Тавҳид ақидаси: Борлиқнинг Аллоҳга итоат ва таслим билан бўйсуниши

0

Бутун борлиқ – еру осмонлар, фалаклар, сайёралар, жонзотлар, дов-дарахтлар, тошу тупроқ, денгизу кўллар, малоикалар, инсу жин, барча-барчаси Аллоҳга бўйсунувчи, Унинг кавний амри фармонига (яъни борлиқ учун тузиб қўйган қонуниятига) итоат этувчидир. Аллоҳ таоло айтади:

«Ахир осмонлару ердаги барча жонзот истаса-истамаса Унга бўйсуниб турибди-ку!» (Оли Имрон: 83).

«Аксинча, еру осмонлардаги нарсалар у зотга тегишли, ҳаммаси унга бўйсунади» (Бақара: 116).

«Осмонлар ва ердаги барча жониворлар ва фаришталар ҳам кибр-ҳаво қилмаган ҳолларида ёлғиз Аллоҳга сажда қиладилар» (Наҳл: 49).

«(Эй Пайғамбар), сиз осмонлардаги ва ердаги бор жонзот, қуёш, ой, юлдузлар, тоғлар, дов-дарахтлар ва (барча) жониворлар ҳамда кўпдан-кўп инсонлар (ёлғиз) Аллоҳга сажда қилишини кўрмадингизми?» (Ҳаж: 18).

«Осмонлар ва ердаги барча жонзот ва уларнинг соялари хоҳ истасинлар, хоҳ истамасинлар, эртаю кеч фақат Аллоҳгагина сажда қиладилар бўйсунадилар» (Раъд: 15).

Бутун оламдаги барча мавжудот Аллоҳга бўйсунади, Унинг ҳукмига бош эгади, хоҳиш-иродаси ва амри фармонига мувофиқ ҳаракатланади, улардан ҳеч бири Унга бирон нарсада осийлик қилмайди, ҳар бири ўз вазифасини ўта аниқ тартиб-интизом билан адо этади, ўз яратувчисини ҳар қандай айбу нуқсон ва ожизликдан пок санайди. Аллоҳ таоло айтади: «Етти осмон, ер ва улардаги бор жонзот (Аллоҳни) поклар. Мавжуд бўлган барча нарса ҳамду сано айтиш билан У зотни поклар. Лекин сизлар (эй инсонлар), уларнинг тасбеҳ айтишларини — поклашларини англамассизлар» (Исро: 44).

Тилсизу тилли, жонсизу жонли мавжудотнинг бари Аллоҳга итоат қилади, Унинг кавний амри фармонига бўйсунади, барчаси ҳолат тили билан бўлсин, сўзловчи тил билан бўлсин, Аллоҳни барча айбу нуқсондан поклаб туради. Оқил инсон ушбу мавжудотлар ҳақида фикр юритгани сайин уларнинг ҳақ билан ва ҳақ учун яратилган эканини билаверади, уларнинг (маълум қонуниятга) бўйсундирилган эканини, улар ўз бошқарувчиларига асло қарши чиқмасликларини, барча-барчаси ўз фитратлари билан яратувчиларига иқрор эканини билиб бораверади.

Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади:

«Улар (барча мавжудотлар) бўйсунувчи, таслим бўлувчи, эгилувчи ва хокисорлик изҳор қилувчи бўлиб, бунинг бир қанча жиҳатлари бор. Жумладан:

Ўзларининг Унга муҳтож эканларини билишади;

Унинг улар устида жорий бўлаётган қадари ва истак-хоҳишларига бўйин эгишади;

Чорасиз қолган ҳолатларида Унга дуо-илтижо қилишади;

Мўмин Раббининг амрига, шунингдек, унинг тақдирига битган мусибатларига ихтиёрий равишда бўйсунади. Бундай ҳолларда у ўзига буюрилган сабр ва бошқа ишларни ўзи хоҳлаб қилади, у Аллоҳга ўз ихтиёри билан таслим бўлувчидир, ўзи истаб бўйин эгувчидир. Кофир эса Раббининг кавний амрига бўйсунади. Борлиқ ва коинотнинг сужудидан мурод уларнинг бўйин эгишларидир. Ҳар бир нарсанинг сужуди унинг ўзига хос ва ўзига муносиб кўринишда, Раббига бўйсунишини ифодалайдиган бир шаклда бўлади»[1].

Ҳар бир нарсанинг тасбеҳ айтиши мажозий эмас, балки ҳақиқат бўлиб, унинг ўзига хос шаклдадир.

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг: «Аллоҳнинг динидан ўзга дин истайдиларми?! Ахир осмонлару ердаги барча жонзот истаса-истамаса Унга бўйсуниб турибди-ку! Ўшалар ҳам фақат Унинг Ўзига қайтариладилар-ку!» (Оли Имрон: 8) ояти ҳақида сўз юритиб, шундай дейди:

«Аллоҳ субҳонаҳу бутун борлиқ истаса-истамаса Унга бўйсунишини хабар берди. Чунки барча махлуқотлар, хоҳ иқрор бўлсин, хоҳ инкор қилсин, Унга тўла-тўкис қулчилик қилиб турувчидир, Унга таслимдир, Унинг тадбири ила бошқарилувчидир, истаса ҳам, истамаса ҳам Унга бўйин эгувчидир. Ҳеч бир мавжудот Унинг истагидан, Унинг қазо ва қадаридан ташқарига чиқа олмагай. Бир ҳолдан бошқасига ўзгариш ҳам, куч-қувват ҳам фақат Унинг тарафидандир. У бутун оламнинг Рабби ва подшоҳидир, оламда Ўзи истаганидек тасарруф қилади. У барча мавжудотнинг яратувчиси, йўқдан бор қилувчиси ва ҳар бирига ўзига хос сурату шакл берувчи Зотдир. Ундан бошқалар ҳаммаси яратилгандир, парвариш қилинувчидир, фақирдир, муҳтождир, заифдир, бандадир. Ёлғиз У субҳонаҳу ва таоло қудратлидир, яратувчидир, бор қилувчидир, пайдо қилувчидир»[2].

Қуръоннинг Аллоҳнинг яратиш, ризқ бериш ва бошқа ишларда ягоналигини исботлашдаги манҳажи

Қуръоннинг яратувчининг борлиги ва бирлигини исботлашдаги манҳажи-йўли тўғри фитрат ва соғлом ақллар билан ҳамоҳанг манҳаж бўлиб, ақллар қаноатланадиган ва рақиблар таслим бўладиган саҳиҳ далил-ҳужжатларга қурилгандир. Қуйида улардан айримларини кўриб чиқамиз:

  1. Ҳар бир янги пайдо бўлган нарсанинг албатта бир пайдо қилувчиси борлиги исбот талаб қилмас ҳақиқатдир.

Бу эса фитрат билан билинадиган, ҳатто ёш болаларга ҳам маълум бўлган бирламчи масаладир. Чунки биров бир ёш боланинг орқасидан келиб, ўзини кўрсатмасдан бир шапалоқ урса, у дарҳол: «Ким урди?» деб сўрайди. Агар унга: «Сени ҳеч ким ургани йўқ» дейилса, табиийки у бунга ишонмайди ва унга тушган зарба ўз-ўзидан бўлиб қолганини ақли қабул қилмайди. Агар: «Сени фалончи урди» дейилса, у дод солиб, то урган одамдан аламини олмагунича қўймайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло айтадики: «Бал­ки улар ҳеч нарсадан (яъни, Яратувчисиз) яралиб қолгандирлар?! Ёки улар ўзлари яратувчимиканлар-а?!» (Ат-тур: 35). Бу нарсалар бирламчи, яъни ҳеч ким билмай қолиши ва инкор қилиши мумкин бўлмаган маълумот эканини баён қилиш учун ояти карима истифҳоми инкорий (инкор маъносига далолат қилувчи сўроқ) шаклида келди: «Бал­ки улар ҳеч нарсадан (яъни, Яратувчисиз) яралиб қолгандирлар?! Ёки улар ўзларини ўзлари яратдиларми?!» Ҳар иккиси ҳам ботил. Демак, уларни яратган бир яратувчи борлиги маълум бўлади, у эса Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодир, Ундан ўзга яратувчи йўқдир. Аллоҳ таоло айтади:

«Булар Аллоҳ яратган нарсалардир. Энди сизлар Менга Ундан ўзга «худолар» нималарни яратганини кўрсатинглар-чи!» (Луқмон: 11).

«Сизлар Аллоҳни қўйиб дуо-илтижо қилаётган (бутларингиз) ҳақида хабар беринглар, Менга кўрсатинглар-чи, улар Ердан нимани яратганлар?!» (Аҳқоф: 4).

«Ё улар Аллоҳ яратгани каби ярата оладиган бутларни У зотга шерик қилишиб олиб, сўнгра уларга яратилган нарсалар (Аллоҳ яратганми ёки сиғинаётган бутлари яратганми) номаълум бўлиб қолдими? Айтинг: «Аллоҳ барча нарсани яратувчидир ва У танҳо ғолибдир» (Раъд: 16).

«Аниқки, сизлар Аллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутлар агар барчалари бирлашганларида ҳам бир чивин ярата олмаслар» (Ҳаж: 73).

«(Мушрикларнинг) Аллоҳни қўйиб, илтижо қилаётган бутлари бирон нарсани яратувчи эмасдир, балки ўзлари яралувчидирлар» (Наҳл: 20).

«(Эй мушриклар), ахир (барча мавжудотни) яратувчи зот Аллоҳ билан (ҳеч нарса) ярата олмайдиган (бутларингиз) баробарми?! Ўйламайсизларми?!» (Наҳл: 17).

Шу қадар кўп ва такрор-такрор чақириқларга қарамай, бирон киши бирор нарсани яратганини даъво қилолмади, буни исботлаш у ёқда турсин, қуруқ даъво қилишга ҳам журъат қилмади. Бу билан Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ягона яратувчи зот экани ва Унинг ҳеч қандай шериги йўқлиги маълум бўлди.

  1. Бутун оламнинг иши ўта аниқ низом ва ғоят пухталик билан юриб тургани ҳам унинг яратувчиси ягона илоҳ ва ҳеч қандай шериксиз танҳо Раб эканига энг кучли далилдир.

Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ фарзанд тутмагандир ва У зот билан бирга бирон илоҳ бўлган эмасдир. Акс ҳолда, албатта ҳар бир илоҳ ўзи яратган нарса билан кетиб, бир-бирларидан устун бўлиб олур эдилар» (Муъминун: 91).

Ҳақиқий илоҳ яратувчи ва фаолият кўрсатувчи бўлмоғи зарур. Агар Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло билан бирга Унинг мулкига шерик бўлган бошқа бир илоҳ ҳам бўлсайди, у ҳолда унинг ҳам яратиш ва бошқа фаолиятлари бўларди ва табиийки бошқа бир илоҳнинг ўзига шерик бўлишига рози бўлмасди, агар шеригини енгишга ва подшоҳлигу илоҳликни ёлғиз ўзи қўлда тутишга қодир бўлса, албатта шундай қилган бўларди. Агар бундай қилиш қўлидан келмаса, унда худди дунёдаги подшоҳлар ҳар бири ўзининг хос мулки ва салтанатига эга бўлгани каби у илоҳ ҳам ўзининг мулки ва яралмишлардан бўлган улушини ажратиб олиб, уни мустақил бошқаришга ўтган ва натижада бўлиниш юзага келган бўларди. Демак, қуйидаги уч ишдан бири бўлишидан бошқа чора йўқ:

 а) Улардан бири иккинчисини ўзига бўйсундиради ва подшоҳликка танҳо эга чиқади;

б) Ҳар бири ўзи яратган халқини ва ўз мулкини ажратиб, мустақил бошқаришга ўтади ва ўртада бўлиниш юзага келади;

в) Ҳар иккиси ҳам уларга буйруғи ўтадиган ва ўзи истаганидек тасарруф қилишга қодир бўлган ягона бир қудратли подшоҳнинг қўл остида бўлади. Ўша подшоҳ ҳақ илоҳ, улар эса унинг қуллари бўлади.

Воқелик ҳам шу ўзи. Модомики, оламда бўлиниш ва парчаланиш юзага келмаган экан, бу нарса унинг ишларини бошқариб турувчи зот ягоналигига, унинг рақобатчиси ва шерикликка даъвогари йўқлигига, оламнинг эгаси ягона ва шериксиз эканига далилдир.

  1. Барча махлуқотларни ўз вазифаларини бажариш ва ўз хусусиятларини адо этишга бўйсундирилгани

Борлиқдаги ҳеч бир махлуқот ўзига юкланган вазифани адо этишдан бош тортмайди. Мусо алайҳиссалом Фиръавн билан сўзлашувда айни шу ҳақиқатни далил қилиб келтиради. Фиръавн ундан: «Сизларнинг Раббингиз ким, эй Мусо?», деб сўраганида Мусо қониқарли ва етарли жавоб бериб деди: «Раббимиз барча нарсага ўз хилқатини – шаклини ато этиб, сўнгра (уни) тўғри йўлга солиб қўйган зотдир» (Тоҳа: 49, 50). Яъни, Раббимиз барча махлуқотни яратган ва ҳар бир мавжудотга ўзига мос ва муносиб бўй-баст ва сифатларни ато этган, сўнг ҳар бирини нима мақсадда ва қандай вазифа учун яратган бўлса, ўша нарсага йўллаб қўйган зотдир. Бу йўллаши далолат қилиш ва илҳомлантириш ҳидояти бўлиб, у барча махлуқотларда кўриб турилган умумий ҳидоятдир. Бинобарин, ҳар бир мавжудотни кўрасизки, ўзининг манфаати учун яратилган нарсаларга интилиб, ўзига зарарли бўлган нарсалардан узоқлашишга ҳаракат қилади. Аллоҳ таоло ҳатто тилсиз-ақлсиз ҳайвонга ҳам ўзига фойдали нарсани қилишига, зарарли нарсадан қочишига ва ҳаётдаги вазифасини адо этишига имкон берадиган идрокни бериб қўйган. Аллоҳ таоло айтганидек: «У барча нарсани чиройли қилиб яратган зотдир» (Сажда: 7).

 Жамики махлуқотларни яратиб, уларга ақлларни лол қилувчи шаклу суратлар ато этиб қўйган зот ҳақиқий Рабдир, Уни инкор қилиш борлиқдаги энг улкан ҳақиқатни инкор қилиш ва ҳақни била туриб, тан олишга бўйин ёр бермасликдир. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло халқларга улар дунёда муҳтож бўладиган барча нарсани ато этди, сўнг уларни бу нарсалардан фойдаланиш йўлига йўллаб қўйди. Шубҳасиз, У ҳар бир турга мансуб мавжудотга ўзига мос ва муносиб шаклу шамойил ва сурат берди, ҳар эркагу аёлга ўз жинсига муносиб қадди-қомат ва кўриниш ато этди, ҳар бир аъзога ўз вазифасига яроқли шакл ва қобилият берди. Шуларнинг барчасида У субҳонаҳу ва таоло бутун мавжудотнинг Рабби эканига ва фақат Унинг ўзигина ибодатга сазовор зот эканига қатъий далил-ҳужжатлар бордир.

Ҳар нарсада бордир оят-аломат
Биру борлигига қилмиш далолат.

Шубҳасиз, Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг рубубиятини, яъни халқларни парвариш қилувчиси эканини ва буни ёлғиз ўзи амалга оширишини исботлашдан мақсад – шу билан ибодатга ҳам Унинг ёлғиз ўзи, ҳеч бир шериксиз лойиқ зот эканига, яъни улуҳият тавҳидига далил олишдир. Агар инсон рубубият тавҳидига иқрор бўлса-ю, улуҳият тавҳидига иқрор бўлмаса, ёки уни лойиқ даражада ўрнига қўймаса, у мусулмон ҳам, муваҳҳид (тавҳид аҳли) ҳам саналмайди. Балки, уни кофир ва динсиз дейилади. Иншооллоҳ, келгуси бўлимда шу ҳақда сўз юритамиз.

[1] “Мажмуул фатово” (1/45).
[2] “Мажмуул фатово” (10/200).

Изоҳ қолдиринг