҳ бўлингизким, яратиш ва буюриш фақат Уникидир. Барча оламлар Рабби Аллоҳ буюкдир» (Аъроф: 54).

Аллоҳ таоло барча мавжудотларни табиатан Ўзининг рубубиятига иқрор бўладиган қилиб яратди. Ҳатто, ибодатда бошқаларни Унга шерик қилувчи мушриклар ҳам Унинг рубубиятда ягоналигига иқрор бўлишади. Аллоҳ таоло айтади:

«Айтинг: «Етти осмоннинг хожаси ва улуғ аршнинг соҳиби кимдир?» Улар: «(Буларнинг барчаси) Аллоҳникидир», дерлар. Айтинг: «Ахир қўрқмайсизларми?!» Айтинг: «Агар билсанглар (айтинглар-чи), барча нарсанинг подшоҳлиги қўлида бўлган, ҳимоя сўраган кишига ҳимоя берадиган ва У ҳалок қилишни истаган кимсани ҳеч ким ҳимоя қила олмайдиган зот кимдир?»  Улар: «Булар ҳаммаси Аллоҳники», деб жавоб беришади. Айтинг: «Бас, қандай алданмоқдасизлар?!» (Мўъминун: 86-89).

Ушбу тавҳидга инсоният орасидан бирон бир таниқли тоифа қарши чиққан эмас, балки унга иқрор бўлиш табиати қалбларга ўрнашган бўлиб, бу иқрорлик бошқа нарсаларга иқрорликдан кўра кучлироқдир. Аллоҳ таоло пайғамбарлар ҳақида ҳикоя қилганидек: «Пайғамбарлари айтдилар: «Осмонлар ва ернинг яратувчиси бўлмиш Аллоҳ(нинг борлиги ва бирлиги) хусусида шак-шубҳа бўлиши мумкинми?!» (Иброҳим: 10).

Оламлар Раббини инкор қилувчи деб танилган кимсалар ичида энг машҳури бўлмиш Фиръавн ҳам ич-ичида Унинг борлигига ишонарди. Бу эса Мусо алайҳиссаломнинг унга қилган хитобида кўринади: «(Мусо) деди: «(Эй Фиръавн), сен анави очиқ-равшан мўъжизаларни фақат осмонлар ва ернинг Раббигина нозил қилганини аниқ биласан» (Исро: 102).

Аллоҳ таоло Фиръавн ва унинг қавми ҳақида айтади: «Ўзлари аниқ билган ҳолларида зулм ва кибр қилиб, у (мўъжизаларни) инкор этдилар» (Намл: 14).

Худди шунга ўхшаш, бугунги кундаги Раб таолони инкор қиладиган худосиз коммунистлар ҳам аслида ҳақни қабул қилишга бўйинлари ёр бермагани учунгина Уни зоҳирда инкор қилишади. Аслида улар ботинларида ҳар қандай мавжуднинг албатта мувжиди (пайдо қилувчиси) бор, ҳар қандай махлуқнинг албатта холиқи (яратувчиси) бор, ҳар қандай изнинг албатта из қолдирувчиси бор деб эътироф этишади. Аллоҳ таоло айтади: «Бал­ки улар ҳеч нарсадан (яъни, яратувчисиз) яралиб қолгандирлар?! Ёки улар ўзлари яратувчимиканлар-а?! Балки осмонлар ва ерни ҳам улар яратгандирлар?! Йўқ, улар ишонмаслар!»  (Ат-тур: 35, 36).

Бутун олам ҳақида, энг олий мавжудотлардан тортиб энг қуйи махлуқотларгача, барчаси ҳақида мушоҳада этиб кўринг, уларнинг барчасини ўзининг яратувчиси, пайдо қилувчиси ва эгаси борлигига гувоҳлик бериб турганини топасиз. Оламнинг яратувчиси борлигини ақлга сиғдира олмаслик айни ақлсизликдир. Негаки, ҳар қандай соғлом ақл бу оламнинг яратувчиси борлигини тасдиқлайди. Динсиз коммунистларнинг бугунда яратувчининг мавжудлигини сурбетларча инкор қилишлари, аслида, ҳақни тан олишга бўйинлари ёр бермагани ҳамда соғ ақл ва соғлом фикр самараларидан юз ўгиришгани учунгинадир. Ким ўзини шундай ўринга туширса, ақлини йўқотибди ва ўзини одамларнинг кулгисига қўйибди. Шоир айтганидек:

Воажаб, Илоҳга осийлик нечун?!
Кофир Уни қандай қиладир инкор?!
Ахир оламдаги ҳар бир нарсада
Биру борлигига аломат бисёр!

Изоҳ қолдиринг