Умар розияллоҳу анҳу: Умар Форуқнинг баъзи хислатлари (2)

0

Зоҳидлиги

Умар розияллоҳу анҳу Қуръони Карим билан ҳамнафас ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга саҳоба ўлароқ ҳаёт кечириши асносида ва бу дунё ҳақидаги тафаккурларидан келиб чиқиб, дунёнинг синов ва имтиҳон ҳовлиси эканини ва унинг охират учун экинзор эканини яхши англаганди. Шунинг учун дунё уни ўз зеб-зийнатлари ва ялтир-юлтирлари билан маҳлиё эта олмади. У зоҳирида ҳам, ботинида ҳам ўзини Раббига тўла таслим этди, қалбида мустаҳкам ўрнашган ва бу дунёда чин маънода зоҳид бўлишига ёрдам берган қуйидаги ҳақиқатларни идрок этди:

а) Биз бандалар бу дунёда ғариблардек ё йўловчилардек эканимизга аниқ ишонч. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: “Дунёда ғарибдек ё йўловчидек бўл”[1].

б) Раббимиз наздида бу дунёнинг вазни ҳам, қиймати ҳам йўқ, фақатгина дунёда Аллоҳ учун тоат бўлган ишлар бундан мустасно. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Агар дунёнинг Аллоҳ наздида чивин (пашша) қанотича қадри бўлганда кофирга бир қултум сув ҳам бермаган бўларди”[2]. “Дунё ва ундаги барча нарса малъундир, фақат Аллоҳнинг зикри ва У яхши кўрган нарсалар, олим ва толиби илм бундан мустасно”[3].

в) Дунёнинг умри поёнига яқинлашиб қолган. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен қиёмат билан мана бундай ҳолда юборилдим”, деб кўрсаткич ва ўрта бармоқларини кўрсатганлар.[4]

г) Охират ҳаёти абадийдир ва у мангу қароргоҳдир. Фиръавн хонадонидан иймон келтирган киши айтганидек: “Эй қавмим, бу ҳаёти дунё фақат бир (арзимас) матодир. Албатта охиратгина (мангу) қароргоҳ бўлган диёрдир. Ким бирон ёмонлик қилса, унга фақат ўша (ёмонлиги) баробарида жазо берилгай. Эркакми, аёлми, ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхшилик қилса, ана ўшалар жаннатга дохил бўлгайлар (ва) у жойда уларга беҳисоб ризқ берилгай” [Ғофир: 39-40].

Ушбу ҳақиқатлар Умар розияллоҳу анҳунинг қалбидан мустаҳкам ўрин олган ва уни дунё матосига муҳаббат қўйишдан юксалтирган ва дунёга зоҳид қилганди. Унинг бу фоний дунё матоларидан нақадар юз ўгирганини кўрсатувчи бир неча мисолларни эътиборингизга ҳавола этамиз:

Абул Ашҳабдан ривоят қилинади: Умар розияллоҳу анҳу бир ахлатхона ёнидан ўтаётиб, бир оз тўхтаб қолди. Ҳамроҳлари ахлатхона ҳидидан озорлангандек эдилар. У деди: “Сизлар ҳарис бўладиган ва у учун йиғлайдиган дунёларингиз шудир”[5].

Солим ибн Абдуллоҳ айтади: Умар ибн Хаттоб шундай дерди: “Аллоҳга қасамки, бизнинг дунёдаги маишатларга парвойимиз йўқ. Истасак, биз учун қўзи гўштларидан лаззатли таом ҳозирлашлари, оппоқ сўлқилдоқ нон пиширишлари, мешда биз учун махсус шароб тайёрлашлари, сўнг биз уларни еб-ичиб, лаззатланишимиз мумкин. Бироқ биз ҳузур-ҳаловатларимизни охиратга олиб қўйишни истаймиз. Чунки биз Аллоҳ таолонинг: “Сизлар ўз ҳузур-ҳаловатларингизни ҳаёти дунёларингиздаёқ кетказдингиз ва улардан фойдаланиб бўлдингиз” [Аҳқоф: 20], деган сўзларини эшитганмиз”.

Абу Имрон ал-Жуваний айтади: Умар ибн Хаттоб деди: “Қасамки, биз энг лаззатли таомларни анча-мунча одамлардан кўра яхшироқ биламиз, лекин биз уларни шундай бир кунга қолдирамизки, “Уни кўрар кунингизда эмизаётган (оналар) эмизиб турган (боласини) унутар ва барча ҳомиладор (аёллар) ўз ҳомиласини ташлаб юборар, одамларни маст-аласт ҳолда кўрурсиз, ҳолбуки улар ўзлари маст эмаслар, лекин Аллоҳнинг азоби қаттиқдир” [Ҳаж: 2]”.

Умар розияллоҳу анҳу деди: “Бу дунё ишига боқиб кўрдимки, агар дунёни истасам охиратни, охиратни истасам дунёни йўқотар эканман. Модомики шундай экан, мен фонийни йўқотиб, боқийни қўлга киритишни истайман”[6].

Умар ибн Хаттоб халифалик пайтида одамларга хутба қилди. Ўшанда эгнидаги либосида 12та ямоқ бор эди[7]. Байтуллоҳни тавоф қилди, эгнидаги изорида 12та ямоқ бор эди, битта ямоғи қизил теридан эди.[8]

Бир жума куни одамлар олдига чиқиши кечикиб кетди. Сўнг чиқиб келиб, кечикканига узр айтиб: “Манави кийимим ювилаётган эди, бундан бошқа кийимим йўқ эди”, деди[9].

Абдуллоҳ ибн Омир ибн Рабеа айтади: Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан бирга Мадинадан Маккага ҳаж сафарига чиқиб, то қайтиб келгунича ёнида бўлдим. Сафари мобайнида у учун бирор марта ҳам ўтов ё чодир тикилмади, бирон тери ё матони дарахт шохларига ташлаб, ўшанинг соясида сояланар эди[10].

Ернинг машриқу мағрибига ҳукмдорлик қилган мўминлар амирининг ҳоли шундай эди. Оддий халқ қаторида яланг ерда ўтирар, остига ридосини тўшаб оларди. Бир марта қизи уммулмўминин Ҳафса розияллоҳу анҳо унинг олдига кирганида унинг ана шундай қашшоқ ҳаётини ва зоҳидлик ҳолини кўриб: “Аллоҳ хайру баракотлар ато этиб, кенг-мўл ризқлар бериб қўйди-ку, нега бунча ўзингизни қийнайсиз, сал тузукроқ егуликлар есангиз, яхшироқ кийимлар кийсангиз бўлмайдими?”, деди. Умар унга: “Ҳозир бу сўзларингни ўзингга қарши далил қиламан”, деди, сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаёт тарзларини, ўта камтар ва қашшоқ ҳаёт кечирганларини, Ҳафсанинг ўзи ҳам у зот билан бирга ўша ҳаётда яшаганини гапириб, буларни унга эслатди ва бу гаплардан Ҳафсанинг кўзлари ёшланди. Сўнг Умар деди: “Менинг икки соҳибим шу йўлда кетишди, мен қийин йўлни танлаган бўлсам, шу билан уларнинг ноз-неъматли ҳаётларига бориб қўшилишни умид қиламан”[11].

Дунё Умар розияллоҳу анҳу оёқлари остида ётарди, унинг даврида дунё мамлакатларидан кўплари фатҳ этилганди, мол-дунё ва бойликлар оқиб келарди. У буларнинг ҳеч бирига қиё боқмади, қалби асло дунёга мойил бўлмади. Балки унинг кўз қувончи фақат Аллоҳнинг динини азиз қилишда, мушрикларнинг шон-шавкатини синдиришда бўлди. Зуҳд Форуқ шахсиятидаги энг асосий қирралардан бири эди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу айтган эди: “Қасамки, Умар ибн Хаттоб биринчи бўлиб ҳижрат қилганлардан эмасди. Лекин мен унинг нима билан биздан афзал бўлганини билдим, у бизнинг дунёда зоҳидроғимиз эди”[12].

[1] Термизий, “Китобуз зуҳд” (2333), саҳиҳ ҳадис.
[2] Термизий, “Китобуз зуҳд” (2320).
[3] Термизий, “Китобуз зуҳд” (2322), ҳасан, ғариб ҳадис.
[4] Муслим, “Китобул фитан ва ашротус соъа” (132-135).
[5] Имом Аҳмад, “Зуҳд” (118).
[6] Ибн Жавзий, “Маноқибу Умар” (137-бет).
[7] Имом Аҳмад, “Зуҳд” (124).
[8] Ибн Саъд, “Табақот кубро” (3/328).
[9] “Маҳзуз савоб фий фазоил амирилмўминин умар ибн хаттоб” (2/566).
[10] Ибн Саъд, “Табақот кубро” (3/279).
[11] Имом Аҳмад, “Зуҳд” (125-бет).
[12] Ибн Абу Шайба, “Мусаннаф” (8/149). Ибн Асокир (52/244).

Изоҳ қолдиринг