Жазирама иссиқда пешин намозини кечиктириш ҳақидаги боб (1)

0

Юз тўққизинчи ҳадис

 

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عُمَرَ وَأَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنهم عَنْ رَسُولِ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – أَنَّهُ قَالَ: ((إذَا اشْتَدَّ الْحَرُّ فَأَبْرِدُوا بِالصَّلاةِ. فَإِنَّ شِدَّةَ الْحَرِّ مِنْ فَيْحِ جَهَنَّمَ)) .

Абдуллоҳ ибн Умар ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Агар ҳарорат кучайса, пешин намозини совутинглар. Зеро, жазирама иссиқ жаҳаннамнинг шиддатли алангасидандир[Бухорий: 533 ва Муслим: 615].

Шарҳ:

Ҳадисдаги “Зеро, жазирама иссиқ жаҳаннамнинг шиддатли алангасидандир”, деган сўздан туш пайтидаги иссиқ жаҳаннам ўтининг бир бўлаги эмас, балки унинг туридан экани назарда тутилган.

Намозда фикрни жамлаган ҳолда хушуъ билан туриш намознинг руҳи ва мағзи саналади. Шу боис шариатимиз ҳар бир бандани намозга киришаётганда ўй-хаёлини жамлаб, хушуъ билан туришга, намоздан чалғитадиган барча ишлардан йироқ бўлишга, фикрни жамлашга ёрдам берадиган барча воситаларни ишга солишга чақиради.

Жазирама иссиқда намоз ўқиш ортидан етадиган машаққат намозхонни хушуъдан машғул қилиб қўймаслиги учун доно шариатимиз жазирама иссиқ кунлари пешин намозини то офтоб тафти бироз босилгунга қадар кечиктиришни афзал қилиб қўйди. Қолаверса, шариатимизнинг бу ҳукми ортида намозхонларга енгиллик яратиш ётади. Негаки, ёз кунлари пешин намози дастлабки вақтида ўқилса, намозхонлар жазирама иссиқда намоз ўқишларига тўғри келган бўларди.

Доно шариатимиз мана шундай буюк ҳикматларни кўзлаб, пешин намозини аввалги вақтидан кечиктириб ўқишни жорий қилди. Бу ҳадис намозларни аввалги вақтида ўқиш афзаллиги ҳақида келган ҳадисларни хослайди. Яъни бошқа ҳадисларда Пайғамбаримиз намозларни аввалги вақтида ўқиш афзаллигини айтиб ўтганлар. Бу ҳукм умумий бўлиб, жазирама иссиқ бўлмаган кунларга тегишлидир. Аммо мазкур Абу Ҳурайранинг ҳадиси эса жазирама иссиқда ўқиладиган пешин намозига хосдир.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Жазирама исиқ кунлари пешин намозини то қуёш тафти босилиб, бироз совугунга қадар кечиктириш мустаҳаб. Уламолар фикрича, шариатимизда пешин намозини қай вақтгача кечиктириш мустаҳаблиги тайин қилинмаган. Санъоний роҳимаҳуллоҳ пешин намозини кечиктириш муддатини баён қилиб берувчи энг кучли далил имом Бухорий ва Муслим Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган қуйидаги ҳадис эканини айтган. Ҳадисда шундай дейилади: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга сафарда эдик. Шунда муаззин (пешин намози учун) азон айтмоқчи бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Пешинни совут” – дедилар. Бир мунча муддатдан сўнг муаззин яна азон айтмоқчи бўлди. У зот: “Пешинни совут– дедилар. Ҳаттоки соя тепаликларга баробар бўлди…”. Ушбу ҳадисда пешин намозини кечиктириш муддати деворларнинг сояси пайдо булгунга қадар экани айтилмоқда.

2 – Шариатимиз бу ҳукмни жорий қилишдан кўзлаган ҳикмат намозхонга қулайлик яратишдир. Бу намозхоннинг ўй-хаёлини жамлаши ва хотиржамлигига ёрдам беради.

3 – Маълумки, шариатимиздаги ҳар бир ҳукм ўзининг сабаб-иллатига боғлиқ бўлади. Яъни сабаб бор жойда ҳукм ҳам бўлади. Бинобарин, қачон кун жазирама иссиқ бўлса, пешин намозини кечиктириш афзал бўлади. Совуқ ўлкаларда бўлса, ушбу сабаб, яъни жазирама иссиқ бўлмагани учун намозни кечиктириш мустаҳаб бўлмайди.

4 – Ҳадиснинг зоҳиридан тушуниладики, жазирама иссиқда намозни кечиктиришдан кўзланган ҳукм умумий бўлиб, у масжидда жамоат бўлиб ўқийдиганларга ҳам, уйида ёлғиз ўзи ўқийдиганларга ҳам тегишлидир. Негаки, уларнинг барчалари бирдек иссиқдан озорланадилар.

5 – Киши намозни ундан чалғитувчи турли нарсалардан узоқда ўқиши мақсадга мувофиқдир.

Изоҳ қолдиринг