Закот: Ҳавл асносида қўшилган мол-мулклар закоти

0

Ҳавл асносида қўшилган мол-мулклар закоти

Олдин айтиб ўтганимиздек, мол-мулк нисобга етмагунча ундан закот бериш вожиб бўлмайди. Шунингдек, чорва моллари, тилла ва кумуш ҳамда тижорат молларидан закот вожиб бўлиши учун бу мол-мулклар нисобга етган вақтдан бошлаб бир йил ўтиши лозим.

Бинобарин, бировнинг нисобга етмаган мол-мулклари бўлса, ундан закот чиқариши вожиб эмас. Агар мавжуд мол-мулклар кўпайиб, нисобга етса, нисобга етган вақтдан ҳавл ҳисоби бошланади. Орадан роппа-роса бир йўл ўтиб, мол-мулк нисобдан камаймаган бўлса, ундан закот чиқариш вожиб бўлади.

Бир кишининг нисобга етган мол-мулки бўлса-ю, ҳавл асносида қўшимча мол-мулк қўлга киритса, қўшимча моллар ҳисоби қандай бўлади?

Уламолар ҳавл асносида қўлга киритилган мол-мулклардан бериладиган закот хусусида ихтилоф қилишган.

Биринчи фикр:

Бу фикр эгалари бундай молларни уч қисмга бўлишган[1]:

(1) Асл молнинг ўзидан кўпайган қўшимча мол-мулк:

Бунга ҳавл асносида тижорат молларидан келган даромад ва туғиш натижасида кўпайган чорва молларини мисол қилиш мумкин. Бундай мол-мулкларнинг ҳавл ҳисоби мавжуд асл мол-мулклар ҳавл ҳисоби билан бир хил бўлади, яъни улардан аслига қўшиб закот чиқарилади.

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: «(Бу хусусда уламолар ўртасида) хилоф борлигини билмаймиз».

Демак, инсон мазкур ҳолатда ҳавл (йил) охирида ўзида мавжуд моллар (яъни нисобга етган асл мол ва ҳавл асносида кўпайган мол)нинг барчасидан закот чиқаради.

(2) Асл мол жинсидан бўлмаган қўшимча мол-мулк:

Бундай мол-мулклар учун алоҳида нисоб ва ҳавл ҳисобланади. Бинобарин, бундай мол-мулклар нисобга етган бўлса, улар учун алоҳида ҳавл ҳисоблаш ва орадан бир йил ўтгач, улардан закот чиқариш вожиб бўлади. Акс ҳолда, улардан закот чиқарилмайди. Бу жумҳур уламолар фикридир.

Масалан, бировнинг нисобга етган тилласи бор. У тилла учун бошланган ҳавл асносида кумушга эга бўлди. Мазкур ҳолатда кумуш тиллага қўшиб ҳисобланмайди, чунки иккисининг жинси бошқа-бошқа. Агар қўлга киритилган кумуш нисобга етса, унга алоҳида ҳавл ҳисоблайди, агар нисобга етмаса, кумушдан закот бериши вожиб бўлмайди.

(3) Нисобга етган ва ҳавл ҳисоби бошланган мавжуд мол жинсидан бўлган, бироқ унинг ўзидан кўпаймаган, балки мустақил сабаб билан қўлга киритилган қўшимча мол-мулклар:

Масалан, бировнинг қирқта қўй-эчкиси бор. Уларга ҳавл ҳисоби бошланган. Шу орада яна юзта қўй сотиб олди ёки кимдир унга шунча қўй-эчки ҳадя қилди. Мазкур юзта қўй-эчки учун ҳавл айланмагунча (яъни бир йил ўтмагунча) закот вожиб бўлмайди. Бу ҳанбалий ва шофеийларнинг фикри. Бинобарин, у қирқта қўйнинг закотини йил охирида чиқаради. Сотиб олган ёки ҳадя қилинган юзта қўй-эчки учун алоҳида ҳавл ҳисоблайди ва ҳавл тўлганда улардан закот чиқаради.

Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг фикрича, мазкур қўшимча юзта қўй-эчки аввалги қирқтасига қўшиб юборилиб, қирқтасининг ҳавли тўлганда барчасидан закот чиқарилади.

Моликийлар тилла ва кумуш борасида шофеий ва ҳанбалийлар фикри билан, чорва моллари борасида эса ҳанафийлар билан бир хил фикр билдиришган.

Иккинчи фикр:

Бу фикр Ибн Ҳазм Зоҳирийга мансубдир. У бу борада қуйидаги тафсилотларни билдирган[2]:

(1) Агар бировнинг нисобга етган муайян мол-мулки бўлса, ҳавл асносида ўша мол жинсидан бўлган бошқа молларни қўлга киритса, бироқ қўшимча мол закот миқдорига таъсир қилмаса, айтайлик, қирқта қўйи бор бўлиб, ҳавл асносида юз йигирматага етса, у ҳолда қўшимча мол аввалгисига қўшиб, йил охирида барчасидан закот чиқаради.

(2) Агар ҳавл асносида қўлга киритилган мол-мулк закот миқдорига таъсир қиладиган, бироқ алоҳида ҳисобланса нисобга етмайдиган даражада бўлса, у ҳолда аввалги мол-мулкка ҳавл тўлиши билан фақат унинг ўзидан закот чиқариб, сўнг қўшимча мол-мулкни аввалгисига қўшиб, барчаси учун навбатдаги ҳавл ҳисобини бошлайди.

Масалан, бировнинг юз йигирмата қўй-эчкиси бор. Бу қўй-эчкиларга оид ҳавл асносида бир ёки ундан кўпроқ қўйга эга бўлди. Ёки бировнинг икки юз дирҳам кумуши бор-у, ҳавл асносида яна юз дирҳам қўлга киритди[3].

(3) Бировнинг нисобга етган мол-мулки бўлса-ю, сўнг ҳавл асносида нисобга етган бошқа мол-мулкка эга бўлса, у ҳолда ҳар икки молнинг ўзига тегишли ҳавл ҳисоби тўлганда закот чиқаради[4].

Борди-ю, мазкур ҳолатда аввалги мол ҳавл асносида нисобдан камайиб кетса, у ҳолда нисобга етган қўшимча молнинг ҳавл ҳисоби тўлгач ундан закот беради ва нисобдан камайган аввалги молни кейингисига қўшиб, барчаси учун навбатдаги ҳавл ҳисобини бошлайди. Аксинча, қўшимча мол нисобдан камайиб, аввалгиси камаймаган бўлса, у ҳолда аввалгининг ҳавл ҳисоби тўлиши билан закотини чиқаради ва унга қўшимча молни қўшиб, навбатдаги ҳавл ҳисобини бошлайди.

[1] Қаранг: «Ал-муғний» (2/626).
[2] Қаранг: «Ал-муҳалло» (6/106).
[3] Бинобарин, мазкур ҳолатда ҳавл тўлиши билан фақат икки юз дирҳамдан закот чиқариб, сўнг мавжуд уч юз дирҳам учун янги ҳавл ҳисобини бошлайди. Янги ҳавл ҳисоби тўлгач, уч юз дирҳамдан закот чиқаради.
[4] Масалан, юқоридаги мисолда ҳавл асносида юз эмас, икки юз дирҳамга эга бўлса, у ҳолда ҳар икки юз дирҳамнинг алоҳида ҳавл ҳисоби тўлганда закот чиқариши вожиб бўлади.

Изоҳ қолдиринг