Талоқ: «Ҳадм» масаласи

0

Талоққа тааллуқли масалалар

Биринчи масала: «ҳадм» масаласи

Ҳадм луғатда «бузилиш, вайрон бўлиш, қулаш» маъноларини англатади. Бир инсон хотинини бир ёки икки марта талоқ қилса, сўнг аёли бошқага турмушга чиқса, сўнг ундан талоқ қилиниб, яна биринчи эрига турмушга чиқса, биринчи эри уни яна уч бор талоқ қилиш ҳуқуқига эга бўладими ёки фақат олдинги уч бор талоқдан қолганигагина эга бўладими? Талоқ бобига оид мазкур масалага ҳадм масаласи дейилади.

Биз собиқ мақоламизда айтиб ўтган эдикки, агар эр аёлига охирги учинчи талоқни айтган бўлса, аёл иддаси тугаб бошқасига турмушга чиққан ва эри унга жинсий яқинлик қилгач, ундан ажралган, иддаси тугаб биринчи эрига қайтса, у ҳолда биринчи эр уни янгидан уч марта талоқ қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Бироқ мазкур ҳолатда биринчи эр аёлини уч бор эмас, балки бир ёки икки бор талоқ қилган бўлса, аёл бошқага турмушга чиқиб, сўнг яна биринчи эрига турмушга чиққанида эри фақат биринчи никоҳдан қолган талоқларга эга бўладими ёки худди юқоридагидек янгидан уч бор талоқ қилиш ҳуқуқига эга бўладими[1]?

Бу масаланинг жавоби қуйидагича:

А – агар иккинчи эр аёлга жинсий яқинлик қилмаган бўлса, у ҳолда у биринчи эрига олдингидан қолган талоқлар билан қайтади. Бинобарин, биринчи эр аёлини бир марта талоқ қилган бўлса, аёли қайтиб келгач, уни яна икки бор талоқ қилиши мумкин. Борди-ю, у аёлини икки марта талоқ қилган бўлса, иккинчи турмушида бор-йўғи бир бор талоқ қилиши мумкин. Уламолар бу хусусда ихтилоф қилишмаган.

Б – агар иккинчи эр аёлга жинсий яқинлик қилган бўлса, мазкур масала ҳукмида саҳобалар ва улардан кейинги уламолар икки хил фикр билдиришган:

  1. Бу ҳолатда ҳам аёл эрига олдингидан қолган талоқлар билан қайтади. Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг катта саҳобаларининг фикри».

Дарҳақиқат, бу фикр Умар, Али, Убай ибн Каъб, Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳумларнинг[2], ҳамда аҳли ҳадислар, шу жумладан, имом Аҳмад, имом Шофеий ва имом Моликларнинг фикридир.

  1. Бошқа бир гуруҳ уламоларнинг фикрича, мазкур ҳолатда аёл биринчи эрига олдинги талоқлари ювилган ҳолатда қайтади. Бинобарин, эри уни яна уч бор талоқ қилиш ҳуқуқини қўлга киритади. Бу фикр саҳобалардан Ибн Умар, Ибн Аббос, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумларнинг, шунингдек, ҳанафий мазҳаби уламоларининг фикридир[3].

Демак, бу ижтиҳодий масала бўлиб, уни узил-кесил ҳал қилувчи бирон ҳадис йўқ. Шундай бўлса-да, биринчи фикрни билдирган уламолар ичида хулафои рошидинлардан иккитаси (Умар ва Али розияллоҳу анҳумо) бор. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:  «Менинг суннатимга ва мендан кейинги хулафои рошидийнлар суннатига эргашинглар»[4], деганлар. Шунга биноан биринчи фикрни рожиҳ дейиш мақсадга мувофиқ бўлса керак, валлоҳу аълам.

[1] Қаранг: «Зодул маод» (5/279).
[2] «Мусаннафи Абдураззоқ» (11154 – 11158).
[3] «Мусаннафи Абдураззоқ» (11163 – 11166).
[4] Саҳиҳ: Абу Довуд (4607), Термизий (2676), Ибн Можа (44) ривояти. Ҳадисни Албоний «Саҳиҳул жомеъ»да (2549) саҳиҳ деган.

Изоҳ қолдиринг